Дилмурод Сайид устидан ҳукм кучида қолди
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти маҳкамаси аппеляция ҳайъати журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Сайиднинг ҳукмга
қарши аризасини кўриб чиққан ва уни ўзгаришсиз қолдирган.
Дилмурод Сайид ўтган июль ойида товламачиликка оид айбловлар билан 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилганди.
Аммо, унинг ҳимоячилари Дилмурод Сайидга қарши очилган жиноий иш унинг касбий фаолияти билан боғлиқлиги ва тўқиб чиқарилганини
айтишади. Уларга кўра, бу айловлар маҳкама жараёнида ўз исботини топмаган.
Журналистнинг ҳимоячиси Дилмурод Сайиднинг ҳимоячси Абдураҳмон Ташанов аппеляция ҳайъати қарорини шундай изоҳлайди:
Абдураҳмон Ташанов:
Энди бу ерда масалани тескарироқ қўйиш керак, яъни бизнинг шикоятимизни
асоссиз деб топишди. Судланувчи ва унинг ҳимоячилари келтирган важларни
асоссиз деб топишди ва маҳкам қарори тўла асосга эга, у қонуний
нормаларга мос деб, уни ўз кучига қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди.
Би-би-си: Сизнинг шикоятларингиз нималарга асосланган эди?
Абдураҳмон Ташанов:
Наврўз Нурмуҳаммедов раислик қилган Тойлоқ туман маҳкамасида биронта
илтимосномаларимиз қаноатлантирилмагани, уни ўша ўткир формали сил
касалига чалинган бўлса-да, қамоқда ушлаб турилганидан ташқари, умуман
уни ҳибсга олиш нотўғри бўлгани, гувоҳлар кўрсатмалари
асослантирилмагани, ашёвий далилларнинг йўқлиги бизнинг шикоятимизнинг
асосий қисми эди. Бундан ташқари биздан яширин тарзда ҳукм ўқилгани ва
айрим ўринларда Дилмурод Сайиднинг ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилингани биз
келтирган асосий важлардан бири эди. Лекин, афсуски, буларнинг
биронтасини вилоят суди асосли деб топмади. Ва бу иш журналистнинг
касбий фаолияти билан боғлиқ эканлиги маълум бўлди.
Би-би-си: Аппеляцион маҳкама Сизнинг шикоятларингизни биронтасини назарга олинмаганини нима билан изоҳлади?
Абдураҳмон Ташанов:
Умуман изоҳ беришмади. Демак, жиноят ишлари бўйича вилоят суди
аппеляция босқичи бизнинг биронта шикоятимизга изоҳ бермади,
илтимосномаларимизнинг ҳаммасини рад қилди. Судлов ҳайъатининг
кайфиятидан нима қилиб бўлса ҳам шу аппеляция ишини ўтказиш керак ва
ҳукмни ўз кучида қолдириш керак деган нарса кўриниб турганди. Биз ҳозир
олий судга мурожаат қилдик ва ундан ҳам жуда кўп нарса умид
қилаётганимиз йўқ.
Би-би-си:
Демак, бундан буёғига 12,5 йиллик қамоқ жазоси берилгани ҳақидаги қарор
Олий маҳкамада кўриб чиқилиши мумкин. Дилмурод Сайиднинг ўзи ҳозир
қаерда ушлаб турилибди ва аҳволи қандай?
Абдураҳмон Ташанов:
Ҳозирда аҳволи илгаридагидек яхши эмас. Қамоқхона шароитида у айтиб
ўтганимдек, ўткир формали сил касалига чалинган, анча озиб кетган,
қамоқхона шароитида сил касаллигининг ривожланиш эҳтимоли катта
бўлганлиги учун унинг аҳволи яхши эмас. Ҳозирда у ўша Каттақўрғондаги
64/7-муассасада тутиб турилибди. Аппеляция босқичи мана ўтди, суд ҳукми
кучга кирди ва энди жазоларни ижро этиш муассасаларидан биронтасига
юборилиши мумкин. Ҳали айтганимдек, биз ҳозир ишни назорат тартибида
кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига бердик. Агар Олий
суд ҳам ҳукмни қолдирадиган бўлса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг
Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилмоқчимиз
|