Швейцария ўзбек маҳбусни қабул қилади
Швейцария ҳукумати АҚШнинг Гуантанамо ҳибсхонасида ушлаб турилган ўзбекистонлик маҳбусга бошпана беришга рози бўлган.
Бу ҳақдаги қарор Швейцария ҳукуматининг чоршанба куни ўтган йиғилишидан сўнг эълон қилинган.
"Франс-Пресс" хабар агентлиги Швейцария ҳукуматининг бу ҳақдаги баёнотидан иқтибос келтиради.
Унда айтилишича, Қўшма Штатлар ўзбек фуқаросининг жамоат тартибига таҳдид эмаслиги ва ҳеч қачон жиноий таъқиб қилинмагани
ҳақида Женева томонини ишонтирган.
"Федерал Кенгаш инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда Гуантанамо ҳибсхонасида ушлаб турилган ўзбек фуқаросини
қабул қилишга қарор қилди", дейилади Швейцария ҳукуматининг баёнотида.
Унда таъкидланишича, АҚШнинг ушбу шахс терроризмга алоқадорлиги ҳақидаги даъволари ўз тасдиғини топмаган.
Айбсиз
Швейцария томонининг маълум қилишича, ўзбекистонлик маҳбус 2005 йилдаёқ барча айблардан тозаланган ва уни озодликка чиқариш
ҳақида қарор қабул қилинган.
Исми ошкор этилмаган ўзбек фуқаросининг Швейцария ғарбига жойлаштирилиши кутилмоқда.
Хабарларга кўра, у Швейцарияда тил ўрганиш ва иш топишга ваъда берган.
Аввалроқ Ирландия Гуантанамодаги икки нафар ўзбек маҳбусларига бошпана берганди.
Ҳимоячилар 2001 йил Афғонистонда ҳибсга олинган ўзбекларнинг терроризмга алоқаси йўқлиги ва ватанларида диний эътиқодлари
учун таъқиб этилганликларини айтишган.
Сешанба куни Президент Обама Гуантанамодаги маҳбусларнинг салмоқли қисми Иллинойс штатининг қишлоқ ҳудудидаги қаттиқ тартибдаги
қамоқхонага кўчирилишини эълон қилган.
Жаноб Обама келаси йилнинг 22 январига қадар 2001 йилда террор гумондорлари учун ташкил этилган зиддиятли ҳибсхонани ёпишга
ваъда берган.
Ўзбекистонлик маҳбусларнинг ҳимоячилари улар ватанларига қайтарилгани тақдирда қийноқлар ва ўлимга юз тутишларидан ҳавотир
билдиришган.
|