Хюман Райтс Вотч: уйғур маҳбуслар 'бедарак кетган'
|
|
Ўтган ҳафта Хитой маҳкамаси ғалаёнларда айбланган 9 уйғурни ўлим жазосига маҳкум этган |
Хюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, шу йил июлида Урумчида юз берган ғалаёнлар ортидан ҳибсга олинган 40 дан
ортиқ уйғурлар "бедарак йўқолган". Ташкилот ғалаёнлар юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирмоқда.
"Уларни қидиришдан ҳам қўрқамиз" деб номланган ҳисоботда айтилишича, хитой полицияси ва ҳарбийлари 6-7 июл кунлари Урумчининг
асосан уйғурлар яшайдиган икки мавзейида кенг кўламли ҳибсга олиш амалиётини олиб борган.
Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги йигирма ёш атрофидаги эркаклар, аммо улар орасида 12, 14 ёшли ўсмирлар ҳам борлиги айтилади.
Хюман Райтс Вотчнинг гувоҳларга таяниб, билдиришича, полиция бутун бошли маҳалла ва мавзеъларни ўраб олиб, уйғур йигитларни
қидирган.
"Баъзи ҳолатларда, -дейилади ҳисоботда, - улар йигитларни аҳоли орасидан ажратиб олиб, тиз чўктиришган ва сўроқ қилиш жараёнида
калтаклаганлар.
Шундан сўнг, баданларида жароҳат ва кўкариш бўлганлар ёки ғалаёнлар пайти уйларида бўлмаган уйғурлар олиб кетилган".
Бошқа ҳолатларда эса, полиция шунчаки ёш йигитларни тўплаб олиб, юк машиналарида олиб кетган.
Хюман Райтс Вотч 43 нафар маҳбуснинг "бедарак йўқолиш" ҳолларини аниқлаган.
Ташкилотнинг Осиё бўлими директори Брэд Адамснинг айтишича, бу хали ҳаммаси эмас.
Хюман Райтс Вотч Хитой ҳукуматини "бедарак йўқотилишлар" га зудлик билан чек қўйиш, расмий айблов эълон қилинмаганларни озод
этиш ва ҳибсдаги ҳар бир одамни ҳисобга олишга чақирган.
Мустақил текширув
Шу
йилнинг 5-7 июл кунлари Урумчида юз берган ғалаёнлар сўнгги бир неча ўн
йилликда Хитойда юз берган энг йирик этник тўқнашувлар бўлган.
|
|
Хитой ғалаёнларда Робия Қодир раҳбари бўлган Жаҳон Уйғурлар Конгрессини айблаган |
Ғалаёнларга Хитой жануби шарқида уйғурларга қарши содир этилган ҳужумлар сабаб бўлгани айтилади.
Шоҳидларга кўра, уйғурларнинг тинч намойиши тезда Хан хитойларига қарши зўравонликларга айланиб кетган.
Ҳодисаларда аксарияти Хан хитойлари бўлган 200га яқин одам ҳалок бўлган.
Хитой ҳукумати зўравонликларда Жаҳон Уйғурлар Конгресси ва унинг раҳбари Робия Қодирни айблаган.
Аммо Қодир ҳоним айбловларни рад этган ва Хитойни уйғур озчилигига қарши "қирғин сиёсати"ни олиб боришда айблаган.
Ўтган ҳафта Хитой маҳкамаси ғалаёнларда айбланган 9 уйғурни ўлим жазосига маҳкум этган.
Хюман Райтс Вотч АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ва Хитойнинг бошқа ҳамкорлари Урумчидаги воқеалар юзасидан мустақил текширув талаб қилиши
кераклигини айтган.
|