Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти мубоҳаса этилмоқда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятни кўриб чиқишни бошламоқда.
Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти таъбирича, бу Ўзбекистондаги ҳалокатли инсон ҳуқуқлари вазиятига диққат
қаратиш ва бу вазиятни яхшилаш йўлида аниқ қадамларни ташлашга чақириш учун ноёб имкониятдир.
Ташкилотга кўра, Ҳукумат томонидан мухолифатчилар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва диндорлар таъқиб этилаётгани ҳамда қийноқларни
давомли қўлланаётгани хавотирга молик масалалар рўйхати бошидан ўрин олган.
Би-би-си БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашидан Вероника Свенте Голдстоун (Veronica Svente Goldstone)ни суҳбатга тортган:
Вероника Свенте Голдстоун:
БМТ Инсон Ҳуқуқлари Қўмитаси мустақил экспертлардан иборат. Аммо
дунёнинг 18 мамлакатидан бўлган бу экспертлар ўз давлатлари вакиллари
ҳисобланмайди. Улар бир мамлакатнинг фуқаровий ва сиёсий соҳаларга оид
халқаро ҳужжатларни қай даражада бажараётганини кузатиб боришади.
Экспертлар маълум бир мамлакат борасида ўша мамлакат ҳукумати ва
БМТнинг турли агентликлари тайёрлаган тўлиқ ҳисоботни изчил ўрганиб
чиқишади.
Би-би-си:
Бу қўмитадагилар турли мамлакатлардан эса-да, бу мамлакатлар вакиллари
эмас деб айтдингиз, улар берган хулосалар қандай оғирликка эга бўлади?
Вероника Свенте Голдстоун:
Бу қўмита аъзолари ўз вазифаларини кўп йиллардан буён бажариб келишади.
Ҳар бир масалада, ҳар бир мутахассис ўз шахсий фикрини билдиради, яъни
ўзи келиб чиққан мамлакат манфаатидан келиб чиқиб гапирмайди. Мажлис
сўнгида якуний хулосалар эълон қилинадики, унинг тоши анча оғир бўлади.
Хулосада бир мамлакатдаги вазият юзасидан тўлиқ ҳисобот таҳлил этилиб,
бу мамлакат ҳукуматига аниқ тавсия ва топшириқлар берилади. Қабул
қилинган ҳужжат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қабул қилган расмий
ҳужжат ҳисобланади.
Би-би-си:
Мана ҳозир Ўзбекистондаги вазият кўриб чиқилаётган экан. Ўзбекистон
ҳукумати мамлакатда инсон ҳуқуқларини яхшилаш бажарилаётган ишлар
рўйхатини кўрсатган экан... Мисол учун, қийноқларни қўлламаслик,
милиция ва тергов ходимларини тайёргарликдан ўтказиш ва ҳоказолар...
Вероника Свенте Голдстоун:
Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати бу йўналишда кўп йиллардан буён иш олиб
бораяпти. Айниқса, бу ҳаракатлар Ўзбекистондаги қийноқлар масаласи
халқаро саҳнада кўтарилгач, сезиларли даражада кучайди. БМТнинг
қийноқлар бўйича маърузачиси Ўзбекистонга сафар қилиб, ҳисобот чиқарган
ва унда Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланади, деган хулоса
берилганди. 2007 йилда ҳам БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси
Ўзбекистонга оид ҳисобот чиқарди. Унда ҳам Ўзбекистонда қийноқлар
мунтазам қўлланиши таъкидланганди. Хуллас, беш йил оралиғида чиқарилган
икки ҳисобот Ўзбекистон ҳукумати қандай чораларни кўрган бўлмасин бу
мамлакатда қийноқларга оид вазият унчалик ўзгармаганини кўрсатди.
Тўғри, расмий Тошкент бажарилаётган ишлар ва лойиҳалар рўйхатини чоп
этиши мумкин, лекин ҳақиқий вазиятга қарасангиз, амалда кўп нарса
ўзгармаганига гувоҳ бўласиз. Ҳьюман Райтс Уотч ташкилоти ҳозирда ҳам
Ўзбекистонда тергов пайтида гумондор шахснинг қийноққа тутилиши, аммо
ҳакам бундай ҳолатларга умуман эътибор бермаётгани ҳақида кўплаб
шикоятларни олиб туради.
|