Европа суди яна бир ўзбек қочқинини ҳимоя қилди
Елена
Рябинина ўзбекистонлик қочқин Умид Ëқубов иши бўйича саноқли соатлар
ичи қарор чиқарган Европа инсон ҳақлари судидан мамнунлигини айтади.
Элмурод 05.02.2010
4
феврал куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россияда қўлга олинган
Умид Ёқубовни Ўзбекистонга топширишни тақиқлади. Европа суди қарорига
кўра, агар Умид Ёқубов Ўзбекистонга топширилса, унга нисбатан қийноқлар
қўлланилиши мумкин.
Москвадаги "Бошпана ҳуқуқи”
лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина бир неча йилдан бери Россиядан бошпана
излаётган ўзбекистонлик қочқинлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келмоқда.
Ўзбекистон фуқароси Умид Ёқубов ҳам айни пайтда у раҳбарлик қилаётган
лойиҳа ҳимоясидадир.
Елена Рябинина Умид Ёқубов Ўзбекистонда диндорлиги учун таъқибга учраганини айтади.
-
1999 йилда уни Ўзбекистонда профилактика ўтказиш учун рўйхатга олишган.
Уни қандайдир исломий ташкилотларга мансубликда айблашган. Умид
Ёқубовнинг ўзи эса бу айбловларни тан олмаган, дейди Eлена Рябинина.
Москвалик
ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, 1999 йилдан бошлаб Умид Ёқубов мунтазам
тарзда милицияга чақиртириб турилган, кузатув остида бўлган. Бир неча
марта милиция ходимлари томонидан калтакланган.
Ниҳоят у 2008
йилнинг кузида Ўзбекистондан қочишга мажбур бўлган. У аввалига МДҲ
давлатларидан бирида яшаган ва 2009 йил майида Россияга келган. Елена
Рябинина Умид Ёқубов Ўзбекистон томони сўрови билан Рязан шаҳрида қўлга
олинганини айтади:
- Уни биринчи марта шу йилнинг 4 январ куни
Рязанда қўлга олишган. Маълум бўлишича, 2009 йилнинг октябрида Умид
Ёқубов Ўзбекистон милицияси томонидан диний ташкилотларга аъзолик ва
мамлакатни ноқонуний тарзда тарк этишда айбланиб халқаро қидирувга
берилган экан.
Аммо орадан 10 кун ўтгач, уни қўйиб юборишади.
Чунки Ўзбекистон томони тақдим этган ҳужжатлар асосли бўлмагани сабабли
Рязан прокурори қарори билан у қамоқдан озод қилинган, деди Елена
Рябинина.
Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, Умид Ёқубов қамоқдан озод
қилингач, рус милицияси уни Ўзбекистонга топшириш мақсадида таъқиб қила
бошлаган. Умид Ёқубов милиция ходимига қаршилик кўрсатди, деган айб
билан қўлга олинган. Рязан вилоят миграция хизмати Умид Ёқубовнинг
ишлаш учун берилган рухсатномасини бекор қилиб, уни мамлакатдан чиқариш
тўғрисида қарор қабул қилган.
Бу қарор чиқарилганидан сўнг Умид
Ёқубов ҳибс қилиниб, унинг олдига ҳеч ким киритилмаган. Фақат Россия
Федерациясининг инсон ҳуқуқлари вакили аппарати ходимларининг аралашуви
билангина Умид Ёқубовдан унинг ишини Европа судига жўнатиш учун рухсат
олишга муваффақ бўлинган. Шу ўринда Елена Рябинина Европа суди шу кунга
қадар кузатилмаган тарзда тезкорлик билан ишлаганини алоҳида
таъкидлайди.
- Мен ҳужжатларни факс орқали Страсбургга
жўнатганимдан сўнг беш соат ўтмасданоқ, Европа суди Умид Ёқубовни
Ўзбекистонга жўнатмаслик ҳақида тезкор равишда қарор чиқариб берди.
Бундай
воқеа Европа судида, менинг тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсак, биринчи
марта кузатилаяпти. Одатда ҳужжатлар жўнатилганидан сўнг улар эртаси
ёки индинига, айрим ҳолатларда эса бир неча ой ичида кўриб чиқилар эди.
Европа судининг тезкор қарор чиқаришига Россияда Ўзбекистон талаби
билан бир неча йил олдин қўлга олинган Рустам Мўминов ва Абдували
Камалиевларнинг Ўзбекистонга экстрадация қилингани сабаб бўлган, деб
ҳисоблайман, деди Елена Рябинина.
Суҳбатдошимиз айни пайтда
Умид Ёқубовни ҳибсдан озод қилиш ишлари олиб борилаётганини ҳам айтиб
ўтди. Елена Рябининага кўра, Умид Ёқубовнинг иши яқин кунларда Рязан
вилоят судида кўриб чиқилиши лозим.
- Агар вилоят суди Европа
суди қарорини тан олмаса, унда юқори суд инстанцияларига мурожаат
қилишга мажбур бўламиз, дейди Елена Рябинина.
http://www.ozodlik.org/content/article/1949858.html
|