Ўзбекистон ҳукумати идоралари устидан шикоятлар ортмоқда
Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларидаги қонунсизликдан шикоятлар
икки бараварга кўпайган.
"Бир йил олдин Ўзбекистоннинг турли минтақаларидан тушган шу каби шикоятлар сони 450тача эди" - дейди "Эзгулик" раҳбари Васила
Иноятова Би-би-си билан суҳбатда -"Бу йил эса 900тага етиб қолган".
Ташкилот йиллик ҳисоботида бу борада таъкидлаган Васила Иноятова
"Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимидаги юқори лавозимли амалдорлар
тарафидан инсон ҳуқуқлари бузилаётгани аниқ фактларга асосланганини"
қайд этди.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимидаги қонунбузарликлардан азият чекиб ёзилган арз-додлар барча шикоятларнинг
80% ташкил этади.
"Эзгулик" шунингдек, диний эътиқоди туфайли қамалган инсонларга қарши ҳукумат идоралари зўравонлиги ортиб бораётганидан ҳам
хавотир изҳор этади.
Маълум бўлишича, Ўзбекистонда фаолият юритаётган ўта кам сонли инсон ҳуқуқлари гуруҳларидан бири бўлган "Эзгулик" вакиллари
эндиликда маҳкама жараёнларида иштирок этиш ва уларни мустақил кузатиш имкониятдан маҳрум қилинганлар.
"Бизни маҳкама жараёнларини кузатишга қўйишмаяпти" - дейди Васила Иноятова -"Инсон ҳуқуқларини яхшилаш йўлида Ўзбекистон
ҳеч қандай ижобий қадам қўймаяпти".
"Эзгулик"нинг йиллик ҳисоботида болалар меҳнати ҳам видеолавҳалар ва суратлар билан акс эттирилган.
Ташкилот Ўзбекистонда халқаро андазаларга мос қонунлар қабул қилингани билан, улар амалда ишламаётганини айтади.
Фаоллар тақдиридан хавотир
Айни дамда, қатор халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари қамоқ жазоларига ҳукм этилган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари
тақдиридан хавотир изҳор этишмоқда.
Бу борада Президент Ислом Каримов ва халқаро ташкилотларга йўлланган махсус мактубда қамоқда қолаётган Норбой Холжигитов
ва Ҳабибулло Оқпўлатовлар соғлиғи ўта ёмонлашгани қайд этилади.
Хусусан, 60 ёшдан ошган Норбой Холжигитов оёғида қорасон бошланган, қамоқдаги оғир шароитлар боис астмага чалиниб, ҳозир барча
тишларидан ажралган.
Ҳабибулло Оқпўлатовнинг эса ўнг оёғи деярли ишламай қолган, иккала кўзи ҳам касалланган ва вазни атиги 55 килограмм бўлиб
қолган.
Халқаро
ташкилотлар Ўзбекистон президентига даъват қилиб, ўз фаолиятлари
туфайлигина жазога тортилган бу фаолларни ҳеч қандай шартларсиз
қамоқдан озод қилиб, уларга зудлик билан тегишли тиббий хизмат етказиш
чораларини кўришни сўраганлар.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2010/01/100127_uzbek_ezgulik_report.shtml
|