Қашшоқлик, коррупция, болалар меҳнати -
2010 йилнинг энг муҳим муаммолари
2010
йилда Ўзбекистонда ечилиши зарур бўлган энг муҳим муаммолар нималардан
иборат ва уларни ҳал этиш йўллари борми? Биз бу савол билан доимий
суҳбатдошимиз, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти Абдужалил Бойматовга мурожаат қилдик.
-2010 йилда Ўзбекистонда ечилиши зарур бўлган қандай муаммолар бор?
Абдужалил Бойматов: -2009 йилда қилинган ишларга
баҳо бериш ва 2010 йилда ҳал қилиниши зарур бўлган энг муҳим
муаммоларни белгилаб олиш керак бўлади. Мен Ўзбекистондаги энг муҳим
муаммолар қаторида қуйидагиларни санаб ўтган бўлардим. Улар: 1.
Қашшоқлик. 2. Коррупция. 3. Болалар меҳнати.
Биз бугун қамоқдаги инсон ҳуқуқи ҳимоячилари, виждон тутқунлари,
мухолифатни демократлаштириш, ўзбек жамиятини демократлаштириш
тўғрисида сўз юритмаймиз.
Қашшоқликка қарши курашиш БМТ томонидан дунёдаги биринчи муаммо
сифатида тан олинган, 2000 йилликнинг асосий мақсади сифатида
белгиланган. Афсуски қашшоқликка қарши кураш Ўзбекистон учун ҳам ўта
долзарбдир. Камида уч миллион Ўзбекистонликлар Россия, Қозоғистон ва
дунёнинг бошқа мамлакатларига бориб, меҳнат муҳожири сифатида
ишлашаяпти. Лекин Ўзбекистон ҳукумати, Ислом Каримов режими
Ўзбекистондаги қашшоқлик тўғрисида очиқ тан олиб гапиришни истамайди.
Ўзбекистон аҳолисида кимларни қашшоқлар тоифасига қўшиш ҳақида аниқ
тасаввур ҳам йўқ.
БМТ га кўра бир инсон бир кунда 1.25 доллардан кам пул сарф қилса, у
ўта қашшоқ ҳисобланади. Бир кунда 2.5 доллардан кам сарф қилса у
камбағал ҳисобланади. Ўзбекистон Статистика Бош Бошқармаси ҳар йили
мамлакатнинг иқтисодий ўсиш даражасини эълон қилиб боради. Масалан,
2010 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 8 фоиздан ортиқ бўлиши
айтилмоқда. Бу йил ҳам 8 фоиздан ортиқ бўлиши кутилганди. Ҳар йили
иқтисодий ўсиш бўлганлиги учун қашшоқлик камайиб боргандек бўлиб
туюлади. Ўзбекистон Статистика Бошқармасининг бу маълумотларига мен
шубҳа билан қарайман.
Бунга учта сабаб бор.
1. Меҳнат муҳожирлари сонининг кўпайиб бориши. (Иқтисодий ўсиш бўлган мамлакатда меҳнат муҳожирлари сони камайиши керак).
2. Инфляциянинг жуда юқори даражада эканлиги, яъни бир йилда 30 фоиздан
юқорилиги. Одатда иқтисоди ўсиб бораётган давлатларда инфляция даражаси
5 фоиздан ошмайди. Ўзбекистонда ҳар йили кам таъминланган оилаларга
бериладиган нафақалар, пенсиялар ва талабалар стипендиялари ҳар йили
икки марта оширилади. Иқтисодий ўсиш бўлган мамлакатда нафақалар ва
стипендиялар ошган пайтда инфляция бўлмайди ёки жуда ҳам кам бўлади.
3. Ўзбек сўмининг долларга нисбатан курси доимо қадрсизланиб бориши.
Сўм янги киритилган пайтда бир доллар тўрт сўм бўлган. Ҳозирги пайтга
келиб расмий курс бўйича бир доллар 1500 дан ортиқ, қора бозорда эса
2000 сўмдан ошиқ. Иқтисодий ўсиши худди Ўзбекистондек ривожланаётган
Хитойда юаннинг қадрсизланишини кузатмаймиз.
Афсуски 20 йил давомида сўмнинг долларга нисбатан расмий ва бозор
курси тенглашмади. Бу ҳам Ўзбекистон иқтисодиётининг жуда заифлигини
кўрсатади.
Бу айтилган фикрларимиздан келиб чиқадики, Ўзбекистон ҳукумати 20
йил давомида ўзбек халқини ёлғон маълумотлар билан овутиб келаяпти,
келажакка сунъий ишонч уйғотаяпти. Жаҳон банки, Халқаро Вальюта фонди
ва бошқа нуфузли иқтисодий халқаро ташкилотлар буни жуда яхши билади.
Лекин улар сиёсий эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан буни "билмасликка”
олишади. Чунки, НАТО ва АҚШ ҳукумати Афғонистон туфайли Ўзбекистон
ёрдамига муҳтож.
Ўз халқи учун қайғурадиган нормал демократик жамиятларда қашшоқликка
қарши миллий режалар қабул қилинади. Қашшоқликка қарши кураш усуллари
тарғиб қилинади.
Кўпчиликка маълумки Ўзбекистон дунёдаги энг кўп коррупциялашган ўнта
давлатлардан биридир (180 мамлакат ичида 174 ўринни эгаллайди). Қайси
мамлакатда коррупция ривожланган бўлса сармоядорлар бу мамлакатга бориб
сармоя ётқизишмайди ёки жуда эҳтиёткорлик билан сармоя ётқизишади. У
ҳам бўлса йирик фирмалар, Ўзбекистон ҳукуматининг "кўнглига” йўл топа
оладиганлар. Қаерга чет мамлакатлардан сармоя кириб келмаса, бу
мамлакатда иқтисодий ривожланиш савол остида қолади. Афсуски,
Ўзбекистонда Ислом Каримов режими, Ўзбекистон ҳукумати коррупцияга
қарши ҳеч қандай курашмаяпти. Чунки, коррупциядан режимга хизмат
қилаётганлар жуда катта фойда кўради.Улар шуни яхши билади, лекин
коррупцияга қарши курашмайди. Шунинг учун Ўзбекистон иқтисодий томондан
ривожланмайди.
-Аҳвол шундай экан, халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонга муносабати қандай?
А.Б.: -2007 йилдан бери АҚШ ва Европа Иттифоқининг текстил
маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи фирмалари Ўзбекистонга қишлоқ
хўжалиги ишларида, шу жумладан пахта теримида болалар меҳнати, мажбурий
меҳнатдан фойдаланилганлиги туфайли бойкот эълон қилиб келмоқда. Бу
бойкотни БМТ, Халқаро Меҳнат ташкилоти, АҚШ давлат департаменти ва
Сенати ҳамда ЮНЕСЕФ ташкилотлари қўллаб қувватлади. Шунга қарамасдан
Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш кўпайса кўпайдики, асло
камаймади. Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам бериш
мақсадида, ҳатто АҚШда намойиш бўлиб ўтди. Унда камида 50 киши қатнашди.
Афсуски, Ўзбекистонда болалар меҳнатига қарши ҳукумат ҳам, мухолифат
ҳам, аҳоли ҳам курашмади. Фақатгина, Елена Урлаева бошчилигидаги инсон
ҳуқуқлари ҳимоячилари намойиш ўтказмоқчи бўлишди, лекин бунга ҳам йўл
қўйишмади. Бу шуни кўрсатадики, Ўзбекистон аҳолиси ҳам, Ўзбекистон
мухолифати ҳам болалар меҳнатидан фойдаланиш Ўзбекистон келажагини
йўққа чиқариш эканлигини тўла англаб етишмаган.
-Сиз санаб ўтган уч муаммоларнинг жамиятга қандай салбий таъсири бор?
А.Б.: -Болалар меҳнатидан фойдаланиш, коррупция, қашшоқлик мактаб
ўқувчиларининг, талабаларнинг билим савиясини кескин камайтиради. Шу уч
нарса умуман Ўзбекистон келадагини йўққа чиқаради.
Албатта, бу уч муаммони ечиш моҳиятан Ўзбекистон ҳукуматининг
қўлидан келмайди. Бу муаммони ҳал қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати
мухолифат билан, аҳоли билан ҳамкорликда ишлаши керак. Бунинг учун
Ўзбекистон жамияти эркинлашиши керак. Демократлашиши керак.
Ўзбекистондаги мухолифат партиялари, инсон ҳуқуқлари такшилотлари
рўйхатга олиниши керак. Улар ҳукумат томонидан моддий ва маънавий
қўллаб - қувватланиши керак. Оммавий Ахборот Воситалари эркинлашиши
керак. Одил суд тизими шаклланиши керак. Парламент ҳукумат фаолияти
устидан назорат ўрнатиши керак. Мана шундай шароитда коррупцияга қарши
кураш, болалар меҳнатига қарши кураш, қашшоқликка қарши курашиш
имконияти кескин ошади.
-Айни йўналишлар бўйича ўтган йил бирор ўзгариш бўлдими? Келаётган 2010 йилда ҳам бу муаммолар ечлишига умид борми?
А.Б.: -2009 йилда бу йўналишлар бўйича ҳеч қандай амалий -ижобий
ўзгаришлар бўлмади. 2010 йилда амалий -ижобий ўзгариш бўлиши учун
Ўзбекистон мухолифати ва аҳолиси бу муаммоларга жиддийлик билан қараб,
Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиши керак. Фақатгина халқаро
ташкилотларнинг ва бошқа давлатларнинг босими етарли эмас.
Суҳбатдош: Юсуф Расул.
www.yangidunyo.com
|