ББС хабари
Санжар Умаров Ўзбекистондан чиқиб кетди
|
|
Санжар Умаров кутилмаганда 7 ноябр куни озод этилди |
Ўзбекистон
қамоқхонасидан чиқарилган "Серқуёш Ўзбекистоним" мухолифат
коалициясининг раҳбари Санжар Умаров Ўзбекистонни тарк этган.
Қариндошларининг айтишларича, у Қўшма Штатларга ўз оиласи аъзолари
билан кўришиш учун жўнаб кетган. 2005 йил Андижон ҳодисалари ортидан
ҳукуматни тарқатиб юбориш, Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлар ўтказиш
чақириғи билан чиқиб, мухолифат коалициясини тузганди. Бунинг ортидан
эса, таниқли ишбилармон солиқлардан бўйин товлаш ҳамда катта миқдордаги
мулкни ўмариш каби бир неча иқтисодий жиноятларда айбланиб, қамоққа
ташланганди. Жаноб Умаров доимо ўзига қўйилган айбловларни рад этиб,
бегуноҳлигини таъкидлаб келган. Аммо Ўзбекистон маҳкамаси унга 8 йилдан
камроқ муддатли жазо тайин этганди. Санжар Умаров кутилмаганда жорий
йилнинг 7 ноябр куни озодликка чиқарилди. "Серқуёш Ўзбекистоним"
коалицияси фаоли Нигора Ҳидоятова Санжар Умаровнинг Тошкентдан учиб
кетганини тасдиқлади.
Нигора Ҳидоятова: У ўзининг оиласи олдига жўнаб кетди.
Би-би-си: Сиз Санжар Умаровнинг ўзи билан кўришдингизми? Ҳозир унинг аҳволи қандай?
Нигора Ҳидоятова: У анча вазн йўқотган, ҳозир анча кучсиз. Қамоқдан чиққанидан кейин у тиббий кўрикдан ўтди. Тиббий кўрик натижаларига кўра,
ҳозир унинг саломатлиги қониқарли.
Би-би-си: Сиз Санжар Умаровнинг ўзи билан унинг сиёсий фаолияти ҳақида суҳбатлашдингизми?
Нигора Ҳидоятова: Йўқ, бу фақат оилавий дастурхон эди, биз оиламиз даврасида унинг озод бўлганини нишонладик.
Би-би-си: Санжар Умаровнинг режалари қандай? У ўзининг сиёсий фаолиятини давом эттирмоқчими?
Нигора Ҳидоятова: У ҳозир фақат оиласи бағрига қайтиш ҳамда саломатлигини тиклаш ҳақида ўйлаяпти. Менинг фикримча, ҳозирча Санжар Умаров сиёсий
фаолият билан шуғулланмайди.
Би-би-си: Санжар Умаров оиласи аъзолари билан кўришганидан кейин Ўзбекистонга қайтиш ниятидами ёки фарзандлари билан бирга бўлмоқчими?
Нигора Ҳидоятова: У Ўзбекистон фуқароси ва мамлакатдан чиқиш учун чиқиш визасини олиб, жўнаб кетди. Демак, у яна ортга - ўз Ватанига қайтади.
Мен бу ҳақда Санжар Умаровнинг ўзидан сўраганим йўқ, аммо у сиёсий бошпана сўрайди, деб ўйламайман
|