Ўзбек журналистлари озодлиги мақсадидаги петиция
Бир гуруҳ журналистлар халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистон ҳукуматига мустақил матбуотга нисбатан тазйиқларни тўхтатиши йўлида
босим ўтказишга даъват қилувчи петиция билан чиқмоқдалар.
Петиция муаллифлари хорижда истиқомат қилиб фаолият юритаётган ўзбекистонлик журналистлардир.
Ўзбекистондаги
қамалган журналистлар озодлиги учун мурожаатнома Оврўпода Хавфсизлик ва
Ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича вакили Миклош Харашти,
Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел,
Америка Қўшма Штатларининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус элчиси
Ричард Холбрук ва АҚШ Давлат департаменти мулозими Ролф Тиманс
номларига битилган.
"Биз сиздан
ўз ҳамкасбларимизни - мустақил бўлганлари ҳамда сўз эркинлигига
содиқлиги туфайли ҳибсга олинган Ўзбекистон ичкарисидаги журналистлар
озодлигини таъминлашда ёрдам беришингизни сўраймиз", дейилади
мурожаатда.
Петиция ташаббускорларидан бири Шоҳида Ёқубнинг айтишича, бир йил мобайнида - ўтган 2009 йилда Ўзбекистонда саккиз журналист
озодликдан маҳрум этилган.
"Илгари
мамлакатда бунчалик кўп журналист озодликдан маҳрум этилмаган. Бу
Ўзбекистонда сўз эркинлиги аҳволи қанчалик ёмонлашаётганининг яққол
далили", дейди Шоҳида Ёқуб.
Мурожаатномада ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида ўн тўрт журналист тутқунликда ушланаётгани айтилган.
Петицияда
охирги йилларда турли айбловлар билан қамоққа ташланган Дилмурод Сайид¸
Солижон Абрураҳмонов, Жамшид Каримов, Ортиқали Номозов, Ғайрат
Михлибоев, 1999 йил Тошкент портлашларига алоқадорлик билан ҳибсда
ушланаётган "Эрк" рўзномаси ижодкорлари Муҳаммад Бекжон, Юсуф
Рўзимуродов, 2009 йилда "Нурчилик" диний оқимига алоқадорликда айбдор
деб топилиб қамалган "Ирмоқ" ойномаси журналистлари Равшанбек Вафоев,
Абдулазиз Дадахонов, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон
Қобиловлар тилга олинган.
"Уларнинг жиноий ишларида айблари исботланмаган, маҳкама жараёнлари жуда кўп хатолар билан ўтган ва маҳкамаларда ҳам қўйилган
айблар исботи топилмаган", дейди Шоҳида Ёқуб.
Мурожаатда Ўзбекистондаги сўз эркинлигига қарши кампаниянинг сўнгги қурбони сифатида таниқли фотограф ва кинотасвирчи Умид
Аҳмедова номи тилга олинади.
Петицияда
спорт шарҳловчиси ва ўзининг диний-маърифий эшиттиришлари билан
танилган Хайрулло Ҳамидовнинг ноқонуний диний ташкилотга аъзоликда
айблашаётгани, мустақил журналистларнинг Тошкент шаҳар прокуратураси
томонидан ўз фаолиятлари борасида сўроққа тутилганлари хабар қилинган.
|