Ўзбеклар Британия банкидан 600 минг фунт стерлинг ўмариб, кўлга тушдилар Бир қатор халқаро матбуот агентликлари тарқатган ахборотларга
қараганда, яқинда Буюк Британиянинг Лондон шахрида компьютер орқали
банкдан 600 минг фунт стерлинг ўмарган бир гуруҳ ўзбек болалари қўлга
олинган. Лондон полицияси томонидан қўлга олинган 25 ёшли Азамат
Раҳмонов ва унинг уч ҳамюрти, биргаликда Nat West банк тармоғининг
интернетдаги ҳисоб рақамларига бузиб киришга муваффақ бўлганлар. Сўнг
улар банк тармоғига махсус вируслар юбориб, у ердан пул кўчириш
ишларини амалга оширганлар. Улар юборган вируслардан Nat West банк
тармоғи катта зарар кўрган.
Жиноий гуруҳ аъзолари шу йилнинг февраль - апрель ойлари давомида,
доимий равишда Nat West банк тармоғига компьютер орқали кириб, у ердан
пул маблағлари "ўғирлаб” юрганлар. "Ўғирланган” дейилаётган ўша
маблағлар, юқорида номи айтиб ўтилган банк клиентлари ҳисоб
рақамларидан Шарқий Европадаги бир қатор банклардаги махсус ҳисоб
рақамларига кўчирилиб борилган.
"Лондоннинг жанубий шарқида яшаб келган ушбу гуруҳ аъзолари ўз
раҳбарлари Азамат Раҳмонов бошчилигида аллақачон 600 минг фунт стерлинг
пулни кўчириб қўйишга улгуришибди”, дейди бу ишни очган полициячи. У
тергов ишлари бораётганлиги боис, гуруҳнинг бошқа аъзолари исм ва
фамилиясини ҳозирча очиқлай олмаслигини айтибди. Аммо тергов ишини олиб
бораётганларнинг айтишича, Азамат ўз гуноҳини бўйнига олганмиш.
Буюк Британияда, тергов жараёнида гумонланувчиларни Ўзбекистондагига
ўхшаб ҳар хил қийноқларга солинмаслигини инобатга оладиган бўлсак, бу
жиноят иши бошқа бир далил ва асослар орқали очилган деб, таҳмин қилса
бўлади.
"Пул маблағларини ювиш” (пул маблағларини четга жўнатиб, кейин
ўзлаштириш) деб баҳоланаётган жиноят моддаси билан айбланаётган
ўзбеклар гуруҳи устидан суд шу йилнинг 13 ноябрида Лондон шаҳрида
бўлиб ўтиши режалаштирилган экан. Ҳа, ўзбеклар ҳам бугунга келиб
дунёдаги деярли барча халқаро тизимларга шиддат билан кириб
бормоқдалар. Жумладан халқаро жиноят тизимларига ҳам...
Қоплонбек
|