Конгресс қаршисида жума намозиОдил Рузалиев Нашр қилинди: 04 октябр, 2009 йил Яқинда Америкада минглаб мусулмонлар Капитолий қаршисида, бу давлат
қонунчилик органи олдида намозга йиғилди. Мамлакатда қарийб 7 миллион
мусулмон яшашини ва юзлаб масжидлар борлигини ҳисобга олсак,
Вашингтондаги тадбирни катта бир маросим бўлди дея олмаймиз. Аммо нега
айнан сиёсий маскан ёзида ўқилгани ислом ҳақида кам биладиган
америкаликлар орасида катта қизиқиш уйғотди.
Барак Обама президент бўлганидан бери ислом дунёси билан алоқаларни
яхшилашга киришган. АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси мусулмонларни ўз
сафига қўшилишга даъват этмоқда. Яқинда эса тарихий воқеа содир бўлди.
Турли миллат вакилларига тегишли беш мингга яқин мусулмон Конгресс
биноси ёнида намоз ўқиш учун рухсат олди.
"Бу тадбир Америка диний хилма-хилликни қўллаб-қувватлашини кўрсатиб
турибди. Мусулмонлар ҳам шу мамлакат фуқаролари. Америка тараққиётига
бирдай ҳисса қўшмоқда," дейди вашингтонлик хизматчи Надя Хўжа.
Жума намозининг Капитолий ёнида ўтказилиши ижобий ҳол, дейди тадбирга
тўпланган мусулмонлар. Уларнинг айтишича, Американинг ўзига яраша
муаммолари бўлсада, у яшаш учун яхши мамлакат.
Вашингтонлик Нашид Расулнинг айтишича, унинг бу ерга келишидан мақсад -
тинчликни қўллаб-қувватлаш, ахир тинчлик - ислом дини тамойилларидан
бири, дейди у.
"Миллатингиз, динингиздан қатъий назар ислом тинчликка чақиради.
Динимиз ҳақида яхши билмаган одамлар бугунги тадбирга қарши чиқмоқда,
аммо 1-2 кишининг қабиҳ ишлари орқасидан бутун мусулмонларни айблаб
бўлмайди," дейди Расул.
Баъзи консерватив насроний гуруҳлар назарида АҚШ ҳукумати мусулмонлар
талабларига ён бериб насроний анъаналар билан вояга етган мамлакатнинг
исломийлашишига йўл қўймоқда. Баъзилари ушбу тадбирга норозилик
билдириб, ҳаттоки уни издан чиқаришга ҳаракат қилди.
"Парвардигор, бу одамларни тўғри йўлга қайтар" дея ибодат қилаётган бир
гуруҳ насроний миссионерлардан "мусулмонлар хато йўлдами" дея сўраймиз.
"Биз бу ерга ким ҳақ-у, ким ноҳақлигини айтиш учун келганимиз йўқ.
Исони худо ва халоскор деб биламиз ва бу одамларнинг кўзи очилсин дея
ибодат қиляпмиз," дейди улардан бири.
Тадбирни четдан кузатиб турган Нью-Йорклик тарих ўқитувчиси ҳар бир динда ҳам экстремиздан эҳтиёт бўлиш керак дейди.
"Диний бағрикенглик тарафдориман. Фундаментализм хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ
мусулмон, хоҳ насроний - қабул қилмайман. Шариатнинг қонун сифатида
қўлланилишига ҳам қаршиман," дейди у.
9 яшар Рафай бу кун бир умрга эсида қолишини айтади.
"Бугун жудаям кўп одам тўпланди. Конгресс хизматчилари ибодат қилишимизни кузатиб турди. Ҳаммаси яхши ўтди."
"Капитолийда жума намози" ташкилотчилари 50 мингга яқин мусулмон
тўпланади деб умид қилган эди. Бу каби тадбирлар, дейди улар,
америкаликларга ислом ҳақида кенгроқ маълумот олишга ёрдам бериб, унга
қарши муносабатни юмшатади.
|