Беш йил ўрнига тўрт йил
Фарҳод Мухторовнинг адвокатлари ва яқинлари ҳуқуқ фаолига қўйилган айбловлар асоссизлигини айтмоқдалар.
04.12.2009
Меҳрибон
Тошкент шаҳар Юнусобод туман жиноий ишлар суди 3 декабр куни ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторовнинг апелляция тартибидаги аризасини кўриб чиқиб, унинг жазо муддатини беш йилдан тўрт йилга қисқартирди.
Бу ҳақда Озодликка маҳкама жараёнини бевосита кузатган ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова маълум қилди.
- Кеча судда икки нафар давлат қораловчиси қатнашди. Улар Фарҳод Мухторовга шартли жазо берилишини сўрашди. Кеча ҳатто жабрланувчи Шоира Содиқбекова ҳам Фарҳодга пулни пора сифатида берганини инкор қилди. Кеча Шоира аввалги судларда айтган сўзларидан қайтиб: "Мени нотўғри тушунибсизлар, мен пулни унга пора сифатида бермаганман”, деди. Лекин судья буни инобатга олмасдан, Фарҳоднинг беш йиллик қамоқ жазосини тўрт йилга туширди, холос, дейди Татяна Давлатова.
Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева Фарҳод Мухторов альянснинг энг фаол аъзоларидан бири эканини ва апелляция жараёнида унинг бутунлай оқланишини кутганини айтади.
- Фарҳодга очилган жиноий иши бошиданоқ уюштирилгани маълум эди. Фарҳод кейинги пайтларда альянсимиз аъзоси сифатида жуда фаол ҳаракат қилаётганди. У жуда кўплаб пикетларда қатнашган. Унинг охирги қатнашган пикети Тошкентдаги Чехия элчихонаси олдидаги пикет бўлди. У ҳар гал пикетларда милиция ходимларининг калтаклашлари, ҳақоратларга чидаб, жуда фаол қатнашаётганди. Унинг бу ҳаракатлари унга нисбатан жиноий иш очилишига сабаб бўлди деб ҳисоблаймиз. Фарҳод уйдирма айбловлар билан қамашган. Биз унга тўрт йил берганига рози эмасмиз. Унинг бутунлай озод бўлиши учун курашни давом эттирамиз, дейди Елена Урлаева.
Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси фаоли, 41 ёшли Фарҳод Мухторов жорий йилнинг 17 июл куни ҳибсга олинган эди.
7 сентябр куни унга очилган жиноий иш бўйича маҳкама жараёни бошланган эди.
2 октябр куни Тошкент шаҳри Юнусобод туман суди ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторовни товламачиликда айблаб, уни 5 йилга озодликдан маҳрум этган эди.
Айни мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.
|