Ал-Қоида уйғурларни Хитойга қарши жиҳодга чақирди
Ғарблик
таҳлилчилар томонидан Ал-Қоида раҳбарларидан бири сифатида кўрилган Абу
Яҳё ал-Либий Шинжондаги уйғурларни Хитой ҳукуматига қарши жиҳодга
чақирган, дея хабар беради SITE истиҳборот гуруҳи.
"Бугун Шарқий Туркистондаги таҳқирланган ва эзилган биродарлари ёнида туриш мусулмонлар бурчидир,’ деб айтади ал-Либий Исломий
веб саҳифа орқали тарқатилган ведео лавҳада.
Ал-Либий, шунингдек, мусулмонларни Хитойда нималар юз бераётгани ва "Хитой мустамлакачилиги" ҳақида матбуот орқали хабарлар
бериб боришга чақирган.
Унинг қўшимча қилишича, Хитойдаги энг йирик мусулмон жамоа ҳисобланган уйғурлар "камситилмоқда".
Асли Ливиялик Абу Яҳё ал-Либий Хитой коммунист режимини ҳам Совет Иттифоқи тақдири кутаётганини башорат қилган.
45 ёшли ал-Либий 1980 йилларда Афғонистонда Совет қўшинларига қарши жанг қилган. У, шунингдек, таниқли уламо ва ал-Қоидадаги етакчи раҳбарлардан бири экани айтилади.
Ал-Либий 2001 йилда Америка етакчилигидаги кучлар Афғонистонда ҳарбий амалиётларни бошлашидан кўп ўтмай ҳибсга олинган ва
АҚШнинг Кобул яқинидаги Багром қамоқхонасига ташланган эди.
Бироқ у 2005 йил июлида Толибон ҳаракати ва ал-Қоиданинг бир неча етакчи аъзолари билан бирга Багромдан қочишга муваффақ бўлди.
Шинжонда
кўплаб уйғурлар Хитой ҳукумати экстремизм ва бўлгинчилик хавфини баҳона
қилиб, уларни диний ва маданий жиҳатдан камситиб келаётганидан шикоят
қилишади.
|