Миклош Харашти ўзбек журналистларининг таъқибидан хавотирда
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот
эркинлиги бўйича вакили Миклош Харашти Ўзбекистондаги журналистлар
тақдиридан хавотир билдириб, Ташқи ишлар вазири Владимир Норовга мактуб
йўллади.
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти вакили журналистлар Дилмурод
Сайид ва Солижон Абдураҳмоновнинг тутқунда сақланаётгани, таниқли
журналист Хайрулло Ҳамидов ва фотограф ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова
устидан Ўзбекистон расмийлари жиноий ишлар очганларидан афсус изҳор
этган.
Миклош Харашти ўз мактубида идораси ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида
матбуот эркинлиги бўйича давом этаётган мулоқотни эслатади ва бу
мулоқотни конструктив дея тасвирлайди, гарчи сўнгги ҳодисалар бунинг
қанчалик конструктивлигини савол остига олса ҳам.
"Менинг бюром ҳамда Ўзбек расмийлари билан мулоқот конструктив
ривожланаётганига қарамасдан, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан
боғлиқ вазият яхшиланмаяпти”, дейилади Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик
ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича вакили Миклош Харашти мактубида.
"Сўнгги ҳодисалар шуни кўрсатмоқдаки, ОХҲТ доирасида оммавий ахборот
воситалари эркинлиги бўйича олинган мажбуриятларга қарамасдан,
журналистларни ҳибсга олиш ва таъқиб этиш ҳоллари давом этмоқда”.
"Журналистлар Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Сайид ҳамон қафас ортида
қолмоқдалар ва қаттиқ жазога солинмоқда. Икки журналист ҳам ёпиқ
маҳкама жараёнларида шубҳали айбловлар бўйича озодликдан маҳрум
этилганлар”, дейилади мактубда.
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти мулозими бу икки жиноят
ишини яқиндан кузаётганларини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматини матбуот
эркинлиги борасидаги халқаро андозаларга амал қилишга чақирган.
Аммо жаноб Хараштининг баёнотидан Ўзбекистон ҳукумати билан қамоқда
қолаётган журналистлар - Дилмурод Саййид ва Солижон Абдураҳмоновларнинг
тақдири юзасидан кечган музокараларнинг айрим тафсилотларини илғаб олиш
мумкин.
"Мен Ўзбек расмийларининг ушбу икки иш қайта кўриб чиқилиши ҳақидаги
бир неча марта берган ваъдалари амалга татбиқ этилмаганидан
қайғудаман”, деб ёзган Миклош Харашти.
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Матбуот эркинлиги бўйича
вакили 2010 йил январида яна икки ўзбекистонлик журналистга жиноий иш
очилганини эслатган.
"Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги
бўйича вакили бюроси Сайид, Абдураҳмонов, Ҳамидов ва Аҳмедова тақдирини
кузатиб боради. Мен Ўзбекистон ҳукуматини Матбуот эркинлиги бўйича ОХҲТ
стандартларига мос амал қилишга чақираман”, деб ёзган Миклош Харашти.
bbcuzbek.com.
|