Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
бўйича Халқаро Амнистия ташкилоти қирғизистонлик масъулларни ўзбек
маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровни озод этишга чақирган.
У 13 июн куни Қирғизистон жанубида юз берган зўравонликларга оид далилларни тўплаб юрган пайтда қўлга олинган.
Азимжон Асқаров Бозорқўрғон қишлоғида бир гуруҳ
қуролли шахслар томонидан асосан ўзбекларнинг уйлари ва бошқа биноларга
қарши уюштирилган ҳужумларни фото ва видео тасвирга тушираётган бўлган.
Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра,
хавфсизлик хизматлари қўлларидаги далилларнинг қаердалигини айтиши учун
Азимжон Асқаровни ҳибсхонада тинимсиз калтаклашмоқда.
Уларнинг айтишларича, бу ҳолат давом этса, Азимжон Асқаровнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.
Азимжон Асқаровнинг ҳибсда сақланаётгани
борасида баёнот эълон қилган Халқаро Амнистия ташкилоти унинг йиллар
давомида Жалолобод милицияси ҳибсхонасидаги қонунбузарликларни
ҳужжатлаштириб келган инсон хуқуқлари фаоли эканини эслатади.
Халқаро
Амнистия Азимжон Асқаровнинг Бозорқўрғонда музокара учун яқинлашаётган
қуролланмаган кишиларга қарата ўқ отган ҳужумчиларни видеотасвирга
туширганини хабар қилади.
Бозорқўрғонда вайрон бўлган бинолар орасида Асқаровнинг идораси ҳам борлиги маълум қилинади.
Халқаро Амнистия ташкилотидан Майси Вайшудинг
Қирғиз ҳукуматига мурожаат қилиб, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва бошқа
фуқаролик жамияти вакилларига ўз фаолиятини юритишларига тўсиқ
қўймасликка чақиради.
Халқаро ташкилот Қирғиз расмийларини Азимжон
Асқаров ҳисбда ушлаб турилганида қийноққа солингани борасидаги
айбловларни синчковлик билан текширишга даъват этади.