|
|
Қирғизистонда охирги тўрт йилда 60 га яқин журналистга ҳужум қилинган |
Қирғизистонда шаҳар рўзномасига 'ўқли' мактуб юборилди
Мўмин БекзодБи-би-си, ЎшСуратли янги йил табрикномаси ва ичига қисқа мактуб ҳамда бир дона ўқ солинган конверт "Ўш шоми" рўзномаси муҳарририятига
кираверишда ойина тагидан топилган.
Рус
тилида ёзилган номада: "Сафсатангиз икки пулга арзимайди, фақат
бошингиз кетади"; "Ҳидлаб кўринг, бу миянгизни тозалаш учун кучли
таъсир этувчи дори", "Унутманг: мўлжал остидасиз", "Эсингизни йиғиб
олинг, сиз билан ади-бади айтиш етар энди," деган таҳдидли сўзлар
битилган.
Маҳаллий милитсия дастлабки текширув ўтказган, ходимлардан тушунтириш хатлари олган, ашёвий далилларни олиб кетган.
Изқуварлар ҳозирча ҳодиса тафсилотини овоза этмасликни тавсия қилганлар.
Шаҳар Ички ишлар идораси расман изоҳ бермаётир.
Айни пайтда рўзнома ходимлари ҳодисани ўз касбий фаолиятлари билан боғлашади.
Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, шаҳар мэрияси нашри бўлган "Ўш шоми" аслида кескин фикр билдирувчи газеталар қаторига кирмайди.
Аммо, газета охирги ойларда шов-шувларга сабаб бўлган қатор танқидий мақолалар чоп этган.
Танқид ўқига учраган мулозимлар ва уларнинг тарафдорлари назарида, ушбу мақолалар шаҳар бошлиғи буюртмаси билан ёзилган.
Ўтган ойда номаълум шахслар газета бош муҳаррирининг ўринбосари Қубанич Жолдошевни қаттиқ калтаклаб кетишганди.
Журналист оғир аҳволда шифохонага ётқизилганди. Ўшанда Қубанич Жолдошев ҳамлани ўз касбий фаолияти билан боғлаганди.
"Калтаклаб кетишганидан кейин ҳам, чўнтак телефонимга ҳамда муҳарриримиз телефонига бир неча СМС-пўписа тушганди. Биз маҳаллий
милитсияга бу борада мурожаат қилганмиз. Аммо натижа ҳозирча йўқ," деб айтди Қубанич Жолдошев.
Жаноб Жолдошевнинг охирги мақоласи маҳаллий университет талабаларининг норозилик чиқишига бағишланганди.
Талабалар ўқиш ва ётоқхона нархи баландлигидан шикоят қилиб, митинг уюштиришганди.
Тадбир овоза бўлган ва маҳаллий ҳокимият ёшлар талабига қулоқ тутганди.
Муҳаррир ўринбосарини дўппослаш юзасидан Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси "Безорилик" моддаси билан жиноий иш кўзҳатган, бироқ
ҳозиргача Қубанич Жолдошевга ҳамла қилганлар топилмаган.
Маҳаллий қаламкашлар сўнги пайтларда минтақада журналистларга ҳужумлар кўпаяётганидан ташвиш билдиришади.
Бир неча ой муқаддам айнан Ўш вилоятида ёш журналист Ташиев милитсия ходимлари томонидан калтакланган ва оғир жароҳатлар
оқибатида жон таслим қилганди.
Аввалроқ маҳаллий "ЎшТВ" компанияси бош тасвирчисига номаълум шахслар ҳужуми қилишганди.
Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда сўнги тўрт йил мобайнида олтмишга яқин журналист жабрланган, олти қаламкаш мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
|