Камбоджа 20 уйғурни Хитойга топширди
Камбоджа ҳукумати 20 нафар бошпана изловчи уйғурни мажбуран Хитойга жўнатиб юбораркан, бу амал халқаро доирада қораланмоқда.
БМТ Қочқинлар идораси Хитойдан Камбоджага қочиб ўтган уйғурларга қочқинлик мақоми бериш учун уларнинг аризаларини ўрганаётган
эди.
Аммо Камбоджа ҳукумати уларни ноқонуний муҳожир, дея махсус учоқда Пекинга жўнатиб юборди.
АҚШдаги уйғур фаолларининг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишларича, бу уйғурлар Шинжой-Уйғур бўлгаси пойтахти Урумчи шаҳрида
кечган низоларга шоҳид бўлган инсонлардир.
"Улар орасида ёш болалар ва аёл киши ҳам бор" - дейди Вашингтондаги уйғур фаоли Элшод Ҳасан - "Бу уйғурлар Урумчида кўрган
воқеалари ва исён қай алфозда бостирилганини дунёга билдирмоқчи эдилар".
Уйғурларнинг Хитойга жўнатилишига қарши АҚШ норозилик билдирди ва америкалик дипломатлар уйғурлар "Хитойнинг талаби билан
қайтариб юборилганини" қайд этдилар.
АҚШнинг Камбоджадаги элчихонаси Пекин расмийларига мурожаат этиб, қайтарилган уйғурларга нисбатан адолатли муносабатда
бўлишни сўраган.
БМТ Қочқинлар идораси эса жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари орасида "Қочқинлар бўйича конвенция"га имзо чеккан ягона мамлакат
- Камбоджани ўз халқаро мажбуриятларини бузганликда айблади.
Аммо БМТ бу уйғурларга ҳали қочқинлик мақомини бериб улгурмаган эди. Шу
боис БМТ Қочқинлар идораси охирги дақиқаларда уйғурларни олиб қолиш
учун Камбоджадаги ҳаво қўналғасига ўз вакилларини юборгани ҳам иш
бермаган.
Уйғур фаолларига кўра, бошпана изловчи уйғурлар Хитойнинг Камбоджага ваъда қилаётган моддий ёрдами ҳамда коммунистик мафкураси
қурбони бўлишган.
Айни дамда Хитой вице-президенти Си Цзинпин бошчилигидаги ҳайъат Камбоджага келиш арафасида.
Ташриф давомида Хитойнинг Камбоджага берадиган ёрдамлари ва ўзаро савдога оид бир неча шартномалар имзоланиши кутилади.
|