Суббота, 24-05-18, 18:25

Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир.

ҲИМОЯЧИ

ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ЖАМИЯТИ
O'ZBEKCHA  РУССКИЙ   ENGLISH   SVENSKA    AF SOMALI    العربيه
МАНЗИЛИМИЗ Бош саҳифа Рўйхатдан ўтиш КИРИШ
САЛОМНОМА, Гость · RSS
Б Ў Л И М Л А Р
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ [284]
ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ХАЁТИДАН ЛАВХАЛАР [72]
ҲУҚУҚ ХИМОЯЧИЛАРИ ЁЗИШМОҚДА [211]
ИСЛОМ ВА МУСУЛМОНЛАР [183]
ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ [85]
СОBРИНДОРЛАР [11]
ЭЪЛОНЛАР [16]
ОЧИҚ ХАТЛАР [24]
БАЁНОТЛАР [21]
МАХБУСЛАР ХАЁТИДАН [51]
МУХОЖИРЛАР ХАЁТИДАН [127]
АДАБИЁТ ВА САНЪАТ [18]
СИЁСАТ [73]
ТАРИХ [15]
ВИДЕОЛАВХАЛАР [27]
ҲИКМАТЛАР ХАЗИНАСИ [2]
ЖУРНАЛИСТЛАР ХАЁТИДАН [49]
АМАЛДОРЛАР ХАЁТИДАН [31]
МУРОЖААТНОМАЛАР [29]
НОРОЗИЛИК НАМОИШЛАРИ [37]
БОЛАЛАР МЕХНАТИ [10]
ХАЛОКАТЛАР [12]
ЙИҒИЛИШЛАР [12]
ТАРИХИЙ ШАХСЛАР [11]
С П О Р Т [13]
ТАБОБАТ ХАЗИНАСИДАН [25]
РАДДИЯЛАР [6]
ТАЗИЯНОМАЛАР [9]
Д У Н Ё Х А Б А Р Л А Р И [139]
Қ И Й Н О Қ Л А Р [25]
АДВОКАТЛАР ХАЁТИДАН [6]
БАХС-МУНОЗАРА-МУХОКАМА [78]
ҒАЙРИДИНЛАР ХАЁТИДАН [0]
ЭШИТТИРИШЛАР [31]
ДИНИЙ МАРУЗАЛАР [15]
СУД, ПРОК, МИЛИЦИЯ [18]
ФАХШ ИШЛАР [16]
ЭКСПЕРТЛАР ХУЛОСАСИ [1]
Қ И Р Ғ И З И С Т О Н [177]
Б Б С Мехмонлари [22]
Қ О З О Ғ И С Т О Н [5]
МАЖБУРИЙ МЕХНАТ [2]
Т О Ж И К И С Т О Н [20]
Р О С С И Я [22]
ЖАЗОГА ХУКМ ҚИЛИНГАН [9]
Ў З Б Е К И С Т О Н [74]
Ш В Е Ц И Я [0]
МУХИДДИН ҚЎҚОНДИЙ ШАХСИЙ САХИФАСИ [4]





АЛЛОҲНИНГ  ГЎЗАЛ  ИСМЛАРИ

ШАЙХ МУХАММАД СОДИҚ МУХАММАД ЮСУФ ХАЗРАТЛАРИНИНГ МАРУЗАЛАРИ

Х А Л Қ И М

Б Е Н А М О З

КАРИМОВНИНГ ХАБАРИ ЙЎҚ

ЎЗБЕКИСТОН БОЛАЛАРИ

ЖАННАТДАГИ КУНДОШИМ

Pepsi ва Coca-Cola ХАРОММИ ?

Би-би-си мехмони Швециялик муҳожир

Е-322 МОДДАСИ

"МХХ билан келишув амалга ошмади"

Фан ҳижобнинг фойдали эканлигини тасдиқлади

"Гуноҳим рўмол ўраганимми?”

Эр - хотин кишининг ярим пири..?

Погон таққан
қиз ўғрилари

ТАШАККУРНОМА

Террорчилик - Ғарб маҳсули

Гегемонлик васвасаси

Ўзбекистонга   қайтган
аëл  қамоққа  олинди


Каримов ғарбни ўйинчоқ қилмоқда

Имомлардан маломатларни кўтариш

АҚШ элчиси Каримовни қизлари хақида айтганлари


 
Главная » 2009 » Сентябрь » 22 » ВВС хабари
00:35
ВВС хабари
Абдулкабир Азимий
Абдулкабир Азимий Амир Олимхоннинг Туркияда истиқомад қилаётган ўғилларидан бири

Бухоронинг сўнгги амири- манғит ўзбеклари сулоласидан бўлмиш Амир Олимхон 1920-йил Фрунзе қўмондонлигидаги Русия қўшини бостириб киргач, Бухоро шаҳрини тарк этишга мажбур бўлади. Бир йил давомида Бухородан ташқаридан большевикларга қарши кураш олиб борганидан кейин кўмак сўраб Афғонистонга боради ва ўша ерда қолиб кетади. Амир Олимхон 1944-йил Кобилда вафот этган. Амир Олимхоннинг Афғонистонда ўтган ҳаёти ҳалигача тарихчилар учун тадқиқ этиш керак бўлган мавзудир. Аммо, унинг Афғонистонда дунёга келган ва ҳозир дунёнинг турли бурчакларида умргузаронлик қилаётган фарзандларидан айримлари ўзларида бўлган маълумотлар ва кўрган-билганлари асосида саноқли сонда бўлса-да, китоблар чоп этишган. Туркияга сафарим давомида мен Амир Олимхоннинг Ғозиантеп шаҳрида яшаётган ўғилларидан бири Абдулкабир Азимий билан учрашдим.

Абдулкабир Азимий: Менинг исмим Саид Абдул Кабир Азимий. Фамилиямиз Олимий. Отамнинг исми Олим Шоҳ. Мен шеър ёзганим учун тахаллус олганман. 1932 йилда Афғонистонда туғилганман. Амир Олимхоннинг 8-ўғлиман. Аслида 14 ака-ука бўлганмиз, уларнинг аксари вафот этишган. Олтинчи синфгача дарс ўқиганман. Отамнинг вафотидан сўнг афғон давлати бизга мамлакатда яшашга рухсатини берувчи ҳужжат берганди ва айни ҳужжат ҳар йили янгиланиши керак эди. Яъни, бизларга Афғон фуқаролари каби кимлик ҳужжати берилмаган. Бунинг сабаби бизни бошқа мамлакатларга чиқишимизга йўл қўймаслик эди. Аммо, афғон халқи бизга яхши муносабатда эди. Биз ватанимизни эсдан чиқармаслик ва айниқса урф-одатларимизни унутмаслигимиз учун Бухоро деб аталган марказ ташкил этган эдик. Унга ёшлар ҳар жума куни келишар ва Бухоро ҳақида суҳбатлар қуриларди.

Ҳаёт шу тарзда давом этаётган бир пайтда Афғонистонда ўзгаришлар рўй бера бошлади. Инқилоб юз берди, коммунистлар ҳукумат тепасига келишди. Кейин руслар келишди. Мен одамларни русларга қарши ташвиқ қилганим учун 2 ярим йил қамоққа ташладилар. Ўшандан сўнг, биз Афғонистондан Покистонга қочиб бордик. Ўша пайтлар Турк ҳукумати ўзбекларни Туркияга кўчириб келаётган эди. Биз ҳам Покистондаги турк элчихонасига мурожаат қилдик. Кейин Туркияга келдик.

Савол: Амир Олимхоннинг Бухоро амири сифатидаги фаолияти ҳақида Сизга нималар маълум?

Амир Олимхон
Авлодларининг ҳар бирлари уйлари тўрида Амир Олимхоннинг катта сурати осилган

Абдулкабир Азимий: Амир Олимхон Бухорои Шариф амири хонадонининг 7чи ва энг охирги амири бўлган. У ҳозирги Навоий вилоятига тегишли Кармана шаҳрида мелодий сана бўйича 1881-йилда дунёга келган. Саид Олимхон падари Саид Абдулаҳадхоннинг фармони билан 13 ёшида аскарлик ва муҳандислик таълимларини олиш учун Санкт-Петрбургга юборилган. Санкт-Петербургдаги дарсларини тугатиши билан ватани Бухорога қайтиб келган. Кейинги 2 йилда отасининг қўли остида ҳукумат бошқариш ва амирлик ишларини ўрганган. Ундан кейин Насаф, яъни ҳозирги Қарши шаҳри ҳокими этиб тайинланган. У ерда 12 йил хизмат қилган. Сўнг отасининг фармони билан Кармана шаҳрида волис бўлган. Олимхоннинг отаси 1911-йилда вафот қилади ва анъанага мувофиқ Амир сифатида тайин этилади. Амир Олимхон 9 йил Бухоро амири сифатида хизмат қилган. У ўз амирлик даврида Бухорода қатор ўзгаришлар қилади. Масалан, мирлик ва беклик отадан мерос бўлиб келган. Аммо, Амир Олимхон бу танлов йўли билан амалга ошиши керак дея ўзгартирган.

Саид Олимхоннинг отаси Саид Абдулаҳадхон замонида Бош вазири-Қушбегига мактаблар, мадрасалардаги энг закий болалар рўйхатини олишга буйруқ беради. Ўшанда Амир Абдулаҳадхон 200 нафар болани ўз шахсий пули билан таълим олиш учун Туркияга юборган. Уларнинг орасида Усмонхўжа ҳам бўлган.

Шунга ўхшаш 300га яқин талабани дарс олиши учун Московга юборган. Яъни, уларнинг замонавий илмлардан таълим олишлари мақсад қилинган. Уларни ўқитишдан асосий мақсад келажакда Бухорода замонавий тузимни қуриш бўлган. Талабалар Туркиядан таълим олиб қайтганларида Абдулаҳадхон оламдан ўтиб, Олимхон замони келган эди. Ўшанда бу талабалар Бухорода учта газета нашр этишни йўлга қўйишган. Русиядан таълим олиш учун борган талабалар ҳам ватанга қайтиб кела бошлайдилар, аммо уларнинг дунёқарашлари руслар таъсирида ўзгарган эди. Шу боис, қайтиб келган талабалар турли хил фаолиятларни бошлаганлар.

Русларнинг таъсирига тушган талабалар газеталарида амирликка қарши ва коммунистик фикрларни тарқата бошлаганлар. Аҳоли уларга қарши туриб, газеталарни ёпиб ташлар эдилар. Аммо, айни шахслар Олимхонга қарши фаолиятларини давом эттирадилар. Ниҳоят, Олимхон уларни чақириб, ниятларини сўрайди. Улар ҳуррият ва сайланадиган бир идора тизимини барпо этишни исташларини айтишган. Бироқ, Олимхон: "Мен ҳам худди шундай тузимни истайман, аммо мамлакат ҳали тайёр эмас", дейди. Кейин Олимхон муллалар, қозилар ва Русияда таълим олиб қайтган жадидларни йиғиб маслаҳат солади.

Тортишувлардан сўнг, бошқа нарсалар, масалан, газеталар ёпилсин, фақат мактаблар қолсин деган қарор олинган. Шундан сўнг, маълум муддат осойишталик кечган. Бироқ, руслар бундан кейин ҳам қўл қовуштириб ўтиришмаган. Улар иғвогарлик билан турли муаммоларни ярата бошлаганлар. Ўшанда муллаларидан бири масжидларга бориб: "Бундан кейин мадрасалар ёпилади ва мактаб бўлади сизларга маош берилмайди", дея гап тарқатади. Шундан сўнг, кўплаб муллалар Амир Олимхонга қарши чиқа бошлайдилар.

Амир Олимхоннинг Санкт-Петербургда ўқиб юрган йиллари...-Азимийнинг шахсий албомидан
Амир Олимхоннинг Санкт-Петербургда ўқиб юрган йиллари...

Савол: Амир Олимхоннинг анчайин илғор маданиятпарвар бўлгани, аммо ўша пайтдаги руҳонийлар ва муллалар билан муросаси келишмагани, ҳатто Санкт-Петербургда "мўтари"-машинаси бўлгани аммо уни Бухорога олиб келолмагани ҳақида айтилади... Унинг ўша пайтдаги дин дунёси билан муаммолари ҳақида Сизга нималар маълум?

Абдулкабир Азимий: У пайтлар юқорида айтганимдек, у ерда шаръий бир ҳукумат бўлган. Мен машинаси бор-йўқлиги ҳақида эшитмаганман. Аммо, муллалар Амир Олимхонга қарши чиқиб, уни "кофир бўлди", дея исён қилишади. Ва Бухородаги Арк ташқарисига йиғиладилар. Олимхон уларнинг олдига чиқиб 2 соат музокара олиб боради. "Мен мусулмонман, менинг падарим ҳам, бобокалоним ҳам мусулмон бўлган. Сизлар русларнинг қурол-яроғларини, бахмал кийимларини ёқтирасизлар, нима учун машиналарини ёмон кўрасизлар?" деб сўрайди. "Бизда пул бор, давлат бор, бу ишларни ўзимиз қилишимиз керак ва бундай нарсаларни шу ерда ишлаб чиқаришимиз керак", дейди у. Олимхон тараққиёт ва замонавийлик тарафдори бўлган.

Савол: Афғонистонга келиш тафсилотлари ҳақида нима биласиз?

Абдулкабир Азимий: Ўша пайтларда Русияда Ленин қудратга келади. Айни вақтда жадидлар ва давлат орасида келишмовчиликлар келиб чиқади. Улар давлатдан Лениннинг қудратга келишини қутлаш учун эркинлик берилишини сўрайдилар. Олимхон уларга маросимларни ташкил этишга рухсат беради. Лекин, айни шахслар Россия байроқларини олиб ташқарига чиқадилар.

Давлат шундан сўнг, вазиятни кўриб, уларга қарши чора кўришни бошлайди. Ва жадидларнинг кўплаб одамларини қамоққа олади. Давлатга қарши чиққанлар жазоланадилар. Аслида у пайтда Амирга қарши чиққанлар қатл қилиниши керак бўлган, лекин Амир Олимхон уларни дарра уриш билан жазолашни айтган. Кейин улар Русияга қочиб кетишади. Руслар ўша пайтларда Олимхонга қарши уруш очишган эди. 1918-йил руслар ва Олимхон ўртасида жанг бошланади. Ва Олимхон русларни мағлубиятга учратади. Жанглар пайти русларнинг элчиси ва қатор бошқа вакиллари Олимхонга асир бўлиб тушади. Руслар жанглар ортидан Олимхон билан келишув имзолаб, Бухоро ҳукуматини расман тан олади. Асирларни юбориш жараёнида Россия Бухоро Амирига уруш учун тавон тўлашга ҳам ваъда беради. Аммо, 2 йил ўтиб, Бухорога яна ҳужум қилади. Уруш 4 кун давом этади. Руслар тўплар билан қуроллангани боис қўллари баланд келади ва Олимхон Бухорони тарк этишга мажбур бўлади. У Ғиждивонга чекинади. Кейин Тожикистонга ўтади. Олимхон у ерда ўқ ишлаб чиқарадиган корхона барпо этади. Шу билан бирга у олтин тангалар зарб эттиради.

'Олимхон Бухородан тилло тугул бола-чақасини ҳам олиб кетолмаган'

Савол: Олтин зарб эттиргани ҳақида айтдингиз, Амир Олимхон Бухоро хазинасини ўзи билан олиб чиқиб кетгани ҳақида гап-сўзлар бўлган. Бу гаплар қанчалар ҳақиқатга яқин?

Абдулкабир Азимий: Бухородан ташқаридаги бошқа вилоятларда ҳам олтин хазиналар бўлган. Олимхон ўша ерлардаги заҳиралардан олган. Яъни, бу олтинлар Бухоронинг бошқа вилоятларидан келтирилган олтинлар бўлган. У Бухорони ёлғиз ўзи ташлаб чиқади, у ердан нафақат тилло олиб чиқа олади, хотин, бола-чақаси ортда қолади. Тожикистонда бўлган пайти Афғонистон ҳукуматига мактуб ёзиб, улардан ёрдам, қурол-яроғ сўрайди. Лекин, у Афғонистон ҳукуматининг руслар билан янги муносабатларидан бехабар эди. Афғонистон ҳукумати эса, Олимхонга: "ўзинг келсанг, истаган нарсангни берамиз", дейди. Юборилган элчилар қуруқ қўл билан қайтарилади. Шундан сўнг, Олимхоннинг ўзи Афғонистонга боришга мажбур бўлади, чунки кўмак қўлини узатиши мумкин бўлган бошқа мамлакат бўлмаган ўша пайт. У пайтда Афғонистонда Шоҳ Омонуллохон қудратда бўлган. Олимхон Кобулга бориши билан, "бугун ёрдам берамиз, эрта ёрдам берамиз", деб уни назорат остига оладилар. Лекин, Олимхоннинг одамлари ўша пайтдаги Британия назорати остидаги Ҳиндистондан махфий бир тарзда қурол-яроғ сотиб ола бошлайдилар ва Иброҳимбекка етказадилар. Мана шу тарзда русларга қарши кураш давом этади. Аммо, руслар Афғонистон ҳукуматига қурол-яроғлар ўғринча олиб ўтилаётган йўлларни ёпиш юзасидан босим кўрсатадилар. Ва Афғонистон ҳукумати ҳам бу талабни қондиришга мажбур бўлади. Бухоро атрофида урушаётган Иброҳимбек бир неча вилоятларни қўлга киритганидан сўнг, Афғонистон ҳукуматига ўз вакилларини юбориб, Олимхонни қайтаришни талаб қилади. Бироқ, Омонуллохон Бухоро ҳудудлари тўлиқ бир шаклда олинмагунча, Олимхоннинг ҳаётини хавф остига қўйиб, уни Бухорога юбормаслигини айтади. Афғонистон ҳукумати Олимхоннинг Ҳаж зиёратига боришига ҳам рухсат бермайди.

Абулаҳадхон-Абулкабир Азимийнинг шахсий албомидан
Амир Олимхоннинг отаси Абулаҳадхон

Савол: Амир Олимхон Бухорони тарк этаркан, оиласи орқада қолганини айтдингиз, уларнинг тақдири нима кечган?

Абдулкабир Азимий: Руслар Амир Олимхоннинг 3 ўғлини ҳибсда тутиб туради. Cултонхон, Абдурайимхонлар гаровга олинганди. Руслар: "Урушни бас қилинглар, мана биз оилаларингизни жўнатдик",- дейишади. Лекин, Олимхон: "Бутун фарзандларимни тутиб, ўлдирмоқчи бўлсангиз ҳам ўз даъвомдан қайтмайман", дейди. Файзулло Хўжа 3 йилдан кейин Олимхоннинг оиласини Афғонистонга юборади.

'Мен авлодларимни Худога топшираман!'

Савол: Амир Олимхоннинг ўзи қандай инсон бўлган?

Абдулкабир Азимий: Амир Олимхон янгиликни севадиган инсон эди. У Афғонистонга келгач, Афғонистон ҳукумати унга Кобулдан узоқ бир жойда улкан бир боғи бўлган ерни ҳадя қилади. Ана шу боғда Амир Олимхон уй-жой тиклайди. У нафақат ўзига балки у билан бирга келган муҳожирларнинг барчасига уй-жой қуриб беради, навкарларига маош тайинлайди. Бу ишлар Шўроларга қарши жиҳод баробарида давом этган. Амир Олимхон, шунингдек, замонавий бир мактаб барпо этади. У ерда муҳожирларнинг фарзандлари қатори Амир Олимхоннинг икки ўғли ҳам таълим олишган. Мактабга Ҳиндистондан ўқитувчиларни келтиради. У ерда болаларга дарслар инглиз тилида бериларди. Амир Олимхоннинг ўзи ҳам рус тилидан ташқари итальян ва франсуз тилларида бемалол гаплаша оларди. Афғонистондалиги пайтида унинг олдига Бухородан Авлиёқулбек деган бир шахс келади. Бу одам руслар ва жадидларга қўшилиб, Амир Олимхонга қарши кўп тарғибот ишларини олиб борган эди. Амирнинг одамлари ундан қасд олишга қарор қилганларида, Олимхон унга тегмасликка буйруқ берган экан. Авлиёқулни чақиришади. Авлиёқул Амирдан кечирим сўраган пайти, Амир Олимхон: "Йўқ, сен шунга мажбур эдинг", -деб айтган экан. Амир ўз нозирига бу одамга уй ажратиб беришга ва маош тайинлашга буйруқ беради. Мен шу уйни ўз кўзим билан кўрганман. Уйнинг зинасига баҳмал тўшалган эди. Анвар пошшо ҳалок бўлганидан кейин Усмон Хўжа Афғонистонга қочиб ўтади ва у Ҳиндистон, хозирги Покистонга ўтмоқчи бўлади. Лекин, афғон ҳукумати уни Ҳиндистонга ўтишига рухсат бермайди ва Олимхондан мактуб келтиришни сўрайди. Кейин Усмон Хўжа узрхоҳлик билан Олимхоннинг олдига келади. Олимхон эса: "Ғам ема, ҳар иккимиз ҳам ватанимизнинг равнақи учун кураш олиб боргандик",- дейди ва унга сўраган мактубини ёзиб беради.

Савол: Амирнинг фарзандлари билан муносабатлари қандай бўлган? Хотирангизда нималар қолган?

Абдулкабир Азимий: Унинг замонавий мактаб очганини эслатиб ўтдим юқорида. Бундан ташқари диний мадраса ҳам барпо этганди. Амир Олимхон байрам пайтлари болаларга туҳфа беришни суярди. Байрам пайтлари совғаларни ўз фарзандларига эмас, аввал бошқаларнинг фарзандларига, ана ундан кейин бизга берар эди. Мана шундай фазилатга эга жуда улуғ инсон эди. Ҳамма фарзандларига бир хил кўзда қарарди. Кўплаб ёшларни уйлаб қўярди, суннат тўйларини қилиб берарди. Барча сарф-харажатларни ўз хазинасидан қоплар эди. Афғонистонликлардан бири: "Амир соҳиб, бунақада хазинангиз қуриб қолади-ку. Яхшиси фарзандларингиз учун уй-жой олиб қўйинг", дея панд бергандай бўлади. Шунда отам: "Тахту подишоҳлик менга нима қилди-ки, менинг фарзандларимга қилса?! Мен авлодларимни Худога топшираман. Бу одамлар мен билан бирга бўлган пайтларида ҳали фарзандларим йўқ эди. Бу халқ мен учун жон олиб, жон берган, ватанларидан айрилишди. Сариқ чақам қолгунича улар билан баҳам кўраман",-деб жавоб қайтарган эканлар. Одамлар отамни биздан ҳам яхшироқ танишар эди. Улар отам ҳақида сўзларканлар, кўз ёш қилишарди.

Азимийнинг шахсий албомидан
Суратларда қолган тарих...

Савол: Отангизнинг шахсий фазилатлари ҳақида яна нималарни эслайсиз?

Абдулкабир Азимий: Отам ўлимини сизга сўзлаб берай. Қиблагоҳим 1944-йилда Кобулда оламдан ўтдилар. Ўшанда мен 13-14 ёшларда эдим. Менга: "Болаларга қара, жаноза пайтида ташқарига чиқиб, барқир-чақир қилишмасин",- дея топшириқ бердилар. Ҳарамдан ташқарида, катта ҳовли бўларди. Ўша ерда қорилар йиғилиб, Қуръон тиловат қилишарди. Отамни бир хонага ювиб, ўраб, ётқизиб қўйишганди. Аёллари чиқиб кетгач, биз фарзандлари саф тортиб, бирма-бир кириб, отамнинг қўллари ва оёқларини ўпиб чиқдик. Отамнинг бош вазири Ҳошимхон ва яна бир қанча амалдорлар у ерда саф тортиб туришарди. Падаримизни олиб чиқишаётганда, мени бир нарса ҳайратга солди. Йиғламаган одамнинг ўзи қолмаганди. Жанозага ҳаттоки Бухоро яҳудийлари ҳам келишганди. Улар шунчалар кўз ёш қилишар эдики, мен кўриб кўзимга ишонмасдим. Одамлардан бири улардан: "Сиз нимага йиғлайсиз?"-деб сўраганида, улар: "Ахир у бизнинг подшоҳимиз эди",- деб жавоб қайтаришганди. Ўша куни Афғонистонда байроқлар ярим туширилди, ҳатто, баъзи элчихоналар байроқлари ярим туширилганди. Айтишларича, ҳаттоки Русия байроғи ярим туширилиб, элчихонада қизил чироқлар ёқилган экан. Сизга яна бир воқеани айтиб берай: ҳаётликларида Омонуллохон отамни Пағмонга чақиради. Йўлда кетаётиб, Русия элчисининг автоулови лойга тиқилиб қолганини кўрадилар. Отам унга ёрдам беришни айтадилар. Кейин элчи: "Бу киши ким?"- деб сўрайди. "Бухоро амири",-дея жавоб қиладилар. У келиб, отамга ташаккур билдиради. Падаримнинг ҳайдовчилари кобуллик бўлган, у киши: "Нима учун унга ёрдам қилдингиз?"- деб сўраганларида, отам: "Мен бир пайтлар Русияда туз-нон еган эдим",-деб жавоб берган эканлар. Отам ана шундай инсон эдилар.

'Товуслар ҳалиям бормикан?'

Савол: Отангиз адабиёт ва фалсафага қизиққанлари айтилади. Шу ҳақда бирор нарса дея оласизми?

Абдулкабир Азимий: Қиблагоҳимиз Бедилни кўп ўқирдилар. Ўз қалъаларида Бедилхонлик кечаларини ўтказар эдилар. Маснавийхонлик кечалари ўтказиларди. Отам моҳир овчи ва чапдаст чавандоз эдилар. Мусиқани яхши тушунар эдилар. Шу ҳақда бир воқеани сизга айтиб берсам: отамнинг тан қўриқчиларидан бирининг нақл қилишича, Афғонистон подшоси Омонуллохон ўз таваллуди кунини Кобул меҳмонхонасида нишонлайдиган бўлади ва бу кечага отамни ҳам таклиф этади. Омонуллохон таваллуд кечасида пианино чалади. Сўнгра навбатни Амир Олимхонга беради. Шунда Олимхон пианинони шунчалар моҳирлик билан чаладики, мусиқа охирида Омонуллохон уни оғушига олиб: "Энг олий туҳфани менга сиз қилдингиз!"- деб айтган экан. Даврада бўлган ғарб элчиларидан бири, отамнинг кимлигини билиб, келиб қўлларидан ўпган экан. Элчи: "Сизни подшо бўлганингиз учун эмас, балки пианинони шунчалар моҳирлик билан чалганингиз учун ўпдим, пианино чалишни қаердан ўргангансиз?"- деб сўрайди. Олимхон эса: "Санкт-Петербургда ўрганганман. Аммо машқларни Бухорода қилганман",- деб жавоб қайтарадилар.

Савол: Амир Олимхон ҳаётининг охирги лаҳзаларида, айтишларича, Бухорога олиб кетишларини сўраган экан. Хотирангизда борми, нималарни сўраганлари?

Абдулкабир Азимий: Ҳаётларингиз сўнги дамларида отамнинг кўзлари ожизлашиб қолган эди. Газета хабарларини у кишига акаларим ўқиб беришар эди. Охирига бориб, фикрлари ҳам муҳталлашади, фарзандларидан уни Бухорога олиб боришларини сўраган эканлар. Шунда икки навкари уларни кўтариб катта ҳовлининг бир бурчагига олиб боришади-да, мана Бухородасиз, дейишади. Ўшанда отам: "Товуслар ҳалиям бормикан?"-сўраган эканлар. Ўша товусларни мен 1993-йилда Ўзбекистонда борганимда кўрдим. Отам бизга доимо бир нарсани таъкидлар эдилар: "Фарзандларим сиз шаҳзодаларсиз. Шаҳзодалардек рафтор қилсангиз, ҳеч қачон хор бўлмайсиз",-дердилар.

Савол: Отангизнинг васиятлари нима бўлган?

Абдулкабир Азимий: Аҳволлари оғирлашгач, шундай дегандилар: "Ўлим - ҳақ. Лекин, сизга бир нарсани эслатиб қўяй. Вақти келиб, Ватан озод бўлади. Бухоро озод бўлади". Отам ўзини Шуҳадои Солиҳин мозорига омонат кўмишларини ва Бухоро озод бўлгач, тупроқларини яна ватанларига қайтаришларини сўраган эдилар. Уларнинг асосий васиятлари шу эди. Отам шунингдек, уларнинг ортидан эргашган бухороликларнинг қадрига етишимизни васият қилган эдилар.

Савол: Мана отангиз тупроқларини ватанларига қайтаришни сўраганларини айтдингиз, бу ишни амалга оширишга уриниб кўрдингизми?

Абдулкабир Азимий: Афсуски, ҳозиргача буни амалга ошира олмадик. Шуни Ўзбекистон ҳукумати ёрдам беришини истардик. Ўзбекистон ҳукуматидан шуни илтимос қилиш ниятимиз йўқ эмас.

Категория: Д У Н Ё Х А Б А Р Л А Р И | Просмотров: 2138 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024
ҚИДИРИШ

Бесплатный хостинг uCoz