Ҳуқуқ фаоли адвокати билан учраштирилмаяпти
Тожикистон миллий хавфсизлик
қўмитаси вақтинчалик сақлаш изоляторида сақланаётган қирғизистонлик
ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиевнинг яқинлари унинг соғлиғидан хавотир
олмоқдалар.
Гулнора
Равшан 22.03.2010
17 март куни
Душанбе шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасидан ғойиб бўлган
қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев дараги Тожикистон
Миллий хавфсизлик қўмитаси вақтинчалик сақлаш изоляторидан чиқди.
Жорий йил 26 февралидан буён Душанбе шаҳар ички ишлар
бошқармаси изоляторида сақланган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло
Бўтақўзиев 17 март куни сирли тарзда йўқолиб қолгани ҳақида аввалроқ
хабар қилгандик.
Шу воқеадан икки кун ўтгач, Неъматиллонинг укаси
Муҳаммадсолиҳ танишлари воситасида акаси Тожикистон миллий хавфсизлик
қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторига кўчирилганидан хабар топган.
-
Лекин акамнинг аҳволи қандайлиги бизга қоронғу, чунки биз ёллаган
адвокатларни ҳам киргизишмаяпти. Адвокатимизнинг гапи бўйича
Қирғизистоннинг миллий хавфсизлик хизмати ходимлари келишган бу ёққа. 20
март куни акамизни улар ўзлари сўроқ қилишган, қандай гаплар бўлган – у
томони бизга қоронғу, дейди суҳбатдошимиз.
Муҳаммадсолиқ
акасининг ёнига адвокат киритилмаётгани бўйича ўз тахминларини ҳам
айтди.
- Қирғизистон миллий хавфсизлиги ходимлари акамизга
"Белгияда ўқиган, Грузия, Украина ва Қирғизистондаги революцияларни
ташкил қилган”, деб туҳмат қилишаяпти. Лекин акам ҳаётида бу жойларга
бормаган. У киши фақат инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, холос. Акам
Тожикистонга бошпана излаб келган, дер экан Муҳаммадсолиҳ Қирғизистон
миллий хавфсизлик ходимлари кўрсатмаларидан сўнг Тожикистон тегишли
идоралари ходимларида "Неъматилло Бўтақўзиев ўта хавфли жиноятчи” деган
тасаввур пайдо бўлиб, ҳатто адвокатига ҳам йўл берилмаётган бўлиши
мумкинлигини тахмин қилади.
Мавзу юзасидан Неъматилло
Бўтақўзиевнинг адвокати Бозорбой Одилов билан ҳам суҳбатлашдик. Адвокат
ҳақиқатдан 20 март куни ўз ҳимоясида бўлган Неъматилло Бўтақўзиев билан
учрашишга рухсат ололмаганини айтди. Унинг гапига қараганда, Тожикистон
миллий хавфсизлик қўмитаси бунинг учун Қирғизистоннинг Тожикистондаги
элчихонасидан расмий рухсатнома олиниши лозимлигини билдирган.
- У
Тожикистон ҳудудида жиноят содир этмаган. Делосини Қирғизистон олиб
боради. Тожикистонда унга нисбатан дело очилмаган, уни фақат розиск
билан ушлашган. Хавфсизлик хизмати ходимлари у билан учрашиш учун
Қирғизистон элчихонасидан рухсат олиш кераклигини айтаяпти. Бугун
элчихона ишламайди. Энди байрамдан кейин кириб, рухсат олишимиз мумкин,
дейди адвокат.
Айни пайтда мустақил экспертлар Тожикистонга
қочқинлик мақомини сўраб келган шахснинг қамоққа олиниши мамлакатдаги
жорий қонунчиликка хилоф эканини айтишмоқда.
- Тожикистон
қонунларида қочқинлик мақомини олиш мақсади бўлган киши, ҳатто Давлат
чегараларини бузган бўлса ҳам, жавобгарликдан озод қилинади. Бу
Тожикистон қочқинлар масаласи бўйича имзолаган халқаро ҳужжатларда ҳам
қайд этилган. Қолаверса, Бўтақўзиев Тожикистон ҳудудида ҳеч қандай
жиноят содир этмагани эътироф қилинаяпти. Бошқа бир нарса - адвокат ўз
ҳимоясидаги шахс билан учрашиши учун Қирғизистон элчихонасидан расман
рухсат олиши лозимлигига оид гап жуда кулгили. Тожикистон қонунларида
ҳар бир шахс миллати, динидан қатъий назар, ҳимояга ҳақли, деб
белгиланган. Менимча, бу Бўтақўзиев ҳуқуқларининг давлат тегишли идора
расмийлари томонидан поймол қилинишидан бошқа нарса эмас, дейди
тожикистонлик ҳуқуқшунос Абдуқаюм Юсупов.
Мавзуга ойдинлик
киритиш мақсадида Тожикистон Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик
қўмитасига ҳам сим қоқдик.
У томондан телефон гўшагини кўтарган
навбатчилар бу ишга масъул ходимлар байрам муносабати билан дам олишда
эканларини ва саволимизга жавоб олиш учун 25 мартдан бошлаб мурожаат
қилишимиз мумкинлигини айтишди.
Эслатиб ўтсак, Неъматиллон
Бўтақўзиев шу йил 26 февралида Душанбе шаҳрида бедарак йўқолгани ҳақида
хабар тарқалган эди. У аввалроқ қочқинлик мақомини олиш мақсадида
БМТнинг Тожикистондаги ваколатхонасига мурожаат қилиш учун Душанбега
келган. http://www.ozodlik.org/content/article/1990048.html
|