“Истеъфо”га муносабат
“Янги Дунё” саволларига таниқли мухолифат фаоли, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти
вице президенти Толиб Ёқубов жавоблари:
Юсуф Расул: - Исмоил Дадажоновнинг ўз вазифасидан истеъфо бериши сизнингча
демократия учун ташланган қадам бўлдими ёки аксинча, бу ҳаракат “Бирлик” раҳбариятига
қарши бир исёнми?
Толиб Ёқубов: Сиёсатчининг ҳам, ҳуқуқбоннинг ҳам, журналистнинг ҳам демократия ва
бошқа ғояларга муносабати, ўзи танлаган ғояни нақадар изчиллик, адолатли ва виждонан
илгари сураётгани ва уни амалга ошириш йўлида ҳаракат қилаётганлиги кўп жиҳатдан унинг
шахсига боғлиқ. Мамлакатда эркинлик, халқ фаровонлиги, иқтисодий ривожланиш (ва ҳ.)
таъминланиши учун асосий шарт - давлат раҳбарининг НИЯТИ ПОК бўлиши бўлса, бу
жиҳат мухолифат сиёсий ташкилотлар раҳбарларига ҳам тенг даражада тегишлидир.
Мен 2002 йил 19 майгача Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати (ЎБХҲ) аъзоси бўлганман,
бошқа сиёсий партия ва ҳаракатларга эса алоқам бўлмаган. Шу сабабли мен фақат ЎБХҲ
ҳақида гапирмоқчиман, холос.
ЎБХҲнинг раисдошларидан бири Абдураҳим Пўлатов, гарчи ўзини буюк сиёсатчи сифатида
кўрсатишга ҳаракат қилса-да, у 1990 йил апрелида «Эрк» Демократик партияси тузилганга
қадар ЎБХҲ ичида сиёсий партия ташкил этишга қарши бўлиб келди. Ҳатто «Бирлик»
партияси тузилгандан кейин ҳам уни давлат рўйхатидан ўтишига қарши бўлган – буни Бек
ака Тошмуҳаммедов, Пўлатжон Охунов ва ўша пайтда Адлия вазири бўлган Муҳаммадбобур
Маликов тасдиқлашлари мумкин. Мазкур масалада у Бек ака ва Пўлатжоннинг акс фикрини
эшитгиси ҳам келмаган, яъни А.Пўлатов демократиянинг асосий тамойилларидан бири –
плюрализм (кўпфикрлилик) тамойилига амал қилмаган.
Унинг ўзгалар фикрига чидамсизлиги, манманлиги, ўзига юқори баҳо бериши, юксак савияли
ва билимли ҳар қандай шахсга ўзига конкурент одам сифатида қараши 1989 йил ва 90-чи
йиллар бошида кўплаб муносиб одамларнинг ЎБХҲдан чиқиб кетишига ёки шундай
одамларнинг ташкилотга кирмаслигига олиб келди. Бу эса ўз навбатида ЎБХҲда сиёсат,
иқтисод ва бошқа йўналишларда юксак интеллектуал гурух шаклланишига, яъни ташкилотни
бошқара оладиган раҳбарлар гурухи етишиб чиқишига тўсқинлик қилди. Бундай одамни
демократ дейишга, демократия учун курашмоқда, деб ҳисоблашга, табиий, тил бормайди.
Ташкилот демократик тамойилларга асосан ишлаши, ўз Низоми ва Программасини изчиллик билан амалга ошириши учун:
(а) мамлакатда демократик эркинликларнинг ҳеч бўлмаганда
минимал даражаси мавжудлиги;
(б) ташкилотда раҳбарликни бемалол уддалай оладиган
шахсларнинг етарлича катта гурухи шаклланганлиги;
(в) сайланаётган раҳбарларнинг нияти
пок бўлиши зарурдир. Бу шартларнинг
биринчиси бажарилмаса:
i) сиёсий ҳаракат бора-бора радикал позицияга ўтиши; ёки
ii) ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмаслиги мумкин [мас., ҳозирги кунда сиёсий партия
ва ҳаракатлар уёқда турсин, ҳатто ҳуқуқбонлик ва бошқа ташкилотлар ҳам ўз йиғилишлари,
қурултойлари ва бошқа тадбирларини ўтказа олмаяптилар (ҳукуматдан мустақиллари)].
Иккинчи ва учинчиси бажарилмаса:
i) ташкилот яккаҳокимлик бошқарувига маҳкум бўлиши; ёки
ii) ташкилотда носоғлом муҳит шаклланиши ва охир-оқибат бу муҳит ташкилотни емириши
мумкин.
Бу шартларнинг биринчиси [яъни, (а)] Ўзбекистонда ҳеч қачон бўлмаган. Бошқача айтганда,
сиёсий мухолиф партия ва ҳаракатлар, ҳуқуқбонлик ташкилотлари, мустақил нашр,
телевидение ва журналистлар, Юсуф Жума ва Мамадали Маҳмудов каби ҳурфикрли шоир ва
ёзувчилар мустақилликнинг барча йилларида “уруш ҳолати” вазиятида фаолият юргизиб
келишди. Бундай шароитда демократик ташкилотларнинг демократик тамойиллар асосида
[Низом ва Дастурларини амалга ошириш, ўз вақтида йиғилишлари, қурултойлари ва бошқа
тадбирларини ўтказиш, раҳбар алмаштириш ва ҳ.] фаолият олиб боришининг эҳтимоли 0
(ноль)га яқин бўлади. Шу нуқтаи-назардан, мен ЎИҲЖ президенти Абдужалил
Бойматовнинг фикрларига қўшилмайман. У демократик тамойилларни ҳимоя қилган ҳолда
И.Каримов, А.Пўлатов ва М.Солиҳни бир мавқеига қўяди, яъни бутун ҳокимиятни ўз қўлида
ушлаб турган И.Каримов билан сиёсий фаолият уёқда турсин, ҳатто ўз қурултойларини
ўтказа олмаётган “Бирлик” ва “Эрк” партиялари раҳбарларини таққослайди. Бу – нотўғри
позиция! Ҳақиқат нимада?
ЎБХҲ партияси хусусида шуни айтиш мумкин-ки, юқорида айтилган иккинчи [a] ва учинчи
[б] зарурий шартлар аксарият ҳолларда А.Пўлатовнинг «ғайрати» билан ЎБХҲда
шаклланмаган. Балки адашаётгандирман, бироқ ҳозирги пайтда «ЎБХҲ» партиясида уни
бошқара оладиган Пўлат Охуновдан бошқа шахсни мен кўрмаяпман. Бу муносиб шахс нега
шу пайтга қадар ҳамма жиҳатдан инқирозга учраган А.Пўлатовни қўллаб-қувватлаб
келаётгани менга тушунарсиз.
Исмоил Дадажоновнинг истеъфоси таҳсинга сазовор, бироқ сенсация даражасидаги воқелик
эмас. ЎБХҲ ёки ЎБХҲ партиясида раҳбарликни етарли савияда олиб борадиган шахсларнинг
салмоқди гурухи мавжуд бўлганда эди, Исмоил Дадажоновнинг истеъфоси оддий бир
воқелик сифатида қаралар эди. Бироқ А.Пўлатов ўша шиддатли 1989-92 йилларда
раҳбарликни уддалай оладиган бирликчилардан деярли қутулиб бўлган ёки шундай
одамларни ЎБХҲга яқинлаштирмаган.
Ю.Р. -Исмоил Дадажоновнинг истеъфосига қарши “Бирлик” партияси раҳбариятининг
ҳаракатлари ҳақида қандай фикрдасиз?
Т.Ё. Исмоил Дадажоновни ёмонламай, унга тош отмай А.Пўлатов яна нима қилсин? У ҳозир
аввал ЎБХҲда, 2003 йилдан бошлаб шу номдаги партияда юргизган сиёсатининг натижасини
кўрмоқда. Натижа эса яхши эмас. У ҳозир саросимада:
i) унда 1991 йили касаллик даражасига кўтарилган мамлакатга президент бўлиш истаги
ҳозиргача сўнмаган бўлса-да, бироқ ёш ўтиб бормоқда, қўллаб-қувватлайдиган одамлар сони
таборо камаймоқда, яккаланиб қолмоқда;
ii) у турли одамларни тинимсиз ҳақоратлаган ҳолда мухолифатни тинимсиз “Бирлик”
партиясига чорламоқда;
iii) унинг ҳолати шу даражага борган-ки, ҳақорат ва жазавага тушиш унга одамларнинг
ҳурматини мутлақо оширмаслигини тушунмайди.
Бир мисол. “Бирдамлик”нинг аъзолари Вашингтонда пикет қилиб туришганда А.Пўлатов
уларнинг олдига келиб, “Сизлар пикет қилиш ўрнига “Бирлик”ка ўтишларинг керак” дея
тарғибот бошлаган. Пикетчилар унинг сафсаталарига эътибор бермагач, у пикетда
турганларни ҳақорат қила бошлаган. Унинг ҳақоратларини одамлар маълум бир вақт индамай
эшитиб туришган, бироқ у авжга чиқа бошлагач, пикетчиларнинг биттаси: “Абдураҳим ака,
дарҳол оғзингизни ёпинг, ёпмасангиз, ҳозир сизни кўтариб машинангизга тиқиб келаман” -
деган.
Бундай одам ҳеч қачон Исмоил Дадажоновга: “Сиз “Бирлик” учун катта хизматлар
қилдингиз. Сизга сафдошларингиз номидан миннатдорчилик билдираман” демайди.
Ю.Р. -Мухолифатдаги партиялар раисларидаги диктаторларга хос хусусиятни йўқолмай
келаётгани мухолифатни қандай чоралар кўришга ундаши мумкин деб ўйлайсиз?
Т.Ё. Бу саволда “диктатор” сўзи, назаримда, нотўғри ишлатилган. Бу сўзни Ислом Каримов
каби, одамларнинг қонини ичаётган раҳбарларга нисбатан ишлатиш ўринлидир. Ўзбек
мухолифати раҳбарлари ҳали бу сифатдан йироқ, чунки уларнинг бирортаси ҳокимият
тепасига келиб синалган эмас. Фикримча, буерда “яккаҳокимлик” сўзини ишлатиш
ўринлироқ бўлса керак.
Аслида фақат демократия шароитидагина раҳбар яккаҳокимлик даражасига кўтарила
олмайди. Агар М.Солиҳ ва А.Пўлатов ҳатти-ҳаракати ва феълида яккаҳокимлик белгилари
кўринаётган бўлса, унинг сабабини дастлаб мамлакатдаги сиёсий муҳитдан излаш керак. Мен
бу ҳақда юқорида айтиб ўтдим. Бу масалада инсоннинг шахси, феъл-атвори ҳам катта роль
ўйнаши ҳақида ҳам мен юқорида ўз фикримни билдирдим. Сизнинг саволингизга келсак,
фақат партия аъзоларининг фаоллиги, уларнинг оқни қорадан, мағизни пўчоқдан ажрата
билиши ташкилотда раҳбарнинг жиловини тортишга имкон беради, холос. Афсус-ки, ЎБХҲ
партиясида бу ҳолат кузатилмайди.
www.yangidunyo.com