Қозоқ матбуоти Алматидаги 'шприц ҳужумлари' ҳақида
Шодиёр Саиф Би-би-си, Алмати
Қозоғистонда чоп этиладиган "Мегополис" рўзномаси Алмати шаҳрида "СПИД террорчилари"ларининг қайта пайдо бўлгани ҳақида ёзади.
Рўзномада Наталя исмли аёлнинг 4 ёшли қизалоғи яқинда дуч келган ҳодиса келтирилади.
Бозорлик қилиб юришганда, қизи уни катта ёшли одам туртганини айтади. Уйга келиб кўришгач, қизалоқнинг баданида шприц излари
топилади.
Рўзнома сўнгги 9 ой ичида Наталянинг қизида содир бўлган йўллар орқали бошқаларга бедаво ОИТС хасталигини юқтириш ҳолатларининг
40 га яқини содир бўлганини ёзади.
Алмати шаҳар ОИТС маркази бош шифокори Марат Тукеевга кўра, рўзномадаги рақамлар анча бўрттирилган.
"Шприц билан ОИТС юқтирганликда шубҳаланиб, икки киши мурожаат қилди. Уларнинг ташхиси ВИЧга нисбатан салбий натижани кўрсатди,"
дейди Марат Текеев.
'Безорилик'
Алматида худди шу каби ҳодисалар бундан икки йил олдин ҳам содир бўлган эди.
Ўшанда ҳам бозор ва кўча каби одамлар гавжум жойларда номаълум шахслар томонидан шприц орқали бошқаларга ОИТС касаллигини
юқтиришга ҳаракат қилишгани айтилган.
Шаҳар ОИТС марказидан олинган маълумотларга кўра, ўшанда жаъми 36 одам бу каби ҳолатлардан шикоят этган. Аммо уларнинг
бирортасида ҳам ОИТС аломатлари аниқланмаган.
"Олимларимиз
томонидан шприц орқали ушбу инекциянинг юқтирилиш эҳтимоли жуда ҳам оз,
деб баҳоланади. Яъни ушбу вирус баданга киргунча ўлиб бўлади. Атиги 0,3
фоиз ҳолатларда бундай йўл билан ОИТС юқтирилиши аниқланган," -дейди
шаҳар ОИТС маркази бош шифокори Марат Текеев.
Кузатувчилар бундай ҳодисалар безориликдан бошқа нарса эмас, деган фикрда.
Алмати Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати агар бундай ҳолатлар содир бўладиган бўлса, зудлик билан полицияга мурожаат
қилинг, махсус гуруҳ шу заҳотиёқ етиб боради, дейди.
Қозоғистон қонунлари бўйича агар ушбу вирус қасддан юқтирилгани аниқланса, айбланувчи 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши
мумкин.
Мабодо вирус юққани тасдиқланмаса, "безорилик" айби қўйилади.
|