ҚАҲРАМОН ШОИР АБДУЛЛА ОРИПОВНИНГ ҚИЗИ ЮЛДУЗ ФУҚАРОЛАРГА ФИРИБ БЕРДИ!
ПРЕСС-РЕЛИЗ № 40, 08.10.2009 йил
Кейинги пайтларда ҳукумат амалдорларининг фарзандлари содир этаётган
қонунбузарлиг-у, жиноятлар билан боғлиқ миш-мишларга қулоқларимиз
кўникиб қолди. Бироқ йирик жамоат арбоблари, юриш туриши-ю, хулқи билан
кишиларга идеал бўлувчи шахсларнинг фарзандларидан ола чиқса ғалати
туюларкан. Ўтган йилги релизларимизда Қаҳрамон шоиримиз Эркин
Воҳидовнинг ўғли Хуршиднинг бир қатор коррупцион жиноятларни содир
этганликда айблангани хусусида айтгандик. Афсуски, гал элимизнинг
ардоқли адиби Абдулла Ориповга келган кўринади. Бир томондан
қонунларимизда биров бировнинг айби, жинояти учун жавобгармас,
дейилади, лекин барибир шарқликмиз-да, фарзандларнинг ноқобиллиги
одамга оғир ботаркан. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари
“Эзгулик” жамиятига Абдулла Орипов тарбиялаган қизнинг дастидан бир
эмас, икки эмас, нақ 12 нафар фуқаро мурожаат қилди. Ўтган йиллардагини
ҳам ҳисобга олсак, бу рақам 20 нинг қорасини тортади. Шикоятчиларга
кўра, шоирнинг таниқли тележурналист қизи Юлдуз Орипова кўпчиликка
фириб бериб, уларнинг пул ва бошқа товар моддий бойликларини алдов йўли
билан ўзлаштирибди. Буни қарангки, офисимизга келган шикоятчиларга илк
саволимиз “Абдулла акага учрашмадингларми?” бўлди. Ўзларини
ҳақоратланган каби ҳис қилган шикоятчилар “У киши дардимизни эшитмади
ҳам, аксинча, уйидан ҳайдаб солди” дейишди. Сўнг расмиятчиликка ўтилди,
эшитинг. Юлдуз Орипова ўзининг Самарқанд вилояти
Булунғур тумани ХТБга қараши тил ўргатиш маркази директори Нодира
Хўжаёрова воситасида Тошкент шаҳар Бобур кўчаси 87/1-б-уйда яшовчи
педагог Шофозил Ғойибназаровдан 25 000 АҚШ доллари, Булунғур тумани
Соҳибкор ф/й.да яшовчи Саъдин Ибрагимовдан 8500 АҚШ доллари, қибрайлик
Ғанишер Иргашевдан 2000 АҚШ доллари, чирчиқлик Муҳаббат Диловаровадан
2500 АҚШ доллари (ва ҳоказо) миқдоридаги пулларни талабаларни олий ўқув
юртларига киритиш баҳонаси билан олиб, қайтариб бермаётир. Бу хусусда
фуқаролар бир қанча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат
қилишган. Ҳозирда Юнусобод тумани ИИБ мазкур иш юзасидан дастлабки
тергов ҳаракатлари бормоқда. Юлдузга даъво қилаётганлар оз эмас, кўп
эмас 55 000 АҚШ доллари иддао қилишмоқда. Жамиятимизга ёзилган шикоятда
Юлдузнинг Мирмуҳсин Акбаров (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
Маҳкамасининг юқори мартабали мулозими, ҳозирда МХХ тергов изоляторида
сўроқ қилинмоқда — Эзгулик)нинг номидан пул олгани, жабрланувчиларни
“Бизнинг хонадонимиз Президентнинг оиласи билан қуда-анда...” деб
ишонтиргани таъкидланади. Бизнинг тергови ҳали битмай
туриб бу иш ҳақида ёзаётганимизнинг сабаби эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш
органларини фаолликка чақириш, уч ойдан бери силжимаётган ишга омманинг
эътиборини қаратишдир. Ким билади, Абдулла ака кимгадир сим қоққандир,
Юлдуз прокурору миршабларга босим ўтказгандир. Борингки,
мамлакатимизнинг турли нуқталарида яшаётган 20 нафарга яқин киши
бирлашиб, шоир хонадонига туҳмат қилмоқчидир. Буларнинг барчаси
суриштирилиши, қонун тартибида ўрганилиши керак. Лекин бундай
бўладиганга ўхшамапти: Юлдуз ҳали ҳам отдан тушмаган, прокурору
миршаблар эса мол аччиғидаги аламзада жабрланувчиларга дўқ урмоқда. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Human Rights Society of Uzbekistan “EZGULIK” O’zbekiston Inson Huquqlari Jamiyati Raisi – Vasila Inoyatova – Tashkent-700000, Navoiy ko’chasi 24. Tel: (998712) 395-30-66 Fax: 142-85-88; 131-48-72 E-mail: vasilaez@dostlink.net Website: http://www.ezgulik.org
|