'Чирчиқда ёпиқ маҳкама жараёнлари ўтмоқда'
Хабарларга
кўра, Ўзбекистоннинг Чирчиқ шаҳрида Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар
қори Турсунов ҳаётига қасд қилганлик ва Ички ишлар вазирлиги расмийси
Ҳасан Асадовни ўлдирганликда гумон қилиниб, қамоққа олинганлар устидан
яширин маҳкама жараёни кечмоқда.
Бу ҳақда Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълум қилган.
Чирчиққа борган гуруҳ раҳбари Сурат Икромовнинг Би-би-сига айтишича, маҳкама ўтаётган жой милиция ва Миллий Хавфсизлик Хизмати
ходимлари тарафидан ўраб олинган.
"Гувоҳлар бўладими, адвокатлар бўладими, ҳаммасини махсус автобусларда қўриқчилар билан олиб юришибди",-дейди Сурат Икромов.
Имом-хатиб Анвар қори Турсунов жонига суиқасд 2009 йилнинг 31 июл куни содир этилган. Бундан бир неча кун ўтиб эса, Ички ишлар
вазирлигининг терроризм ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси ходими Ҳасан Асадов отиб ўлдирилганди.
Айни ҳодисаларга алоқадорликда гумон қилиниб, 80 ортиқ киши ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳозирги маҳкама эса
15 киши устидан кечаётгани, судланаётганларнинг шахси борасида бирон бир маълумот йўқлиги айтилади.
"Улар ҳақида маълумот йиғиш жуда қийин бўляпти. Чунки, гувоҳлардан ҳам, адвокатлардан ҳам бу борада ҳеч қаерга гапирмаслик
юзасидан ёзма хатлар олишган",-дейди Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Сурат Икромов.
Сурат
Икромовга кўра, бу ишлар бўйича ҳибсга олинганлардан 9 нафарининг
яқинлари Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига
мурожаат қилишган, аммо Чирчиқда ёпиқ эшиклар ортида кечаётган
маҳкамада бу тўққиз кишининг бор-йўқлиги ҳам маълум эмас.
Яширин
маҳкама жараёнлари Ўзбекистонда янгилик эмас. Мустақил ҳимоячилар,
журналистлар, бирон бир кузатувчилар ва ҳатто айбланувчиларнинг
қариндошлари ҳам бундай жараёнларда иштирок этишларига рухсат
берилмайди.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2010/02/100211_uzbek_trail.shtml
|