ББС хабари
Ўқувчи Исломий ҳаракатга аъзоликда гумон қилинмоқда
Ўринбой Усмон Би-би-си, Хўжанд Шимолий Тожикистонда жойлашган Исфара тумани Чоркў қишлоғидаги ўрта таълим ва касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Насибуллоҳ Зоҳидий
Туркистон Исломий ҳаракати аъзоларига кўмаклашишда гумон этилмоқда.
11-синфда ўқийдиган ушбу ўспирин Тожикистон Жиноий Кодексининг жиноий гуруҳ аъзоларига кўмаклашиш ва жиноий гуруҳда қатнашиш
моддаларига кўра айбланаётир.
Кузатувчилар Исфарада ҳибсга олишлар бу шаҳарда ўтган ой охирларида юз берган отишмадан сўнг авж олганини айтишмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот
мулозимлари мазкур отишмада ҳалок бўлган 4 кишининг ҳаммаси Туркистон
Исломий ҳаракати аъзолари ва улар қидирувда бўлганлигини айтишганди.
Милиция
мулозимларига кўра, Насибуллоҳ Туркистон Исломий ҳаракати аъзоси дея
кўрилган ва қарийб уч йилдан буён ҳуқуқ-тартибот мақомотидан яшириниб
келган Зайнобиддин Иброҳимов деган шахс ва унинг шерикларига озиқ-овқат
ҳамда бошқа ҳаётий зарур маҳсулотлар етказиб берган.
Шунингдек, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларида келтирилишича, Исфара туманида яшайдиган икки аёл ҳам Туркистон
Исломий ҳаракати аъзолари билан ҳамкорлик қилишда гумон этилиб, ҳибсга олинган.
Кузатувчиларга кўра Исфарада Туркистон Исломий ҳаракати аъзоларига кўмаклашишда гумон этилиб ҳибсга олишлар бундан йигирма
кунча олдин Исфарада юз берган отишмадан сўнг бошланиб кетган.
Ҳуқуқ-тартибот мақомотлари у отишма давомида ҳалок бўлган тўрт кишининг Туркистон Исломий ҳаракати аъзоси сифатида қидирувда
бўлганликларини таъкидлашганди.
Суғд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, милиция Генерали Рауф Юсуповнинг айтишича Туркистон Исломий ҳаракатига мансубларни
аниқлаш ва уларни қўлга олиш ишлари олиб борилмоқда.
"Бу борада ҳали иш олиб борилмоқда. Агар янги маълумотлар қўлга киритилса, биз хабар берамиз. Яна бошқа айрим масалалар бор,
лекин тергов ва бошқа тезкор ишлар сири манфаати нуқтаи назаридан ҳозирча маълумот бера олмаймиз".
Жаноб
Юсуповга кўра, фақатгина 2008 ва 2009 йиллар давомида Туркистон Исломий
ҳаракатига мансублар томонидан милиция мулозимларига нисбатан тўртта
террорчилик амалиёти содир этилган.
"Гарчи ҳали
ўтказилган таҳлиллар тўлиқ бўлмаса-да, қўлга олинган икки-уч кишининг
билдиришича, бу террор ҳужумларидан мақсад милиция мулозимларига
нисбатан жиҳод экан. Бунга эса милициянинг бу ҳаракат аъзолари ва
уларнинг яқинларига нисбатан кураш олиб бораётгани деб айтишган",-
дейди генерал Рауф Юсупов.
Жорий йилда Тожикистонда 20 нафарга яқин киши Туркистон Исломий ҳаракатига мансубликда кўрилиб қўлга олинган.
Ҳозирда бу ҳаракат мансублари сифатида кўрилаётган 40 дан ортиқ киши қидирувда бўлиб, улар ҳақидаги маълумотлар ва расмлари
маҳаллий телевидениелардан бирида кўрсатилган.
Айни бир пайтда Исфара шаҳрида яшаётган диндорлар Туркистон Исломий ҳаракатига мансубларни қидириб, қўлга олиш жараёнида бу
ҳаракатга алоқаси бўлмаган кишиларнинг жабрланиб қолишидан хавотирлик билдиришади
|