Россияда
мухолифат намойишлари бўлиб ўтмоқда
Россия бўйлаб мамлакат
мухолифатининг расмий Кремль сиёсатига қарши норозилик акциялари бўлиб
ўтмоқда. Улар ўз норозиликларини
"Ғазаб куни" номи остида турли хил кўринишларда изҳор
этишмоқда.
Бу каби намойишларнинг шанба куни
Россиянинг ўнлаб шаҳарларида уюштирилиши кутилаётир.
Намойишлар Узоқ Шарқдаги Владивосток
шаҳридан бошланган, Сибирдаги Иркутск, мамлакат ғарбидаги
Санкт-Петербург шаҳарларида
бўлиб ўтган.
Пойтахт Москвада ҳайдовчилар ва Омск
шаҳрида ҳам оз сондаги кишилар иштирокида норозилик чиқишлари
уюштирилгани айтилади.
Намойишчиларнинг сонлари ҳақида
хабарлар турлича. Владивосток шаҳридаги намойишларда бир неча юзлаб
намойишчилар иштирок
этганлар.
Айтилишича, бўлиб ўтган норозилик
акциялари чоғида ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан ҳеч қанақанги
тўқнашувлар ёки намойишчилар
томонидан тартиббузарликлар кузатилмаган.
Намойишчилар асосан россияликларнинг
фуқаровий ҳуқуқларининг таъминланишини талаб этиб, ҳукумат томонидан
олиб борилаётган
ижтимоий-иқтисодий чоралардан ўз норозиликларини
изҳор этишган.
Владивостокдаги намойишчилар
маҳаллий хизматлар ва автомобил импортига тарифларнинг кўтарилганидан
норозилик битилган, шунингдек,
пенсиялар миқдорини ошириш талаблари ёзилган
плакатларни кўтариб олганлар.
Бошқа намойишчилар яна Россия Бош
вазири Владимир Путин ҳукуматининг истеъфосини талаб қилганлар.
Россия Ички ишлар вазирлигининг
билдиришича, мухолифатнинг "Ғазаб куни"да тартибни сақлаш учун 5 мингта
милиция ходими ва
мингдан ортиқ аскарлар жалб этилишган.
Мухолифатнинг Москвадаги "Пушкин"
хиёбонида рухсатсиз уюштиришга уринган норозилик акцияси ҳуқуқ-тартибот
ходимлари томонидан
тўхтатиб қолинган.
Мухолифат фаолларининг айтишларича,
ўнлаб кишилар ҳибсга олинишган.
Москва шаҳар ҳокимияти эса, 20 март
куни пойтахтнинг турли нуқталарида 10 га яқин митинг ёки пикетлар
ўтказилишига рухсат
берган, бироқ рухсатсиз митинг ўтказиш уринишларига
масъулият ташкилотчиларнинг зиммаларида бўлишини айтиб, огоҳлантирган.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2010/03/100320_russia_opposition_meeting.shtml
|