'Тоҳир Йўлдош ўлдирилди'
|
|
Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилганига оид хабарлар шу пайтгача ўз тасдиғини топмай келаётганди |
Покистон Жосуслик хизмати мулозимларига кўра, "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" раҳбари Тоҳир Йўлдош ўлдирилган.
Билдирилишича, ҳодиса ўтган август ойида Покистон шимоли-ғарбида юз берган.
"Ал-Қоида" тармоғига алоқаси борлиги ҳам айтилган ўзбекистонлик жангари йўлбошчи америкаликларнинг учувчисиз учоқдан уюштирилган
ракета ҳужуми сабаб ҳаётдан кўз юмган.
1991 йилда 26 яшар Тоҳир Йўлдош ва Президент Ислом Каримов иштирокидаги йиғин туширилган видеотасмадан парчалар
Бироқ Покистон Ички ишлар вазирлиги унинг ўлимини тасдиқловчи "қатъий далиллар" йўқлигини ҳам айтмоқда.
Покистон армиясига тегишли манба Би-би-си билан суҳбатда бу хусусда "жиддий гап-сўзлар" борлигини билдирган.
Бироқ,
бу Тоҳир Йўлдош ўлдирилгани ҳақидаги биринчи хабар эмас. Авваллари ҳам
бу даъво қилинган, аммо хабарлар тасдиғини топмаганди.
Афғонистон Толибони Тоҳир Йўлдош ўлимидан хабардор эмаслигини айтди.
Хўш,
ҳозирги ҳолатда Тоҳир Йўлдошнинг ўлгани неқадар ҳақиқатга яқин? Бу
борада Би-би-cининг Исломободдаги мухбири Шоайб Ҳасандан сўрадик.
Ҳасан:
Ҳа, бу галги хабарлар аввалгиларидан бошқача, чунки бир неча манбалар
баробарига Тоҳир Йўлдошнинг ҳалок бўлгани ҳақида айтмоқдалар. Лекин,
шундай бўлса ҳам унинг ўлими 100 фоиз тасдиқланган деб айта олмаймиз.
Гап шуки, бу гал унинг ўлими ҳақидаги кўпларнинг гапи бир ердан
чиқмокда. У ҳам бўлса, Тоҳир Йўлдошнинг оғир жароҳат олгани ва
эҳтимолки ҳалок бўлгани.
Би-би-cи: Лекин, бунинг бирон аниқ далиллари борми ҳозир?
Ҳасан:
Йўқ. Фақатгина бир нарса бор, у ҳам бўлса ўтган ҳафта ўзини Тоҳир
Йўлдошнинг тан қўриқчиси дея таништирган шахснинг халкаро радиолардан
бирига қўнғироқ қилиб, унинг ҳалок бўлганини айтган. Лекин, шуни айтиб
ўтиш керакки, Тоҳир Йўлдош ҳалок бўлганлиги айтилган Вазиристон ҳудуди
ҳукумат назорати мавжуд бўлмаган ва деярли бориб бўлмайдиган ҳудуддир.
Ҳатто Покистон хавфсизлик хизматлари ҳам у ерга бора олмайдилар. Лекин,
балки келгуси бир неча ҳафта мобайнида, худди Байтуллоҳ Маъсуд билан
бўлганидек, бирон киши унинг ҳалок бўлгани вақти суратга тушириб оммага
ошкор қилишга қарор қилса бу каби далил чиқиб қолиши мумкиндир.
Айтганимдек, Вазиристондан аниқ маълумот олиш қийин, мана Тоҳир
Йўлдошга ҳужум август ойида бўлгани айтилаяпти, лекин хабари энди
чиқди.
Би-би-cи: Америкаликларнинг учувчисиз учоғидан қилинган дея айтилаётган ҳужум аниқ қачон рўй бергани маълумми?
Ҳасан:
27 август куни ҳужум бўлгани айтилган, расмийларга кўра, ана ўша
ҳужумда Тоҳир Йўлдош оғир яраланган. Лекин, Тоҳир Йўлдошнинг атрофидаги
яқин одамлар ўзлари чиқиб "мана, бу кунда яраланди, ёки мана бу кунда
оламдан ўтди" демагунларига қадар буни ҳам аниқлик билан айтиш қийин
бўлади. Ҳозирга қадар на Ал Қоида ва на Толибларнинг бирон юқори
лавозимли вакили чиқиб унинг ўлимини тасдиқлади. Лекин, шу вақтгача
унинг ўлими ҳақида пайдо бўлган хабарлардан бу галгиси анчайин асослига
ўхшайди
|