"Бирдамлик” яҳудийлар билан алоқалар ўрнатмоқда
"Бирдамлик” ҳаракатининг Америка бўлими вакиллари АҚШ ва
Исроилдаги бухоролик яҳудийлар жамоалари вакиллари билан алоқалар
ўрнатмоқдалар. "Бирдамлик” вакиллари уларнинг ёрдами билан Кнессет
депутатлари ва Исроилнинг йирик магнатларига чиқиш йўлига эга бўлишга
умид қилмоқдалар. Бу ҳақда "IzRus” портали хабар қилади.
АҚШда яшаётган "Бирдамлик” ўзбек мухолиф ҳаракати вакиллари яқин бир
неча ҳафта ичида бекитиқча Исроилга бориб келмоқчилар. Улар 1990
йилларда Самарқанд, Қўқон ва Андижондан репатриация бўлган бухоролик
яҳудийлар қаторидан бўлган бир неча ёш бизнесменлар ва жамоа фаоллари
билан учрашувлар ўтказишни режалаштирмоқдалар.
Бу – "Бирдамлик” вакилларининг исроилликлар билан биринчи алоқасидир.
Иккала тараф бир-бири ўртасидаги алоқа тўғрисида жар солишдан
манфаатдор эмас. Улар ўртасида воситачи сифатида Исроилда қариндошлари
бўлган Нью-Йоркдаги бухоролик яҳудийлар жамоаси фаолларидан бири
чиқмоқда.
"Бирдамлик” вакиллари Ўзбекистон тақдирига бефарқ бўлмаган бухоролик
яҳудийларга нафақат бу республиканинг расмийлари, балки Ислом Каримов
режимига муқобил кучлар билан ҳам алоқада бўлиб туришнинг истиқбол учун
маънога эга бўлишига алоҳида урғу бермоқдалар. Бу ўринда 2008 йил июнида
"ХАБАД” ҳаракати раввини Давид Гуревич Ўзбекистондан жўнаб кетганидан
сўнг бу мамлакатдаги яҳудийлар диний ҳаёти аввалги оқимига қайтмаганлиги
сабабли АҚШ ва Исроилнинг бухороликлар жамоаларидаги муайян доираларда
келиб чиққан норозилик эътиборга олиняпти. "Бирдамлик”нинг Америкадаги
фаоллари бу расмий раҳбариятнинг Ўзбекистонда диний эркинликларга барҳам
бериш бўйича мақсадли фаолияти натижаси бўлганлигига аминдирлар.
"Бирдамлик” вакиллари келгусида Исроилдаги янги танишлари ёрдамида
Кнессет депутатлари ҳамда бухоролик яҳудийлар қаторидаги йирик
бизнесменлар ва ҳомийлар билан алоқа ўрнатишга умид қилмоқдалар.
Ўзбекистон ва Исроил муносабатларида давом этаётган турғунликка
қарамай ҳам чет элдаги ўзбек мухолифати, ҳам расмий ҳокимиятнинг
Исроилга қизиқиш билдираётганлиги эътиборлидир. Мисол учун, жорий
йилнинг январ ойида Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг қизи
Тел-Авивдаги "Ихилов” шифохонасида туғишни маъқул кўрди. Бир неча ҳафта
аввалроқ эса Ўзбекистон президентининг қизи Лола Каримова элчи Ойбек
Эшонов ҳамроҳлигида бекитиқча Исроилга борди. Ҳа айтганча, 4 апрел куни
Эшонов Исроилнинг Тошкентдаги элчиси Ньюман билан учрашиб, бу хабарнинг
ошкор бўлишига йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисидаги масалага тўхтаб ўтди,
дея қайд этади нашр.
"IzRus” маълумоти
"Бирдамлик” ҳаракати ўзининг Ўзбекистондаги фаолиятини 2004 йил
октябрида бошлаган. Ўтган йил охирида бу ҳаракат етакчиси Баҳодир Чориев
томонидан "Ferghana.ru” сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра,
ҳаракат АҚШ, Норвегия, Швецияда расман рўйхатдан ўтказилган, у,
шунингдек, Туркия, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон ва
Ўзбекистонда фаолият олиб боради.
Ҳаракат Ўзбекистондаги ҳокимиятни нозўравон усуллар билан
ўзгартиришни ўзига мақсад қилган. У бу республикада қонуний мақомга эга
эмас. Ҳаракатнинг биринчи съезди амалда ноқонуний вазиятда, бироқ
Ўзбекистон ҳудудида 2009 йил ноябрида ўтказилди.
Собиқ ўзбек фермери Баҳодир Чориев 2004 йилда Ўзбекистонни тарк этишга
мажбур бўлди ва АҚШга кетиб, у ерда сиёсий бошпана олди. 2009 йил
октябрида у "қонун доирасида сиёсий фаолият олиб бориш” учун ватанига
қайтди, бироқ декабр ойида АҚШга қайтиб кетишга мажбур бўлди.
Манба: «Мусулмон Ўзбекистон»
|