Олис рус элида ўлган ўзбеклар
Улар имдод сўрар, улар хун сўрар, Улар “Қасос” деган ўтли ун сўрар, Қотилларга кунмас, фақат тун сўрар, Олис рус элида ўлган ўзбеклар…
Сочилган ҳар томчи қонидир увол, Бўғзида узилган жонидир увол, Ҳаёт деган сўнгги онидир увол, Олис рус элида ўлган ўзбеклар…
Оналар кўзига чўкиб қолган гард, Оталар кўксига ботган оғир дард, Ўлимдан қўрқмаган ҳақиқий жўмард, Олис рус элида ўлган ўзбеклар.
Ортида қолгани - болалар, туллар, Сарғайиб тўкилган заъфарон гуллар, Ватанидан айро кишансиз қуллар- Олис рус элида ўлган ўзбеклар…
Бу малъун тузумнинг разолатидир, Мустабид золимнинг касофатидир, Сабрли халқимнинг матонатидир, Олис рус элида ўлган ўзбеклар.
Просмотров: 1239 |
Добавил: himoyachi |
Дата: 09-07-06
|