Би-би-си, Ўш
Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар чоғида ҳужжатлари
йўқолган минглаб фуқаролар кундалик турмушда жиддий муаммоларга дуч
келишмоқда.
Баъзи оилалар хавфсиз
худудларда истиқомат қилаётган қариндошлариникига бориш учун чипта
ололмаса, мактабларни битирган ёшлар олий ўқув юртига кириш учун ҳужжат
топширолмаяпти.
Одамлар паспорт, туғилганлик ва никоҳ ҳақидаги гувоҳномалар сингари муҳим ҳужжатларидан ажралишган.
Қирғизистон
муваққат хукумати ҳужжатсиз қолган фуқароларга ҳужжатларини шошилинч
равишда ва бепул тиклаб бериш ҳақида фармон чиқарган.
Лекин бу қарорни амалга тадбиқ этишда жиддий муаммолар кузатилмоқда.
Биронта ҳам ҳужжати қолмаган оилалар, маҳаллий уй-жой бошқармалари ва паспорт бўлимларига мурожаат этишади.
Узоқ вақт давомида тоқат қилиб кутган одамлар, расмий ходимлар тушунтиришларига диққат билан қулоқ соладилар.
"Уйлари
ёқиб юборилган, ҳужжатлари йўқолган ва пулсиз қолган фуқароларга уй
бошқармасидан шу хусусда акт тузилиши шарт. Шундан сўнг
жабрдийдаларнинг ҳужжатлари шошилинч ҳолда бепул қайта тикланади.
Уларга вақтинчалик ҳужжатлар берилади", - деб тушунтиради расмийлардан
бири.
Амалда эса баъзи фуқаролар йўқолган ҳужжатларнинг шошилинч ва бепул тиклаб берилишига ишонмайдилар.
Балки
худди шу сабабдан жанубий пойтахтнинг батамом вайрон қилинган
маҳаллаларида истиқомат қилаётганлар молиявий зарарни тасдиқлаш ва
ёниб, кул бўлган ҳужжатларини қайта тиклаш ҳақида биронта ҳукумат
идораларига мурожаат этишмаган.
Биз
суҳбатлашган айрим инсонлар, улар хатто ўзларининг
қариндош-уруғларининг ўлдирилишини ҳужжатлаштириш учун ҳуқуқ-тартибот
идораларига мурожаат этишганда, у ердаги зобитларнинг жуда қўпол
муносабати ҳақида айтиб беришди.
Ўш вилояти комендантининг ўринбосари ва шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбари Қурсон Асанов мазкур даволарни тан олади.
"Сиз
айтаётган холатлар бўлиши мумкин. Лекин уларга хафаланиб юраверишнинг
ҳожати йўқ. Масалан, сиз ўша жабр кўрган кишилар билан идорамизга
келсангиз, бу муаммони беш дақиқада ҳал қилиб берамиз. Албатта,
ходимларимизнинг фуқароларга бундай қўпол муомала қилиши - бу йўл кўйиб
бўлмайдиган холат. Биз бундай ходимларга қатъий чоралар кўрамиз", -
деди полковник Асанов.
Ўш яқинидаги қишлоқ яшовчиси Шарипахон Янгибоева эса, оиласининг ҳужжатлари қисман сақланиб қолганига суюнади.
"Худога
шукур, бизнинг шахсий ҳужжатларимиз сақланиб қолган. Фақат талаба
қизимнинг паспортини тўрт парча қилиб йиртиб ташлаган. Лекин ҳокимиятга
борсак, қандай ҳужжатларингиз йўқолишидан қатъий назар, уни бепул қайта
тиклаб берамиз, деган. Қизимнинг талабалик ҳужжатини эса, у ўқиётган
олий ўқув юрти янгилаб берди", - дейди Шарипахон опа.
Мамлакат жанубида этник зўравонликлардан жабр чеккан фуқаролар учун махсус телефон линиясини ташкил этилган.
Ўш
вилоятида 0-555-50-99-44 ва 0-555-51-99-44 рақамларига, Жалолобод
вилоятида эса 0-555-52-99-44 рақамига қўнғироқ қилиб, Халкаро ҳимоя
қилиш марказидан зарур маълумот ёки ёрдам олиш мумкин.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2010/07/100715_cy_osh_lost_documents.shtml