Uznews.net 27.01.10 – Тўққиз йилга қамалган ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулло
Жалиловнинг адвокати, суд ҳукмини ололмаяпти, шу тариқа у аппеляция
шикояти учун белгиланган ўн кунлик муддат имконини бой бериши мумкин.
Чоршанба куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти (ЎИҲЖ) Қашқадарё
бўлими ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулло Жалиловга ҳукм чиқарилганига тўққиз кун
бўлди.
Бироқ унинг адвокати, Хасан Муҳаммадиев, ҳанузгача Қашқадарё вилоят суди канцеляриясидан унга чиқарилган ҳукмни ололгани йўқ.
Бу ҳужжат адвокатга аппеляция шикояти топшириши учун керак,
қонунчиликда бунинг учун ўн кунлик муҳлат белгиланган, бу муҳлат эртага
тугайди.
"Нима қилиш керак, ёрдам беринг”, – дея Муҳаммадиев ЎИХЖ рахбариятига юзланди.
18 январда Қашқадарё вилоят суди қарори билан, унинг сўнгги сессияси
Қаршидан Бухорога кўчирилди, Жалилов тўққиз йилга озодликдан маҳрум
этилди.
Уни Қашқадарёда бир қатор қўпорув ва терактлар содир қилишни
режалаштирган диний экстремистик гуруҳга аъзоликда айбдор деб топишди.
Бухородаги судда на Жалиловнинг яқинлари, на унинг адвокати иштирок эта олгани йўқ.
ЎИҲЖ президенти Абдужалил Бойматов ўз ҳамкасбига бўлган айбномани
асоссиз дея ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, Жалиловни портлашларни
тайёрлашда айблаш абсурддир, тергов материалларида портлатиш объектлари
сифатида Қарши аэропорти, Американинг собиқ Хонобод базаси кўрсатилган.
"Жалилов тақводор инсон, у мусулмон, намоз ўқийди, лекин бу унинг
террористик фаолиятга алоқадорлигини исботламайди”, – дейди Бойматов.
Жалиловнинг судланиши ортида, Бойматовнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг ЎИҲЖ фаолиятини йўқ қилиш мақсади турибди.
Жалиловдан ташқари Қашқадарёда ушбу ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг яна
икки нафар аъзоси қамалган, хозир улар тергов остида ва судларини
кутишмоқда, улар – Шахло Рахмонова ва Мехринисо Хамдамовалардир.
Ғайбулло Жалиловнинг ўзи Бухородаги тергов хибсхонасида ушланмоқда.
Унинг адвокати сўзларига кўра, кеча у билан унинг рафиқаси учрашувга
борган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси ўтган йилнинг 5 сентябрида қамалган. Бир гуруҳ
милиция ходимлари уни, ҳамкасби Нодир Ахатов билан учрашиб уйига
қайтаётганида Қаршидаги йўлдан ушлаб олиб кетишган.
Бир неча кун давомида оиласи унинг қаердалигини билмаган, милиция ҳатто уларга хибс хақида маълум қилишни ҳам лозим топмаган.
Даставвал унга ҳукумат вакилларига қаршилик кўрсатиш айби қўйилган
ва унга ўн кунлик қамоқ белгиланган. Кейин айблов ўзгартирилиб тўққиз
йиллик жазога алмаштирилган.
Uznews.net