Amnesty International: Холжигитов ҳаёти хавф остида
"Халқаро Амнистия" ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини қамоқхонада сақланаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Норбой Холжигитовни озод
қилишга чақирган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Amnesty International ташкилотининг баёнотида 60 ёшли инсон ҳуқуқлари фаолининг ҳаёти хавф остида
экани таъкидланади.
"Ҳозирги
пайтда Ўзбекистон қамоқхонасида бўлган 60 ёши Норбой Холжигитов оғир
бетоб. Бир неча касаллиги туфайли унга зарур бўлган тиббий ёрдамни у
олмаяпти. Норбой Холжигитов - эътиқод маҳбуси. Унинг саломатлиги ҳибсга
олинган пайтдан бошлаб мунтазам ёмонлашиб келаяпти. Зарур даволанишни
олмаса, унинг ҳаётдан кўз юмиши хавфи бор", дейилади Amnesty
International эълон қилган мурожаатда.
Норбой Холжигитов қандли диабет хасталигига чалинган.
Охирги марта июл ойида турмуш ўртоғи билан Қашқадарё вилоятидаги қамоқхонада учрашган Бўригул Холжигитова унинг ҳам қўли ва
ҳам оёғининг териси қорайишни бошлаганидан хавотир билдирган.
Қон босими баланд, чап қўли ва оёғининг ҳаракатлари сусайган.
Рафиқаси унинг 32 тишидан фақат биттаси қолганини айтган.
Оқибатда инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг овқатни чайнаб ейиши қийинлашган, у озиб вазни 40 килограммга тушиб қолган.
"Биз сафдошимизни яхши биламиз. У қамоққа олингунча бақувват одам эди. Барча тишлари бор эди", дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси
Бахтиёр Ҳамроев.
Маҳаллий ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, жазони ижро этиш муассасасида Норбой Холжигитовга
тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти.
Ўзбекистонда
эълон қилинадиган амнистияларда ёши 60 дан ошган, саломатлиги
ёмонлашган маҳбусларни қўйиб юборилиши кўзда тутилганига қарамасдан,
Норбой Холжигитов ҳибсда сақланмоқда.
Инсон ҳақлари ҳимоячиларига кўра, қамоқхона маъмурияти турли баҳоналарни рўкач қилиб, Холжигитовнинг гўё жазони ижро этиш
муассасасининг ички тартибини бузгани учун уни амнистия этиладиганлар рўйхатига киритмай келмоқда.
Норасмий
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Иштихон бўлими раҳбари Норбой
Холжигитовни бундан тўрт йил муқаддам Самарқанд вилояти маҳкамаси
товламачилик, иғво тарқатиш ҳамда конституцион тузумга тажовуз қилиш
айбларида айблаб, 10 йилга озодликдан маҳрум этган эди.
Халқаро ташкилотлар Норбой Холжигитовни сиёсий маҳбус дея эътироф этганлар.
Amnesty
International ташкилоти Норбой Холжигитовни озод этилиши талаби билан
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро
этиш Бош бошқармаси бошлиғи Абдукарим Шодиевга, Ўзбекистон Бош
прокурори Рашиджон Қодировга мурожаат йўллашга чақиради, бу
мурожаатномаларнинг нусхаларини Ўзбекистоннинг турли мамлакатларидаги
элчихоналарига юборишни сўрайди
|