'Тоштурма'да ноинсоний муомала қайд этилди'
"Эзгулик" жамияти хабар қилишича, Тошкентдаги "Тоштурма" номи билан танилган ҳибсхонада маҳбусга нисбатан шафқатсиз қийноқлар
қўлланган.
"Эзгулик"нинг
маҳбус Қаюм Ортиқовнинг рафиқаси Моҳира Ортиқовага асосланиб тарқатган
хабарига кўра, маҳкама ҳукми эълон қилинганидан кейин тўққиз ой
давомида ҳам "Тоштурма"да ушлаб турилган Қаюм Ортиқовни "Сен Британия
жосусисан, кимга қандай маълумот олиб борганинг ва қандай маълумот олиб
келганлигингини айтиб берасан” деб қийнашган.
Қаюм Ортиқов Тошкентдаги Британия элчихонасида қўриқчи сифатида ишлаган, уни маҳкама одам савдосида айблаб, 6 йилга озодликдан
маҳрум этган.
"Эзгулик"
тарқатган хабарга кўра, маҳбусни совуқда яланғоч ҳолатда соатлаб полга
ётқизиб, устига 4-5 киши ўтирган ҳолатда ушлаб туришган. Тирноқлари
остига игна тиқишган, тиззасига, қорнига, бошига биттадан одам
ўтирғизиб, оёғи остига дубинка билан соатлаб уришган.
"Эримнинг
қўллари ва бошини пешонасидан панжарага боғлашган, оёқларига иккита
кишан тақиб, икки томонга тортиб туришган. Газетани ёқиб, унинг чотини
куйдиришган. Шифокорлар эримга 2-даражали куйиш ташхисини қўйиб,
қийноқларни тўхтатишни сўраган. Лекин бу инобатга олинмаган", деб
айтган Моҳира Ортиқова.
Рафиқаси сўзларига кўра, қийноқларга чидолмаган Қаюм Ортиқов бир неча марта ўз жонига қасд қилишга уринган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Эзгулик” жамияти маҳбуснинг қонга беланган уст-боши жамият ихтиёрида сақланаётгани ҳақида маълум
қилган.
"Афсуски, бу каби ноинсоний қийноқлар "Эзгулик” жамиятига маълум бўлган ягона факт эмас", дейилади жамият тарқатган хабарда.
Ўзбекистонда дастлабки тергов пайтида ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида гумондор ёки маҳкумни қийноққа солиш ҳоллари кўп
марта қайд этилган.
Ноинсоний, шафқатсиз муомала оқибатида инсоннинг ҳаётдан кўз юмганини Ўзбекистоннинг расмий, мутасадди идоралари ходимлари
яширишга ҳаракат қилганларига қарамасдан, қийноқдан ўлим ҳолатлари халқаро жамоатчиликка ошкор бўлган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистонга қийноқлар мунтазам
қўлланадиган мамлакат, дея баҳо берган.
Расмий Тошкент мулозимларининг бу йўналишда миллий дастур ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳақидаги ҳисоботларига қарамасдан, аксар
маҳаллий ва халқаро кузатувчилар, аҳвол ўзгармаган, деган фикрдалар.
БМТнинг
қийноқлар бўйича маърузачиси Манфред Новак Би-би-си билан суҳбатда
қийноқлар билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун Ўзбекистонга боришига
мамлакат расмийлари рухсат бермаганини айтган.
"Ўзбекистонда
қийноққа солиш ва инсон ҳуқуқларининг бошқа топталиш ҳолларига доир
мустақил текширувлар ўтказилгани йўқ. Менинг ўзим бир неча бор
мулозимлардан Ўзбекистонга боришга изн сўрадим. Мақсад мустақил равишда
мулозимлар қандай амалларга қўл уришаётганини кўриш эди. Аммо мен ҳам,
бошқа бирор бир мустақил мутахассис ҳам ана шундай текширувлар
ўтказишга таклиф қилинмадик", деб айтган БМТнинг Қийноқлар бўйича
махсус маърузачиси Манфред Новак http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2009/11/091119_new_evidence_torture.shtml
|