Ислом Каримовга ҳам Нобель мукофоти бериладими?
Улуғбек Ҳайдаров, Канада.
АҚШ президенти Барак Обама Нобель мукофотини олди. Дунё ОАВ бу
воқеани мухокама қилиш билан бирга, одамлар ўртасида "У бунга лойиқми?”
деган маънода сўровномалар ўтказишга хам улгуришяпти.
Хақиқатда, Обамага қайси хизматлари учун бундай юксак мукофот берилди?
Нуфузли мукофот қўмитаси аъзоларининг матбуот орқали айтганларига
кўра, Обама "дунёни ядро қуролидан холи қилишга қўшган хиссаси хамда,
дунё ахолисини, яхши келажакка умидлантира олгани” учун Нобелга лойиқ
кўрилган.
Комиссия аъзолари шунинглек, Обаманинг дунё дипломатияси йўналишидаги харакатларнини "экстраординар” дея бахолаган.
"Унинг дипломатияси, бутун дунё ахолисининг кўпчилигига маъқул
келадиган ечимлар пойдеворига қурилган концепцияларга асосланган” дейди
Нобель мукофоти комиссияси аъзолари бир овоздан.
Обаманинг ўзи эса "Бу мукофот менга сиёсий аванс тарикасида берилган” деди.
Қизиқ…Унда Нобель мукофотини Ислом Каримовга хам берса бўларканда?!
Масалан, ўзбек диктатори "Мамлакат қамоқхоналаридаги хамма сиёсий
тутқунлари 2010 йилда озод қиламан”, ёки "2010 йилдан бошлаб,
мамлакатдан қувиб солинган барча халқаро ташкилотлардан узр сўрайман ва
уларни Тошкентдаги ўз офисларига таклиф қиламан” деб ваъда берса, унга
Нобель мукофоти нақд эканда?
Ислом Каримов бунақа ваъдаларни хохлаган катталикдаги қопларга жойлаб, дунё бўйича тарқатиши мумкин.
Мен учун тушунарсиз бўлган томони яна шу бўлдики, Обама мукофотни
олаётиб, Афғонистондаги урушни давом этдириш хақидаги қарорини химоя
қилувчи нутқ ирод қилди.
Бунақаси илгари бўлмаганди. Нобель рахматли ўша куни гўрида тик турган бўлса ажаб эмас….
У Оқ уйга келгунига қадар бутунлай бошқа нарса хақида гапирганди.
Фарзандлари Афғонистондаги тушунарсиз уруш ўчоғида ёнаётган Америка
халқи, Обаманинг уруш харажатларини қисқартириш, Афғонистондаги
харбийлар сонини камайтириш ва нихоят урушни тухтатиш каби ваъдаларига
ишонгандилар. Мана шу ишонч туфайли Барак Обама Оқ уй хўжайинига
айланганди.
АҚШдан минглаб километр узоқликда жойлашган Ўзбекистоннинг ахолиси
хам Обамага умид билан қарашганди. Халқимиз назарида, ёш ва омадли
Обама Ислом Каримов сингари диктаторларни "онасини кўрсатиб қўйиши”
керак эди.
Бироқ, хаммаси эски холича қолди шекилли….
Мана яқинда Обама маъмурияти ўзининг Марказий Осиёдаги сиёсий
устивор йўналишларини қайта кўриб чиқишни тугаллагани хақида хабар
берди.
Унга кўра, "АҚШнинг Марказий Осиёдаги вазифаси, минтақа
мамлакатларига барқарорликни мустахкамлаш, терроризм муаммоларини ечиш
ва энергетика ресурсларидан унумли фойдаланишга ўргатишдан иборат”
Бугун илгариги Марказий Осиё йўқлиги хаммамиз яхши биламиз.
Кирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистондаги элбоши, юртбоши
ва Жаноби Олийлари, хар жихатдан Ислом Каримовдан ўрнак олаётганлари
маълум.
Бир вақтлар ўзидаги жўшқин демократик жараёнлар билан ном чиқарган
Кирғизистонда бугун журналистлар эмин эркин кўчада юриша олмаяпти.
Қозоғистонда эса якка партияли парламент "ижод” билан банд. Улар
хатто "Нурсултон Назарбоев миллатимиз лидери! У умрбод президент бўлиши
керак!” деган беъмани шиор билан чиқишаяпти.
Тожикистонда хам сўз эркинлиги аста секин бўғилаяпти, мамлакат қашшоқлик ва коррупция қопқонида…
Туркманистонни эса гапирмаса хам бўлади…
Назарбоев, Рахмонов, Боқиев ва Бердимухамедовлар бугун Ислом Каримовга хавас қилишаяпти, ундан ўрнак олишга интилишаяпти.
Нега? Чунки, Каримов, ўз халқини қонга ботирган Каримов, дунё
хамжамиятини, халқаро ташкилотларни, АҚШ ва Европа Иттифоқини хаммасини
чув тушурди.
Уларга, руслар айтмоқчи "Қисқичбақалар қаерда қишлашини қўрсатиб қўйди”!
Андижондаги қирғиндан сўнг дунёга тирқираган ўзбек қочқинлари – воқеа гувохларига хеч ким ишонмади.
ЕИ амалдорлари ва АҚШ расмийлари Ўзбекистондаги газ ва уран
захираларидан иборат "ёғли” улушдан бенасиб қолишдан вахимага тушишди.
Улар Каримовнинг "Андижонда исломий эктремистик гурухларнинг хуружи”
хақидаги афсоналарига индамай ишонишди. Дархол диктатор билан мулоқот
йўлига ўтишди, унинг остонасини супиришни бошлашди…
Атрофидаги воқеаларни тинмай кузатиб турган қозоқ, қирғиз, тожик ва
туркман қўшнилар, шундан сўнг ўз уйларида демократия ва сўз эркинлигиги
жой берадиларми? Хеч қачон!
АҚШ маъмуриятининг "Марказий Осиё мамлакатларида барқарорликни
мустахкамлаш” деган сўзлари менга "Марказий Осиёдаги диктаторлик
тузумларини химоя қилиш” дегандек эшитилди.
"Терроризм муаммоларини ечишда кўмаклашиш” деганларини эса, "Мусулмонларга нисбатан қатағонни рағбатлантириш” дея тушундим.
Чунки, АҚШ ва ЕИнинг Марказий Осиё мамлакатларига ажратган хар
қандай моддий ёрдами биринчи навбатда у ердаги мавжуд режимнинг химояси
ва ривожи учун сарфланади.
Марказий Осиё минтақасидаги диктаторларга ёрдам бериш орқали
Афғонистондаги ғалати ва тушунарсиз урушда ғалаба қозонишни кўзлаган
Обама, яқин йилларда Ўзбекистонлик хамкасби Ислом Каримов билан
Тошкентда қучоқ очиб кўришишдан хам қайтмаса керак….
Эхтимол, "Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қўшган хиссаси учун” Ислом Каримов Нобель мукофотига хам лойиқ кўрилар?!
Бу дунёда хамма нарса бўлиши мумкин экан…
Ахир, Нобель мукофоти комиссияси аъзолари хам тирик жон…
Ванкувер, Канада.
www.yangidunyo.com
|