Андижондаги маҳкама Австралиядан қайтган қочқин Дилором Абдуқодировани Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва ноқонуний ташкилотга аъзолик бандларида айбдор деб топиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этган.
45 ёшли Дилором Абдуқодирова устидан маҳкама уч кун давом этди.
Ўтган ҳафтада Абдуқодирова хоним устидан маҳкама бошланган, бироқ унинг қариндошларига бу ҳақда хабар берилмаган.
Яқинларининг Би-би-сига айтишларича, маҳкаманинг биринчи мажлисида Дилором Абдуқодирова ўзига қўйилган айбловларни рад этган, айбларни бўйнига олмагани учун қийноқларга тутилган ва дўппосланган.
28-апрел куни ўтказилган маҳкаманинг иккинчи кунида Абдуқодирова оила аъзоларининг иштирок этишларига рухсат берилган.
Яқинларига кўра, Дилором Абдуқодирова ўша куни ўта абгор жисмоний ҳолда бўлган.
"Унинг юзлари кўкариб, шишиб кетган ва аҳволи жуда ёмон. Нима деяётганини ўзи билмайди", деб айтган унинг синглиси.
Дилором Абдуқодирова бундан беш йил илгари - 2005 йил 13 май хунрезлиги ортидан Андижондан қочган, аввал Қирғизистон, кейин эса Австралиядан бошпана топганди.
Ўзбекистонда унинг тўрт фарзанди ва турмуш ўртоғи қолганди.
У билан Ўзбекистонни тарк этган укаси Муҳаммаджон Мўминовнинг айтишича, шу йиллар давомида Ўзбекистон расмийлари томонидан опасининг турмуш ўртоғи ҳамда фарзандларига босим ўтказиб келинган, Абдуқодированинг ватанга қайтишини талаб қилишган.
Шу йил январида Тошкентга қайтган Дилором Абдуқодирова тўрт кун ҳибсда сақланиб қўйиб юборилган, бироқ март ойида унинг устидан жиноий иш очилган.
Дилором Абдуқодирова Андижон воқеалари бўйича Олий судда ҳукумат қўшинлари халққа қарата ўқ очди дея гувоҳлик берган Маҳбуба Зокированинг опаси.
Бундан олдин андижонлик қочқинларнинг бир гуруҳи ватанига қайтганди.
Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга қайтган қочқинлар босимлар остида қолишганини маълум қилишган, айрим қочқинлар яна мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар.