Узоқдаги яқинлар ва ё ҳижратдаги тақдирлар
Гулсевар Замон, Ўвакент-Лондон
|
 |
Мен Туркиянинг Сурия билан чегарасидаги узоқ Ҳатай вилояти Ўвакент қишлоғида 6 мингга яқин ўзбеклар истиқомад қилиши ҳақида
эшитарканман, у ердаги ўзбекларнинг контакт рақамларини топишга уриндим.
Ниҳоят, Маҳмуд Ўзтурк билан боғланишга муваффақ бўлдим. У киши менга бажонидил ёрдам беришлари, эртага қизларини узатаётганлари,
истасам, тўйга келишим мумкинлигини айтдилар.
Бу гапни эшитишим билан Бурсадан автобусга чипта олдиму Ўвакент қайдасан, дея йўлга тушдим.
"Йўл юрсак ҳам мўл юриб", Кютаҳъя, Кўнёю Адана каби қатор шаҳарларни йўлда қолдириб, 18 соат деганда Ҳатайга етиб келдим.
Мени
Маҳмуд ака, аёллари ва оналари Тожинисо ая кутиб олдилар. Улар билан
кўришарканман, Ўзбекистоннинг қайсидир бурчагидаги ўзбеклар хонадонига
келиб қолгандек эдим. Уларнинг ўзбек тиллари шу қадар равон, уй тутиш,
меҳмоннавозлик шу қадар ўзбекона ва дастурхонада ўзбекча новвой нон бор
эди...
Аста-секин меҳмонлар, қуда тараф кириб кела бошлашди. Меҳмонлар Туркиянинг турли шаҳарлари, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб
амирлиги ва Канада каби қатор мамлакатлардан келишганди. Аскарияти ўзбеклар...
|
Меҳмонлар узоқ-яқиндан келишган |
Куёв бола эса, ҳозирда Ғозиантеп шаҳрида яшовчи бухороликлардан экан.
Бугунги
кунда Ўзбекистондан узоқ бир жойда бу қадар кўп сонли ўзбекларни кўриш
у қадар ғайриоддий кўринмас, чунки бугунда тинчроқ ҳаёт, яхшироқ пул
топиш илинжида ва ё бошқа бир сабаблар туфайли ватанни ташлаб кетаётган
ўзбеклар сон мингта.
Аммо, мен
кўраётган ўзбекларнинг оталари, айримларининг боболари Ўзбекистонни
кеча ёки бугун эмас, йиллар олдин, олтмиш етмиш ва ундан ортиқроқ
йиллар аввал тарк этишган ва уларнинг кўплари ватандан ташқарида дунёга
келганлар. Аксарият Ўзбекистонни ҳеч қачон кўришмаган. Аммо, улар ҳали
ҳамон Ўзбекистонни ватан деб билишади.
'...қалбимизда, руҳимизда Ўзбекистоннинг муҳаббати...'
Эркаклар
ва аёлларга алоҳида-алоҳида ҳовлида жой қилинганди. Мен эркаклар
ўтирган ҳовлида ўзбекона сабзи тўғрарнинг устидан чиқдим. Мезбонлару
меҳмонлар учун ишкомнинг тагида қатор кўрпачалар ташланган. Комилжон
Отаниёзов "...оромижоним бор мани...." дея куйлайди...Биров ўрнидан
туриб рақсга тушади, бошқалар қарсак чалишади.
Мен эса, ўтирганлардан бирини суҳбатга тортаман. Асли қаерлик эканлари, Туркияга қандай келиб қолганлари ҳақида сўрайман.
Ҳар бир кишининг ўз тарихи ва ўз кечмиши бор:
|
Эшон Абдулжалил: Биз Ўзбекистондаги айрим жойларни худди кўргандек билар эдик... |
-Менинг
отим Эшон Абдулжалил, отамнинг исмлари Эшон Абдулхалил. Бизлар
Тошкентдан, Чорсудан, Чақар маҳалладан. Инқилоб пайти улар мужоҳид
бўлишганми, бек бўлишганми, Тожикистонга келишган. У киши Саройкамарда
жойлашган эканлар. Дадам Анвар пошшо келган пайтлари унга ёрдамчи
бўладилар. Анвар пошшо Тожикистонда ҳайит куни шаҳид бўлади, бизнинг
дадамиз ҳам ўқ ейди, яралик бўлиб, ўликларнинг ичида қолади. Қоронғуда
бир мазорда бир неча кун тўхтаганлар. Бир ошналари сув ва нон келтириб
берар экан. Ҳамма ёқ тинчиганидан кейин Афғонистонга ўтиб келадилар у
киши. Шундан сўнг Қундузда бизнинг энамизга уйланадилар. Энамиз Ҳазрат
Шоҳимардондан (Фарғона водийси-Г.З) эдилар. Дадам 110 ёшда
Афғонистонда, Бағлонда вафот этганлар дадамиз.
-Дадангиз Афғонистонда нима иш билан шуғулланганлар?
-Тижорат
билан шуғулланганлар. Мазори Шарифдан мол келарди, улар шуни сотарди,
"ўриси" читлар, сандиқлар, шунга ўхшаш бошқа-бошқа, Ҳиндистон ва
Покистоннинг моллари келарди. Бошқалар олиб кетарди отамиздан.
-Мана Сизнинг ўзбек тилингиз жуда яхши сақланиб қолган. Ўзбекчангизни сақлаб қолишга қандай муваффақ бўлгансиз?
-Ҳамиша
уйда ўз ўзбекча тилимизда гаплашардик. Кўчага чиқсак, форсча,
Покистонда бўлган пайтимиз урду тилида ва ё арабча гапирардик, аммо
уйга келганда ўзбекча гапирардик.
-Ота-онангиз Ўзбекистонни эслаган вақтлари нималарни кўпроқ эслардилар, нималарни соғинардилар?
-Ватанларини
кўп соғинишарди. У ерда авлодлари, ота, амакилари, амакиваччалари бор
экан, уларни ҳар вақт соғинардилар. Ҳатто, кўзларига ёш келарди.
Ватанни кўп соғинардилар, кўп эслардилар. Оталаримиз, эналаримиз Ҳазрат
Шоҳимардоннинг бир хил жойларини отини айтар эдилар; кўрганимиз йўқ
эдик, аммо кўргандек билардик. Катта жаннатариқ, Кичик жаннатариқ бўлар
экан, унинг тепасида бир яланг, бу ёқда эса, бир жой бор эканки, уни
"Ҳурриқи" дейишаркан. Ҳар ким "ҳурриқи" деб чақирса, у ердан ҳам бир
овоз келаркан "ҳурриқи" деган. Мен мустақилликка эришилганидан кейин
Ўзбекистонга, Ҳазрат Шоҳимардонга бордим ва ўша жойларни ўз кўзим билан
кўрдим. Борган пайтимиз уларни айтсак: "Сен бу ерни кўрганмисан", деб
сўрашарди улар. Мен: "Йўқ, мен кўрмаганман, энамиздан, ачамиздан,
опоқдадаларимиздан эшитганмиз", деб айтардим. Шунга ўхшаш, бизнинг
қалбимизда, руҳимизда ўша Ўзбекистонни муҳаббати бор, ҳамма
ўзбекларимизда бор!
Бу
бир инсоннинг ҳикояси. Баъзилар ота боболари Иккинчи жаҳон уруши пайти
Афғонистонга қочиб ўтишгани ҳақида айтишади. Аммо, Афғонистонда ҳам
урушлар бошланаркан, муҳожирликнинг иккинчи даври бошланади. Улар
Покистонга қочиб ўтадилар. 1982-йилда эса, Туркия ҳукуматининг ёрдам
дастури асосида бу ерга кўчириладилар.
-Туркия
ҳукумати, алҳамду лиллаҳ, бизни "ўзимизнинг туркларимиз", дейди.
Туркларимиз, ўзбекларимиз деб бизга яшаш рухсати беради, бизга кимлик
беряпти (Туркияда одамларга паспорт берилмайди, паспорт фақат чет элга
чиқиш учун олинади, холос. Шахснинг расми туширилган "Кимлик" эса
шахсни тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. -Г.З). Биз Покистонда 18
йил юрдик, улар бизга доимий яшаш рухсати, кимлик бермади. Арабистонга
ҳам бордик, бизга бир нарса бермади. Ўзимизники экан, Туркия ҳукумати
бизни олдига тортиб, бағрига тортиб, ўз миллати, ўз халқи қандай бўлса,
шу кўзда кўради. Ўшандай бизнинг ҳуқуқимиз, ҳаққимиз баробар. Балки,
бизга зиёдроқ ҳам!-дейишади суҳбатдошларим.
'Ўзбекистон бизнинг ҳам ватанимиз!'
Яна бир бурчакда ўтирганларнинг суҳбатлари Ўзбекистон ва унинг ҳукумати ҳақида боради. Кимдир нимага Ўзбекистон ташқаридагилар
учун эшикларини ёпаётганини савол остига олади:
-Ўзбекистон
бизларнинг ҳам ватанимиз. Энди қанчалар қийинчилик кўрсатса,
ташқаридаги ўзбекларни шунча тезроқ қўлдан беради. Мен авлодларимни
олиб борсам Ўзбекистонга, улар ўзбекликни давом берадилар. Агар, йўқ,
дарвозани қамаб қўйса, менинг авлодларим кейин ўзбек ҳам
бўлмайди,-дейди ўзини Абдураҳмон деб танитган суҳбатдошим.
-Сиз борганмисиз Ўзбекистонга?
-Йўқ, мен бормоқчи эдим, менга виза беришмади.
-Бирор сабаб кўрсатишдими?
-Йўқ,
бу ўша элчихонада ишлаётган маъмурларнинг қарори...Қўрқишади, Туркия
жосусдир ва ё Туркия полициясининг одами деб. Мен ўшанақа ўйладим.
Билмадим. Мени Ўзбекистонда амаким бор, амакимнинг ўғли бор, мен уларни
кўргани кетолмайман. Нотўғри бир сиёсат.
Бошқа биров эса, ўзгача фикр билдиради:
-Ўзбекистоннинг бунақа қийинчилик чиқаришининг ҳам бир сабаби бор-да! Ўзбекистоннинг ҳозир тинчликка эҳтиёжи бор.
-Энди
биз ўлиб кетайликми, бормайликми Ўзбекистонга?! Биз ваҳобий эмасмиз,
биз араблар, инглизлар ва ё Америка ё русларнинг аскари эмасмиз, ғуломи
эмасмиз. Ўзбекмиз, Туркияда яшаймиз ва ё Америкада яшаймиз, тарихимиз
ўша ерда. Биз бориб, қариндошларимизни кўриб келамиз.
-Энди ҳамманинг ҳам нияти ундай эмас-да!
-Хўп, ундай бўлса, бизнинг гуноҳимиз нима?!
-Сизлар бироз туринглар бир эллик йилдан кейин кетасизлар (кулади).
Ватансизлик дарди
Мени ҳайратга солгани эса, суҳбатдошларим ҳамон ўзларини ватансиз деб билишларию ватан ҳақида кўзларида ёш билан гапиришлари
бўлди. Ўзини асли наманганлик деб таништирган Абдураҳмон Бобур:
|
Тўй дастурхонида ўзбекча пишириқлар... |
-Манда шунча ДАРД борки- мана шу ватансизликнинг дарди, дадаларимнинг ҳасратининг дарди, бўйнимизнинг букуклик дарди...буларнинг
барчаси-ДАРД! Ҳаммаси ДАРД!-дейди.
Мастура опа эса, Ўрта Осиё бориб, ота-боболарининг тупроғини бир кўриш орзуси эканини айтади:
-Ҳаммамиз
муҳожирмиз бу ерда. Балки, болаларимиз бу ерни "менинг ватаним" дер,
аммо барибир қонида муҳожирлик бор. Масалан, мен ўзимни "ўрта осиёлик"
деб биламан. Оллоҳ насиб этса, Ўрта Осиёга бораман! Ҳар доим ОРЗУМ
у-бир марта бориб бобомнинг тупроғини кўриш!
Тожинисо ая
"Қизил гул тагида ширчой ичиб, хумморалар бўлдим, алла. Сани ойдек жамолингга ажаб девоналар ўлдим, алла...."
Меҳмонлардан бири набирасини ухлатишга уринади. Тожинисо ая эса, тўй ташвиши билан банд. У турмушга узатилаётган қизнинг бувиси.
Аянинг ота-оналари асли Фарғонадан бўлишган экан.
-Балким,
уч ёшдадир, яъни ақлим етмайди келганимга 2 ёки 3 ёшда келганман...Онам
ёш ўлиб кетди бечора. Отам амаким билан биздан илгари Туркияга
келишган. Тахминан 30-35 йил бўлди оламдан ўтиб кетганларига.
Афғонистондан Туркияга келганимизга тахминан 25 сана бўлди.
-Афғонистоннинг қаерида яшагансиз?
-
Биз Ҳелмандда яшаганмиз. Энди Афғонистонда болали-чақали бўлдим,
болаларимнинг отаси ўша ерда оламдан ўтиб кетди. У киши мендан 20 ёш
катта эдилар. Мен ўзим тахминан 35 ёшда қолганман. Болаларим кичкина,
кичкина эди Туркияга келганимда. Афғонистондан Покистонга қочиб ўтдик.
Покистондан бу ерга учоқ билан Туркия давлати олиб келди бизни. Олиб
келиб, уй берди, ер берди. Худога шукур, ҳамма ёқ ором...Болаларим ҳам
катта бўлишди, ўқишди, энди ҳаммалари ҳар ёққа тарқаб кетишди. Омон
бўлишсин, ишқилиб!
-Ўзбекистондаги қариндошларингиз билан ҳеч алоқа қилганмисиз?
|
Тожинисо ая турмушга узатилаётган қизнинг бувиси |
-Келишди.
Ақраболаримиз келишди, аммамнинг ўғиллари, неваралари келишди, "олиб
кетамиз", дейишди. Энди биз болали-чақали...Ҳар замон телефон қилишади.
Ўзимнинг ота томонимдан, болаларнинг ота тарафларидан...Ҳатто,
келишимни сўраб, таклифнома юборишди. Қисмат бўлмади бориш.
Тирикчилик
Нуриддин Ҳотун ўғли ҳам 1980-йиллар бошларида Туркияга келиб жойлашган оиланинг фарзанди. У ҳозир мактабда тарих фанидан дарс
беради. Унинг айтишича, ҳозирда Туркияда яшаётган ўзбекларнинг сони хусусида бир рақамни айтиш қийин.
-Туркияга 1955-йилда, 60-йилларда ўзбеклар келишган. Энди уни бир тадқиқот қилиш керак. Бу борада аниқ бир маълумот йўқ. Аммо,
кўп.
-Ўвакентда қанча ўзбек яшайди?
-Ўвакентда
6 минг, 6 мингга яқин. Уларнинг кўпчилиги Афғонистондан келган
ўзбеклар. Мисол учун, бизлар ўзбекистонлик ўзбеклармиз.
-Ўвакентдаги ўзбеклар нима ишлар билан шуғулланишади?
-Теричилик билан, қолин...болалар ўқиб, оз-оз Туркиянинг ишларига ҳам кирганлар бор. Кийим, текстил ишлаб чиқарадилар.
-Бекор юрганлар ҳам борми, масалан, иш топа олмай?
-Бор.
Кўп. Бунинг сабаби-Афғонистонда низомия (Низомия - армия
дегани-Г.З)паштунларнинг қўлида, давлат идораси тожикларнинг қўлида,
туркий қавмларнинг қўлида зироат ишлари, чорвачилик...Шу боис бу ерга
келганларнинг кўпчилиги ўқимаган. Туркияга келиб, универстетга кетган
биринчи киши менман. Бунинг сабаби бизнинг оталаримиз шимолда эмас,
жануб тарафда қолишган. Яъни, у тарафда қолганлардан ўқиганларнинг сони
бироз кўпроқ экан. Бу ерга келиб бизни ҳам ўқитишган.
'Мен Ислом Каримовни дастаклайман!'
Ниҳоят ош тарқатилади, яъни тўйнинг палови...Ўчоқ бошидагиларни Ўзбекистон ҳақида суҳбатга тортаман:
-Сиз Ўзбекистонга борганмисиз?
-Йўқ, ниятим бор! Менинг дадам Ўзбекистондан келган, аммо мен бормаганман. Аммо, ниятим бор бориш.
-Дадангиз Ўзбекистоннинг қаеридан келганлар?
-Андижон, Қўрғонтепадан...,-деди ёши 40ларда бўлган суҳбатдошим.
15-16 ёшли суҳбатдошим эса:-Мен Ўзбекистонни кўрмаганман, ҳеч нарса билмайман,-дейди.
Суҳбатдошларим
менга ёшларнинг ўзбекчаларини асраб қолиш қийин бўлаётгани, асосан уйда
ўзбекча гапирилса-да, мактаб ва ён-атроф туркча бўлгани учун тил ҳам,
урф одатлар ҳам қоришиб кетаётганини айтишади. Мен тўйда "бел боғлаб"
хизмат қилаётган ёшларни суҳбатга тортаман:
-Ўзбекистон билан Туркия футбол ўйнаса, кимни дастаклайсиз?-деб сўрайман улардан.
-Ҳар иккисини. Ҳар доим Туркияда бўлганим учун, Туркияни!
-Мен эса, Ўзбекистонни!
-Мендан сўраяпсизми?-дея суҳбатга аралашади каттароқ ёшли бир киши.-Мен Ислом Каримовни дастаклайман!
-Нима учун?
-Сиёсати яхши бўлгани учун!
-Сиёсатининг қайси тарафи яхши?
-Мана Ўзбекистонда тинчликни қарор топтирган ўша. Ўзбекистон жуда ҳам яхши! Афғонистондагидек уруш йўқ...
-Сиз Ўзбекистонни бориб кўрганмисиз, яна нималар биласиз Ўзбекистон ҳақида?
-Бормаганман, кўрмаганман. Бошқа ҳеч нарса билмайман. Аммо, бориш ниятим йўқ эмас!
|
'Уйда келин йиғлайди-ей, ёт бўлдим деб ёр-ёр...' |
'Уйда келин йиғлайди-ей...'
Эрталаб келин янги уйига кузатилади. Отаси унинг белига нон боғлайди, "рисқли бўлсин учун" дейди биров...
Қўллар дуога очилади, янги келин-куёвнинг бола-чақали, бахтли-тахтли бўлишини тилайдилар.
Ниҳоят, келин кетган машина ортидан сув сепилади, "йўллари ойдин бўлсин" учун дея изоҳ беради яна биров....
Келиннинг онаси машина ортидан юм-юм йиғлаганча қолади. Унга қўшилиб йиғлаётган аёллар қизарган кўзларини рўмоллари билан
беркитишади...Магнитафондан таралаётган "Ёр-ёр" эса, янада авжга чиқади.
|