Баҳодир Чориев ҳақидаги сўнгги маълумот
“Бирдамлик”
ҳаракатининг АҚШ бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳасаннинг бизга хабар қилишича,
ҳаракат етакчиси Баҳодир Чориев бугун Тошкент аэропортида қўлга олиниб
ўзи туғилиб ўсган Шаҳрисабз туман ИИБ га олиб кетилган.
-Баҳодир Чориев бугун кечки вақт билан соат олтида Чигаго -
Истамбул-Тошкент йўналиши бўйича учган учоқда, Тошкентга қўнган. У
аэропорт чегара назорати текширувидан ўтиб, ўзини кутиб турган қариндош
уруғлари ва бир гуруҳ мухолифат вакиллари билан кўришган. Тахминан ўн
дақида юз кўришувдан кейин у паспортини чегара ўтиш пунктидаги
ҳарбийлардан олиб чиқиш учун яна ичкарига кириб кетган. Шундан сўнг у
қайтиб чиқмаган,-дейди Бахтиёр Ҳасан.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, мухолифат вакиллари Баҳодир Чориевни
нега қайтиб чиқмагани билан қизиқишган. Улар аэропортга усти ёпиқ
милиция машинаси кириб кетганини кўришган. Аэропорт чегара назорати
ходимлари мухолифатчиларга Чориев Ўзбекистондан ноқонуний чиқиб
кетганини, унга нисбатан чегарани бузиб ўтиш бўйича жиноий иш
қўзғатилганини ва тергов ишлари Шахрисабзда олиб борилишини айтишган.
Милиция конвойи назоратида “Бирдамлик” етакчиси Шаҳрисабзга олиб
кетилгани маълум қилинган.
-Ҳозирча Баҳодир Чориев ҳақида бошқа ҳеч қандай хабар йўқ, -дейди
Бахтиёр Ҳасан. -Уни уйидагилари билан гаплашиб турибман. Баҳодир ака
уйига етиб бормаган. Мени тахминим бўйича Баҳодир Чориев ҳали ҳам
Тошкентда ушлаб турилган бўлиши мумкин. Кечга яқин уни қаердалиги
маълум бўлади. “Бирдамлик” раиси Америка Қўшма Штатларида бошпана олганди.
“Бирдамлик” еткачиси билан боғлиқ воқеаларни Ўзбекистондаги ва
дунёдаги кўплаб халқаро ташкилотлар, мухолифат вакиллари ва чэт эл
элчихоналари ва дипломатик корпус вакиллари кузатиб боришмоқда.
Юсуф Расул
www.yangidunyo.com
|