Лаккон - уч давлат имкон ва муаммолари учрашган қишлоқ
Рустам Қобил, Лаккон-Лондон
Тожикистон шимолидаги Лаккон қишлоғидан ўтган водопровод қувури ёриғидан сув олиш учун челак кўтарган аёллар навбат кутишади.
Бу
сувни ичишга олаяпман. Қувур Қирғизистондан келади" - дейди жилдираб
оқаётган сувга челаги тўлишини кутаётган Гавҳар опа -"Ўзимизда ичимлик
суви йўқ. Қувур қуриб қолган пайтлари катталаримиз қўшни мамлакатга
бориб, ялиниб, илтимос қилиб келишади".
"
Лаккон аҳоли зич Фарғона водийсидаги уч мамлакат - Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон учрашган нуқтадаги қишлоқ.
Бошқа чегара қишлоқлари каби Лакконнинг ҳам чегара оша савдо ва борди-келди масаласида имконлари катта. Бироқ бугун фақат
муаммолар юзага чиқмоқда.
"Баъзан қирғиз қўшниларимиз сув учун ижара пули талаб қилишади" - дейди қишлоқ кенгаши раиси Ҳошим Мелибоев -" Аҳолидан пул
йиғиб, Исфарасойдан сув келтирайлик десак, баъзи оилаларда нон учун ҳам пул етмайди-ку".
Нафақат Лаккондаги ичимлик суви, балки суғорма сув ҳам Қирғизистондан келади.
Бироқ Қирғизистон боғ ва экинзорларидан чиқадиган ифлосланган оқава сувлар ер остидан тўғри Лакконга келиб қуйилаяпти.
"Қирғиз қўшниларимиз билан-ку, майли, бир амаллаб муроса қилиб яшаб келаяпмиз" - дейишади қишлоқ эркаклари -"Лекин Ўзбекистон
билан анча йиллардан бери орамиз узилиб кетди ҳисоб".
Дарҳақиқат, шундоққина адирлар оша кўриниб турган Ўзбекистонга ўта олмайсиз. Ўзбеклар чегарани миналаштиришган.
|
Қиш пайти Қирғиз деҳқонларига сув керак бўлмагани боис, лакконликлар оқава сувдан мевали дарахтларини суғориб олишади |
Лаккон эса аксар ўзбеклар яшовчи қишлоқ. Шу боис қўшни Ўзбекистон билан ўртада қариндош-уруғчилик, қуда-андачилик кучли.
Ўтин териш, мол-қўйларни ўтлатиш ва ё Ўзбекистондаги қариндошлариникига ўтиш учун қишлоқдан чиққан ўндан зиёд инсон мина
портлашидан нобуд бўлди ва ё жароҳатланди. Ҳозир ҳеч кимнинг адирлар тарафга ўтишга юраги бетламайди.
Шўр сувга ҳам шукур
Сув тақчиллиги Лаккон атрофидаги азалий боғ-роғларга таҳдид солмоқда.
Қора чопонини белбоғ билан боғлаб олиб, қиш бўлишига қарамай, олма-ўрикларни суғориб юрган мироб Адҳам-ота борига ҳам шукур
қилишини айтади.
"Бу
- Қирғизистоннинг чиқинди суви. Ҳозир қишда уларга керак эмас-да" -
дейди суҳбатдошим жўякларни тўлдириб оқаётган сувга ишора қилиб - "Сув
тоза эмас. Ёзда қўл ювсангиз, қўлингиз туздан оппоқ бўлиб қолади.
Шўрлигидан мол ҳам ичмайди. Лекин борига шукукр. Ҳозир суғориб,
дарахтлардаги қуртларни тўкиб олайин".
Деҳқонларнинг айтишича, сув сифати аллақачон ҳосил ҳажмини ярмигача камайтириб юбормоқда. Шўрга чидамсиз экинлар эса бу
ерларда умуман битмайди.
"Қирғизистон бизга туташ ерларда токзор ва ўрикзорлар ташкил қилган" -дейишади лакконлик оқсоқоллар -"Биз эса улардан доимо,
илтимос, кўп шўр сув чиқармайдиган экин экинглар, деб сўраймиз. Чунки бизга оқава сув келади".
|
Қувур суви келмай қолса, Лаккон аҳли бир неча чақирим йўл босиб, бошқа қишлоқдан сув келтиришади |
Аммо кеч баҳор ва ёзда бутун Марказий Осиёда суғориш мавсуми бошланса, Лаккон аҳли ҳатто шу шўр сувдан ҳам қанчалик қийналиб
қолишларини билишади.
"Мен-ку ҳеч ким билан сув талашмайман. Лекин сув устидан жанжал ҳар ёз кўпаяпти. Одамлар туни билан сув очиб, бошқа олмасин,
деб пойлаб чиқишади" - дейди мироб Адҳам-ота.
Бу кекса суҳбатдошим сув талашмаган, лекин эвазига бир неча бор сувсиз қолган.
"Ўтган ёзда маккажўхори эккандим. Суғориш пайти келганида раис-бува келиб, помидорлар қақраб қолди, сувни бизга беринг дедилар.
Майли, дедим. Сув теккан жўякларда ҳосил битди. Қолганлари эса бўлмади" - дейди Адҳам-ота.
Фарғона водийсининг унумдор тупроқлари боисми, уч мамлакат учрашган бу заминда азалдан аҳоли зич яшаб келган.
Ҳозирги аҳоли ўсиши эса қўшимча сув, янги экинзорлар ва кўпроқ озиқ-овқат талаб этаади. Бироқ ҳозирдаёқ одамлар сув ва ер
етишмаётганини айтишмоқда.
Дарё яқин, сув узоқ
Сирдарё ва Исфарасой каби сув манбалари айни бўлгадан узоқ эмас. Лекин дарё сувини бир неча чақиримдан бу ерларга олиб келиш
муаммо.
Тоғли
минтақаларда сувни насослар ёрдамида 50-100 метргача баланддаги
далаларга олиб чиқиш зарур. Бироқ мунтазам энергия тақчиллигини бошидан
кечираётган мамлакатда насосларни ишлатиш учун зарурий электр ҳам
етишмайди. Баъзан далалар ёз ўртасигача суғорилмайди.
"Дарё суви оғир. Уни ололмаймиз" - дейди насосчи Абдурасул -"Шу боис Қирғизистондан келадиган сизот сувларни ишлатаяпмиз".
Қирғизистондан ортган сув Тожикистонга келади, улардан ҳам ошиб қолгани қўшни Ўзбекистонга чиқарилади.
|
Мироб Адҳам-ота сувни қандай бўлашиш борасида барча бирдек ўйлаши керак, деган фикрда |
Лекин баъзи суҳбатдошларимга кўра, шундоқ ҳам Қирғизистонда бир бора ифлосланган сув токи Ўзбекистонга етгунича, Тожикистон
далаларида иккинчи бор ишлатилиб, янада кўпроқ ифлосланади.
Мазкур ҳолат аллақачон хавотирлар уйғотмоқда.
"Агар шу алфозда шўр сувдан узоқ йиллар фойдалансак, иккиламчи тузланиш бошланади" - дейишади лакконлик зироатчилар.
Октябрдан Апрел ойигача сув бошида турган Қирғизистон суғорма сувдан фойдаланади. Кейин навбат Тожикистонга етади.
Барчадан ортса, мавжуд сувнинг бешдан бир қисми Ўзбекистоннинг Бешариқ туманига чиқиб кетади.
Лакконда уч мамлакат учрашгани учунми, сувни бўлашиш ва барчага етказиш масаласи мураккабдек кўринади. Бу эса уч тарафлама
муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Аммо мироб ота бошқачароқ ўйлайди.
"Бу ерда уч қўшни учрашган" - дейди у -"Учовлон бош қўшса, сув муаммоларини ҳал этиш йўллари ҳам қайтага кўпаяди". http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2010/03/100310_syrdarya_lakkon.shtml
|