Ўзбек милицияси 'номусга тажовуз'да гумон қилинмоқда
Ўзбекистон прокуратураси ҳибсхонада зўрлангани иддао қилинган маҳкуманинг иши бўйича милиция ходимларига қарши жиноий иш
очган.
Бу
ҳақда хабар тарқатган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятига кўра, Тошкент
шаҳар Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимининг бир гуруҳ ходимлари
ўтган йили босқинчиликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум
этилган Райҳон Соатованинг номусига тажовуз қилишда гумон этилмоқда.
Райҳон Соатова ўтган йилнинг 9 май куни тергов ҳибсхонасида Мирзо Улуғбек туман милициясининг 12 ходими томонидан зўрланганини
иддао қилган.
Яқинлари унинг шу йил 17 декабрида Тошкентдаги аёллар қамоқхонасида муддатидан аввал кўзи ёригани ва қиз туққанини маълум
қилганлар.
Улар, шунингдек, чақалоқнинг отасини аниқлаш учун ДНК текшируви ўтказишни талаб қилишган.
Ўзбекистон Миллий Университети талабаси бўлган Райҳон Соатова билан бирга икки синглиси босқинчиликда айбланиб, маҳкум этилган.
Жиноят иши тафсилотларини ўрганган "Эзгулик" жамияти опа-сингилларнинг ноҳақ маҳкум этилганликларини айтган.
Жамият уларнинг иддаолари юзасидан экспертиза ўтказиш ва жиноий иш қўзғатишни талаб қилиб келаётган эди.
Аввалроқ Ўзбекистон Бош прокуратураси Райҳон Соатованинг зўрлангани ҳақидаги иддаолар юзасидан текширув ўтказилгани, аммо
уларнинг тасдиқланмаганини айтган эди.
"Эзгулик" Бош прокуратурани "милиция ходимларининг жиноятини ҳаспўшлашга уриниш"да айблаган.
Жамият раиси Васила Иноятова Би-би-си билан суҳбатда милиция ходимларига қарши жиноят иши очилишини олқишлади, аммо унинг
сўзларига кўра, бу хали адолат қарор топаётганини англатмайди.
Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, бу ишнинг нима билан тугаши борасида хали саволлар кўп.
Васила Иноятованинг билдиришича, ўтган йили жамиятга фуқаролардан келиб тушган ҳуқуқ бузилишига доир шикоятларнинг 80 фоизи
ҳуқуқ-тартибот ходимларининг фаолиятига тегишли.
Унинг сўзларига кўра, бу тизим ходимлари жиноят учун жазосиз қолишларини жуда яхши билишади.
Ўзбек милицияси инсон ҳуқуқларини қўпол равишда поймол этиши ва мунтазам қийноқ қўллаши билан танилган.
2003
йилда Тошкентда тергов ҳибсхонасида гумондорнинг ўлими учун масъул, деб
кўрилган тўрт нафар милиция ходимлари қамоқ жазосига маҳкум этилганди.
Ички ишлар ходимларининг кўпда инсон ҳуқуқлари бузилишлари учун масъул эканига қарамай, ҳозирга қадар мамлакатда милиция
тўғрисида махсус қонун қабул қилинмаган.
|