Прокурор "Жаслиқ"дан озодликка чиқиши керак бўлган маҳкумга яна 5 йил сўради
84 ёшли Қумрихон ая ўғлига яна муддат қўшмасликни сўраб Мирзиёевга мурожаат қилганди Қўнғирот шаҳар прокурори Давлат Элмуродов 23 апрел куни Жаслиқдан озодликка чиқиши керак бўлган Саидаҳрор Атаходжаевга 5 йилу 1 кун қамоқ жазоси сўради. Адвокат Дилшод Жаббаров ҳимоясидаги шахсга қўйилаётган айблар ўз исботини топмагани ва далиллар келтирилмагани учун уни озод қилишни сўраган. Мўйноқ тумани судьяси Темирнияз Абиниязов суд 12 июнь, сешанба куни ҳукм чиқаришини маълум қилган. "Прокурорнинг чиқишидан сўнг йиғлаб юборишимга оз қолди. Қилмаган айби учун яна беш йил сўраяпти. Бугун суд залидан озод бўлишини кутган эдик. Энди адвокатимизни сешанба куни Тошкентдан Қорақалпоғистонга олиб келиш учун пулни қаердан топаман, деб бошим қотаяпти", дейди унинг турмуш ўртоғи. Диний айбловлар билан 18 йил қамоқда ўтирган Саидаҳрор Атаходжаевга 22 апрель куни Жиноят кодексининг 221-моддаси бўйича жиноий иш очилганди. Прокуратура уни жазони ижро этиш муассасасида мунтазам тартибни бузган, деб ҳисобламоқда. Давлат Элмуродов 18 йил қамоқда ўтирган Атаходжаевга қонунчиликда белгиланган максимал жазони сўраган. Ўзгартиришлар киритилишидан олдин ушбу модда бўйича 3 йил ўтириш мумкин эди. Мирзиёев даврида ҳам қамоқ муддатига қўшиб беришлар давом этадими? Онаизорнинг Мирзиёевга мурожаатидан сўнг диндор маҳкумнинг муддати узайтирилмайдими? "Тошкент ГУВДси энди акамга 10 йил олдинги туҳматни илмоқчи" Айблов хулосасида Атаходжаев тартибни бузгани учун карцерга ташлангани айтилган. Бироқ адвокатнинг карцерга олиб кетилганда ва чиққанда қамоқхона видео камераларига тушган тасвирларни судга тақдим қилиш ҳамда маҳкумнинг камерадошлари гувоҳликка чақирилиши ҳақидаги илтимосномаси судья Темирнияз Абниязов томонидан рад этилган. Ёлғиз боши билан уч фарзандни катта қилаётган Гулчеҳра Атаходжаева оиласи молиявий ҳолатдан яхши эмаслигини айтади. "Адвокатнинг фақат Мўйноққа келиб кетиши ва бир кеча меҳмонхонада ётиши учун 1 миллион 600 минг сарфладим. Икки марта келиб кетди. Ўзим пул йўқлигидан ўғлим билан 15 соат юриб таксида келдик", дейди у. Боласини кутиб кўзлари ожиз бўлиб қолган 84 ёшли Қумрихон Атаходжаева Президент Шавкат Мирзиёевга қамоқ муддатини ўтаб бўлган ўғлига яна муддат қўшиб бермасликни сўраб мурожаат қилган эди. Ўтказиб юборингYoutube пост муаллиф BBC Uzbek Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин Охири Youtube пост муаллиф BBC Uzbek BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
|