Туркманбошининг олтин ҳайкали олиб ташланади
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов мамлакатнинг собиқ раҳбари, марҳум Сапармурот Ниёзовнинг олтин ҳайкалини
бошқа жойга кўчиришга буйруқ берди.
Гурбангули Бердимуҳаммедов чиқарган фармонда таъкидланишича, олтин монументни олиб ташлаш ишлари март ойида бошланади.
"Мустақиллик Арки" номини олган қўрғон 70 метрли бир-бирига туташ уч оқ устундан ва марҳум Сапармурот Туркманбошининг 12 метрлик
олтин ҳайкалидан иборатдир.
Ушбу ҳайкал махсус мослама ёрдамида қуёш ҳаракатига мос равишда айланиб туради.
Фармонда айтилишича, мажмуа янги ном билан Ашхабод ташқарисида қайта барпо этилади.
Туркманистон давлат матбуотига кўра, Гурбангули Бердимуҳаммедов собиқ президент ҳайкалини бошқа жойга кўчириш қарорини Ашхабодни
"янада кўркамлаштириш" мақсадида олган.
Бироқ, кўпчиликнинг ишонишича, сўнги қадам Ниёзов даври ва у қолдирган меросни туркманистонликлар хотирасидан босқичма-босқич
ўчиришга қаратилган давлат сиёсатининг бир қисмидир.
Шахсга сиғиниш
Туркманистонни йигирма йил давомида қаттиққўллик билан идора этган Сапармурот Ниёзов 2006 йил охирида кутилмаганда вафот этди.
Бу давр ичида Туркманбоши номини олган марҳум президент Туркманистонни дунёнинг энг ёпиқ ва репрессив мамлакатларидан бирига
айлантирди.
Сапармурод Туркманбоши ҳар қандай мухолифатни йўқ этди ва ўта беъмани шахсга сиғинишни ривожлантирди.
У шаҳарлар, кўчалар, давлат ташкилотлари, ҳаттоки ойлар ва кунларни ўзи ва оила аъзолари номига ўзгартирди.
Жаноб Ниёзов қаламига мансуб икки томлик "Руҳнома" асари Туркманистондаги барча мактаб ва олийгоҳларнинг асосий ўқув дастурига
айлантирилди.
Туркманистонда ёшларга соқол қўйиш ва балет рақслари ман этилди.
Ниёзов ўлгач, унинг аксар сурат ва ҳайкаллари давлат биноларидан олиб ташланди.
Гурбангули Бердимуҳаммедов шунингдек миллий мадҳиядан Ниёзов номини ҳам олиб ташлашга буйруқ берди.
Бироқ кузатувчилар у яратиб кетган ўзига хос тизим ҳозирда ҳам беқусур ишлаётганини айтишади
http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2010/01/100118_turkmen_statue.shtml
|