Ўзбекистон болалари
Яйловларда сон-саноқсиз қўй, мол, пода галалари, Кўклам ерга донни сочса, кузда сиғмас ғаллалари, Чўпни суқса мева берар, ўзбек ери-далалари, Жаннатмакон диёр асли пишиқчилик паллалари, Қорни тўймай мактаб томон борар нонда хаёллари, Келажакни мадхин куйлаб Ўзбекистон болалари.
Қонун ишлаб чиқаришда рекордлардан ўзади, Ўзига хос йўлдан бориб сиёсат юргазади, Минбарларга чиқиб тез-тез олий режа тузади, Янги уйни қургач албат, эскисини бузади. Ахди қаттиқ собит қадам, соғлом авлод дадалари, Нега мажрух туғилади, Ўзбекистон болалари!
Мехнат қилиб захмат чекар, тупроқ кечиб, кечар лой, Иш хақини кутар ҳамон, ўтар кеча-кундуз,ой, Яшамоқни хохлар яхши, улар ҳам бир бўлиб бой, Тушларида ичиб чиқар, тўйиб-тўйиб ширин чой. Қулоғига кирмас хатто онасининг аллалари, Уйқуда ҳам тамшанади, Ўзбекистон болалари!
Отчёт олар колхозчилар,тезроқ план тўлсайди, Бирон марта ёғлик овқат билан қорин тўйсайди, Қорин тўйсак ўнгил яна нималарни тусайди, Келажаги буюк бўлган ўшал кунни қўмсайди. Билим эмас овқат тўла, айқаш-уйқаш каллалари, Уйда нони бўлса бахтли, Ўзбекистон болалари!
Домла кетди мактаблардан, маош етмай қорин учун, Олимларни азиз боши ишлар фақат қорин учун, Қиз-жувонлар ор-номусин сотишмоқда қорин учун, Кўча тўла ишсиз одам, юрар сарсон қорин учун. Қорин учун сотар хатто ўз туққанин оналари, Ейиш учун яшар фақат Ўзбекистон болалари!
Ота ишсиз мижоз излар мардикорлик қилмоққа, Она ўзи емай хохлар боласин тўйдирмоққа, Гўдаклари полапондай оғзин очар емоққа, Навбат йўқдир кийимининг йиртиғига ямоққа. Дадалари топиб келса, пиширмоққа оналари, Қозон осса байрам қилар Ўзбекистон болалари!
Оилани режа қилар, махфий буйруқ шошмасдан, Туғилишни қисқартирар, режасидан ошмасдан, Аёлларни бичар мажбур, яратгандан қўрқмасдан, Минглаб гўдак аборт бўлар, дунё юзин кўрмасдан. Бу хукмга фатво берган юртни катта пешволари, Туғилмасдан гўрга борар Ўзбекистон болалари!
Бир бутун халқ ҳам жангари, ҳам нашаванд бўлди-ку, Юртни қамоқ хоналари махбусларга тўлди-ку, Қанча гулдек оилалар, хазон бўлиб сўлди-ку, Неча минглаб фарзандлари тирик етим бўлди-ку. Боқувчисин тортиб олди ёзилмаган фармонлари, Айб қилмай жазо олур, Ўзбекистон болалари!
Ҳар кун неча аламзада ўт қўймоқда ўзига, Жондан тўйган қанча арқон солмоқдадур бўйнига, Қанча ўзин сувга ташлар, тош тўлдириб қўйнига, Исён қилиб нуқта қўймиш, ўлим тақдир ўйинига. Бўғизида портлаб тинар, чиқолмасдан нолалари, Бу аламни идрок қилмас Ўзбекистон болалари!
Чернобль фожесидан Украин аламзада, Атом бомба портлаб хануз, япон халқи азада, Титаник халокатидан, дунё халқи ларзада, Асрларки ўзбек халқи юрар доим ғам, зада, Минг Титаник ахволидан баттарроқ фожелари, Бу азобга елкадошдир, Ўзбекистон болалари!
Диктатура давом этар қачонгача, муддат йўқ, БМТ да ўзбек дардин эшитмоққа фурсат йўқ, Матбуотда хакикатни ёзмоқликка журъат йўқ, Дунё ахли биз томонга нечун Сизда химмат йўқ, Қайдасиз халқлар аро, хуқуқ намоёндолари, Сиздан нажот кутди эссиз, Ўзбекистон болалари!
НУР Андижоний
|