Душанбеда "Жамоати Таблиғ" айблови билан йирик маҳкама
Ўринбой Усмон Би-би-си, Тожикистон Тожикистон пойтахтининг муваққат ҳибсхонасида
"Жамоати Таблиғ" гуруҳига аъзоликда айбланаётган 56 киши устидан
маҳкама бошланган.
Маҳкамага тортилганларга нисбатан ноқонуний экстремистик гуруҳларга аъзо бўлиш каби айблар қўйилган.
Бу Тожикистонда "Жамоати таблиғ»га мансубликда кўрилган кишиларга нисбатан ўтказилаётган биринчи маҳкама эмас. Жорий йил август
ойида мазкур гуруҳ аъзолари дея кўрилган 4 киши 3 йилдан 6 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилганди.
Маҳкама ёпиқ тарзда, Душанбе шаҳридаги муваққат ҳибсхоналардан бири биносида ўтказилмоқда.
Маҳкамага 56 киши тортилган, лекин улар билан бирга яна бошқа кишилар ҳам қўлга олинганди.
Тожикистон
Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров жорий йил апрел ойида Душанбе
шаҳридаги "Гулистон" маҳалласидаги масжидда 124 киши "Жамоати таблиғ"га
мансубликда гумон қилиниб, қўлга олингани, лекин улардан бир қисми
кейинроқ озод этилганини айтганди.
Маҳкамага тортилганлар орасида ёш йигитлардан тортиб, ўрта ёшли ва ундан каттароқ кишиларгача бор бўлиб, улар Тожикистоннинг
турли минтақаларидан.
Август ойида озодликдан маҳрум этилганлар ўзлари аъзо бўлган гуруҳнинг Тожикистонда тақиқланганидан хабарлари йўқлигини ва
экстремизм билан асло шуғулланмаганликларини айтишганди.
Ҳуқуқ-тартибот мулозимларига кўра, "Жамоати таблиғ" мансублари масжидларни, маслаҳат жойларини алмаштиришлари, яширинча иш
юритишлари уларнинг ўзлари мансуб гуруҳнинг асл мақсади қандайлигидан хабарлари борлигини кўрсатади.
Расмийлар "Жамоати таблиғ" аъзоларининг Тожикистон қонунларини бузган ҳолда жамоат жойларида ўз ғояларини ташвиқ қилишганини
таъкидлашган.
Кузатувчиларга кўра, Тожикистонда "Жамоати таблиғ" тарафдорлари оз эмас.
Жорий йил июл ойида Хатлон вилоятида бу гуруҳга мансубликда гумон этилган 46 киши қўлга олинган.
Тожикистон
ҳуқуқ-тартибот мақомотлари "Жамоати таблиғ"нинг маркази Ҳиндистонда
эканлиги, бу гуруҳнинг ниҳоий мақсади бутун дунёни исломий этиш бўлиб,
Покистон, Ҳиндистон ва Индонезияда таҳсил кўриб қайтган тожикистонлик
ёшлар "Жамоати таблиғ" ғояларини ўз мамлакатларида
тарқатаётганликларини ва тез орада атрофларига бошқа ёшларни
тўплашганини айтишади.
"Жамоати таблиғ" аъзолари яқинларининг айтишларича эса уларнинг фарзандлари ё ака-укалари одамларни ҳақ йўлга бошлашдан ўзга
ҳеч қандай бошқа мақсадни кўзлашмаган.
Айни бир пайтда тожикистонлик кузатувчилар мамлакатда 2009 йилнинг Имоми Аъзам йили деб эълон қилиниши салафийлик, "Жамоати
таблиғ" каби оқим ва гуруҳларнинг мамлакатда янада кенг ёйилиши олдини олиш учун қаратилганини урғулашади.
|