Тўртлик
Исроил режаларини қоралади
|
Тўртлик Қуддус мақоми 2
йил ичида аниқланишини истайди |
Бирлашган Миллатлар
Бош Котиби Бан Ки Мун Исроилни барча келгиндилар жамлоқлари қурилишини
музлатишга чақирган.
БМТ, АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ва Россия
вакилларидан ташкил топган "Яқин Шарқ Тўртлиги" номидан гапира туриб,
жаноб Бан Исроилни
ишғол қилинган Шарқий Қуддусда янги уйларни қуриш
режаси учун қоралади ва шаҳарнинг мақоми музокара орқали ҳал этилиши
кераклигини
айтди.
"Яқин Шарқ бўйича тўртлик Исроил
ҳукуматини ҳар қандай қурилишни, жумладан табиий ўсишни ҳам музлатишга,
2001 йил мартида
ўрнатилган чегара нуқталарини бузишга, ҳамда Шарқий
Қуддусда уйларни бузиш ва одамларни кўчириб чиқаришни тўхтатишга
чақиради.
Тўртлик икки тарафни ҳам осойишталикка, ва айниқса
маданий ва диний нозик бўлган мавзуларда бир бирини гиж-гижлайдиган
амаллар
ва баёнотлардан ўзларини тийишга чақиради," - деди Бан
Ки Мун.
Халқаро чақириқлар ортидан
фаластинликлар исроилликлар билан режаланган билвосита музокараларни
бошлай олмасликларини айтишган.
БМТ бош котиби АҚШ ва Россия бош
вазирлари Хиллари Клинтон ва Сергей Лавров, ҳамда Оврўпо Иттифоқининг
янги ташқи ишлар вазири
Баронесса Аштон билан учрашувида гапирган.
Тўртлик деб аталувчи ҳайъат ўтган
хафта бахс остидаги Шарқий Қуддусда 1,600та янги уйлар қурилишига Исроил
томонидан рухсат
берилишини қоралади.
"Шарқий Қуддуснинг Исроилга қўшиб
олингани халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаслигини ёдда тутган
ҳолда, тўртлик Қуддуснинг
доимий мақоми икки томон ўртасидаги музокараларда ҳал
этилиши керак деб ишонади, ҳамда Исроил ҳукуматининг Шарқий Қуддусда
янги уйлар қуриш режасини қоралайди," - деди Бан Ки
Мун.
У, шунингдек, Исроил ва
фаластинликлар ўртасида тинчлик музокаралари икки йил ичида фаластин
давлатининг барпо этилиши бўйича
келишув билан якунланиши кераклигини айтди.
Хиллари Клинтон Исроил Бош Вазири
Бенямин Нетаняху билан келаси ҳафта Вашингтонда учрашиши, ҳамда
билвосита музокарлар имконқадар
тез бошланишига умид қилишини билдирди.
Сергей Лавров эса барча янграган
баёнот ва чақириқларни Исроил тўғри тушунишига умид қилишини айтди.
Айни дамда тўртликнинг учрашуви
арафасида пайшанба куни юз берган ҳодисалар тўртлик олдида қандай қийин
вазифа турганини яна
бир бор намойиш қилди.
Ғазо бўлгасидан отилган ракета
Исроил қишлоғида ишлаётган тайландлик зироат ишчисини ўлдирган.
Исроил учоқлари тун оша Ғазодаги
олтита нуқтага ҳужум қилган, аммо талофотлар ёки жиддий шикаст ҳақида
хабарлар бўлмаган.
Зўравонликлар Баронесса Аштоннинг
Ғазога сафари чоғида юз берган, бу исломий Ҳамас гуруҳи қудратга
келганидан бери илк юқори
даражали ташриф бўлди.
Кеча Жаноб Нетаняху ва Клинтон хоним
ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбатининг тафсилоти ошкор қилинмаган,
аммо айтилишича
Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги элчиси Жорж Митчелнинг
келгуси ҳафта Исроилга бориши борасида етарлича келишиб олинган.
Вашингтон келгуси ҳафта бўладиган
музокаралар марказида зиддият юрагидаги масалалар, яъни чегаралар ва
Қуддус мақоми бўлишини
истайди.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2010/03/100319_quartet.shtml
|