Ўзбек автосини тақиқлашни таклиф қилишмоқда
|
|
Ўзбек автомобилларининг энг йирик бозори Россияда |
Россиядаги автомобил ишлаб чиқарувчи ширкатлар ўзбек автомобиллари импортини тақиқлаш таклифини илгари сурмоқдалар.
"АвтоВАЗ", "ГАЗ", "Соллерс" автоширкатларининг раҳбарлари Россия Бош вазири Владимир Путинга мактуб йўллашган.
Бу мактубда Россияга Ўзбекистон автомобилларининг импортини чеклашни сўраганлар.
Россия
оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, "АвтоВАЗ" ширкати раҳбари
Игор Комаров, "ГАЗ" гуруҳи раҳбари Сергей Занозин и "Соллерс" ширкати
Бош директори Вадим Швецовларнинг ҳукуматга мурожаатида Ўзбекистон
ҳукуматининг тақиқловчи амалларига нисбатан чора кўришга чақирилади.
Россия автосаноати етакчилари фикрича, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг автомобил ишлаб чиқарувчисини ҳимоя қилиш мақсадида шу
йил қаттиқ чораларга қўл урган.
Россия
матбуотининг Бош вазир Путинга йўлланган мурожаатда "Ўзбекистонда
Россия автомобил заводларини тақдим этадиган фирмаларга валюта
конвертацияси буткул тўхтатилди, хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар
учун кредитлар маън қилинди, импорт автомобиллари қўшимча йўл солиғига
тортилаётгани" айтилади.
Россия автомобилчилари Ўзбекистоннинг GM Uzbekistan ширкати автомобилларига ҳам қатор чекловлар киритишни таклиф қилганлар.
GM Uzbekistan - собиқ "УзДЭУавто" қўшма корхонаси бўлиб, Асакадаги заводда бугунги кунда ҳам асосан ДЭУ ширкати автомобиллари
ишлаб чиқарилади.
"Нексия" ва "Матиз" автомобиллари Россияда энг кўп сотилаётган хорижий русумлар ҳисобланади.
2009 йилнинг тўққиз ойи мобайнида 20 минг "Нексия", 18 минг "Матиз" Россия бозорида сотилгани хабар қилинади.
Мухбирларнинг ёзишларича, Россия автомобилсозлари ҳукуматга мурожаат қилиб, ўзларининг GM Uzbekistan ширкатидек рақибидан
қутулишга умид қилмоқдалар.
Маҳаллий
матбуотда Ўзбекистонни жаҳондаги 28-автомобилсоз мамлакатга
айлантиргани айтиладиган "УзДЭУавто" қўшма корхонаси 1996 йилда ишга
туширилган, Асакадаги завод йилига 250 минг автомашина ишлаб чиқариш
қувватига мўлжалланган эди.
Бироқ Жануби-шарқий Осиёдаги инқироз Жанубий Кореянинг йирик ширкатлари қатори "ДЭУ"нинг аҳволини ҳам мушкуллаштирди, ДЭУ
ўзининг кемасозлик сингари бутун-бутун соҳаларидан воз кечишига тўғри келди.
Дунёнинг турли мамлакатларида барпо этган автомобил заводларини бошқа ширкатларга сотишга мажбур бўлди.
Аммо Ўзбекистон ҳукуматининг қўллаб-қувватлови билан Асака заводи ДЭУ устидан назоратни Америка Қўшма Штатларининг "Женерал
Моторс" ширкати олгунича жанубий кореяликлар билан қўшма корхона сифатида қолди.
2007 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва "Женерал Моторс" ширкати GM Uzbekistan қўшма корхонасини барпо этишга келишдилар.
Ўзбекистоннинг ўзида ҳам "Шевроле" ва "ДЭУ" русумидаги автомобилларга талаб юқори.
Ўзбекистоннинг ички автобозорида бу машиналар нархи Россиядагидан ҳам юқори бўлиб келган, таҳлилчилар фикрича, автомобиллар
савдоси мамлакат юқори доираларидаги коррупция кўринишининг бир турига киради.
|