Ғарбга яна бир "инжиқ” исломий давлатни кераги йўқ. Ўзбек халқигачи?
Баҳодирхон Султон
Мен "Янги Дунё” саҳифасида чиқарилган Пўлат Охуннинг "Сотрудничество
демократов с исламской оппозицией невозможно” номли мақоласида ёзилган
фикрларнинг аксариятига қўшиламан.
Ўзбекистонда шахсга сиғиниш натижасида фақат бир кишининг давлат
тепасида қолиши учун ҳар қандай ҳийла-найранглар, ғирромлик, маккорлик
ва туҳматга асосланган система ўз қилмишларини халқаро ҳамжамият
андазаларига мос келмаслигини англаганидан ўз мавқеини мустаҳкамлаш
учун уйдирма жиноий гуруҳлар, сохта террористик актларни ташкиллаштириш
ва амалга оширишни қойиллатиб уддаламоқда. Мазкур ҳатти-ҳаракатлар шу
пайтгача Ўзбекистон раҳбарияти учун халқаро саҳнада маълум бир маънода
"ижобий” натижасини бериб келмоқда. Ўтган
йили Оврупа иттифоқи томонидан 2005 йил Андижон фожеаларидан сўнг
Ўзбекистонга ва давлат раҳбарларига нисбатан қабул қилинган
санкцияларини бекор қилиниши расмий Тошкент томонидан мазкур санкция
талабларини бажармасдан унинг бекор қилинишига эришилгани ўзбек
мухолифатнинг мағлубияти деб баҳоламоқ ҳақиқатни акс эттиради.
Ўзбекистон мухолифатининг радикаллашиши Ўзбекистон расмийларининг
Ғарб давлатлари билан яқинлашишига хизмат қилади. Охир оқибатда бу
Ўзбекистон ҳукуматининг дипломатик ғалабасидир.
Ғарб давлатлари учун Марказий Осиёда Афғонистон ва Эрондаги
муаммолар етарлисидан ортиқчадир. Бу регионда яна бошқа исломий
давлатларни кўришни ва уларнинг "инжиқликлари” учун миллиардлаб
маблағни сарфлаш, хамда ўз ҳавфсизликларига қўшимча таҳдид туғилишини
ҳеч бир давлат холамайди.
Ғарб давлатларидаги демократия меваларидан татиб, ўзларини тўлиқ
ҳавфсизликда ҳис қилиб, шунақанги демократик принципларга қарши
курашмоқчи бўлаётган радикал кайфиятдаги ҳамюртларимиз бир ўйлаб
кўришсин: агарки шу яшаб турган давлатларида эрта-индин ўрта
асрлардагидек давлатни дин бошқаришини истовчи радикал кайфиятдаги
насронийлар давлат тепасига келишса исломий диндорларга нисбатан қанақа
муносабатда бўлишар экан?
Ўзбекистонда давлат раҳбарларининг халқ манфаатларига зид сиёсат
юритиши, мавжуд ижтимоий, иқтисодий, маънавий инқирознинг кун сайин
кучаяётганлиги, ночор аҳолининг арз-доди этиборсиз қолаётганлиги,
мухолиф фикр юритиш, ҳаққоний маълумот олиш ва очиқ тарғибот юритиш
имконияти бўлмаганлиги оқибатида жамиятда радикал кайфиятдаги
кишиларнинг сони кескин кўпаяётганлиги кўпчиликка аён. Шу жумладан
диндорлар орасида ҳам радикал ўзгаришлар тарафдорлари бисёр.
Лекин бир неча минг радикал кайфиятдаги диндорлар бир неча ўн
миллионлик Ўзбекистон халқининг тақдирини белгилаб бериши асло мумкин
эмас. Ўзбекистоннинг аксарият аҳолиси жамиятни шариат қонунлари асосида
бошқарилишига қарши. 70 йиллик коммунистик идеология ва совет турмуш
тарзи биз истаймизми ёки йўқми ўз таъсирини ўтказган. Бунинг билан
муаллиф совет тузумидан қолган асоратларга қарши курашмаслик керак
демоқчи эмас. Шунингдек, радикал кайфиятдаги инсонлар, шу жумладан
исломий радикалларнинг ҳам ўз дунёқараши ва истаклари йўлидаги тинч йўл
билан қиладиган ҳаракатлари учун озодликдан марҳум қилиш ёки жисмонан
йўқ қилиш нотўғридир.
Менимча мухолифат вакиллари (хоҳ демократ, хоҳ диний қарашдагилар)
мавжуд умумий душман - авторитар тузумга қарши биргаликда курашишса,
Ўзбекистонда демократик тамойилларга асосланган тузум барпо этилгандан
кейин фаолият юритишига рухсат этилган, ёки ярим легал фаолиятдаги
радикал диндорларни қўллаб-қувватлайдиганларнинг сони йил сайин камайиб
боради.
Нима бўлганда ҳам ўзларини демократман деб ҳисоблайдиганлар ҳар
қандай йўллар билан давлат тепасига келиш йўлидаги ҳатти-ҳаракатларида
оқибатни ўйлаб иш тутишса биринчи навбатда ўзларига яхши бўлар эди.
Мухолифатдаги парокандалик ҳеч қачон халқаро ташкилотлар ва ривожланган
давлатларнинг эътиборидан четда қолмайди. Энди бу иллатга демократик
ташкилотлар диний радикаллашмоқда деган маълумотлар ҳам қўшилмоқда.
Бунинг натижасини эса расмий Тошкент билан АҚШ ва Оврупа иттифоқининг
фаоллашаётган ўзаро муносабатларида кўришимиз мумкин.
http://www.uzigabek.ucoz.ru/
|