Қирғизистонга ташриф буюрган юқори мартабали америка дипломати қирғиз ҳукумати кўпроқ зўравонликлар юз беришининг олдини олиш учун зудлик билан ҳаракат қилиши кераклигини айтган.
"Биз вазиятни назорат остидан чиқиб кетишига йўл қўйиб берилишининг оқибатлари қанчалик даҳшатли бўлишини кўрдик. Бу бизни шошилинч чоралар кўришга ундаши даркор", деб айтган АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Жеймс Стейнберг.
Бишкекда президент Роза Ўтинбоева билан музокаралардан сўнг гапирган Америка мулозими Қўшма Штатлар Қирғизистон жанубига халқаро полиция кучлари жойлаштирилишини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Аввалроқ президент Ўтинбоева Қирғизистон жанубида янгидан тўқнашувлар юз бериши мумкинлигини айтган эди.
АҚШ дипломатига кўра, Қирғизистон жанубидаги вазият беқарорлигича қолмоқда.
"Вазият омонат ва қирғиз ҳукумати халқаро ҳамкорлар, жумладан, Қўшма Штатлар ёрдамида вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлади, деб умид қилаяпмиз", деб айтган АҚШ Давлат котибининг ўринбосари.
"Шунинг учун ҳам биз ОХҲТ полиция кучларининг иштирокини қатъий қўллаб-қувватламоқдамиз", -деган жаноб Стейнберг.
Жума куни Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоева ОХҲТ билан халқаро полиция кучларини жойлаштириш юзасидан кечаётган музокаралар ниҳоий босқичда эканини маълум қилган эди.
"ОХҲТ полицияси Ўш шаҳрида машғулотлар ўтказади, хавфсизлик кучларига маслаҳатлар беради ва мониторинг олиб боради," деб айтган Роза Ўтинбоева.
Бундан мақсад - аҳоли орасида қирғиз хавфсизлик кучларига қайта ишонч уйғотишдир.
Қирғизистон президентининг қўшимча қилишича, ОХҲТ полициячилари қуролсиз бўлишади.
Аммо уларнинг маҳаллий ҳамкасблари билан бирга кўчаларда қўриқчилик қилиши кутилмоқда.
Халқаро полиция кучларининг куз ойларига режаланган парламент сайловлари ўтиб олгунича, Қирғизистонда қолиши маълум қилинган.
ОХҲТ полиция кучларини Қирғизистон жанубига юбориш ҳақидаги қарор ташкилотнинг Қозоғистонда ўтган саммитида қабул қилинган.
Халқаро тергов
АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Ўш ва Жалолободда юзлаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлган этник зўравонликлар юзасидан халқаро тергов ўтказиш ҳақидаги талабини яна бир бор такрорлаган.
Унга кўра, миллий текширув билан бирга, халқаро текширувнинг ҳам ўтказилиши муҳим.
Ўтган ҳафта қирғиз ҳукумати ҳодисалар юзасидан ўз текширувини бошлаётганини маълум қилган эди.
"Миллий комиссия" деб аталаётган гуруҳ Ўш ва Жалолободдаги ҳодисаларнинг сабаб ва оқибатларини ўрганади ҳамда "тегишли тавсиялар"ни ишлаб чиқади.
Аммо халқаро ташкилотлар ва ғарб давлатлари ҳодисалар юзасидан ҳар томонлама, мустақил халқаро текширув олиб борилишини талаб қилмоқда.
Аввалроқ Қирғизистонда бўлган Франция ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси Франсуа Зимерай Ўш ва Жалолободда содир этилган хунрезликларни "инсониятга қарши жиноят" деб тасвирлаган ва шундай деб тан олиниши кераклигини айтган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти эса, ҳодисаларни ўрганувчи ҳар қандай комиссиянинг мандати ҳукуматнинг зўравонликлардаги эҳтимолий ролини текшириш ваколатини ўз ичига олиши кераклигини таъкидлаган.
Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар 10 июн куни бошланган ҳодисалар чоғида қирғиз ҳукумат аскарлари қуролли оломон томонида ўзларини ўққа тутгани, ҳарбий кийимдагиларнинг қизларни зўрлаш, уйларга ўт қўйиш ва талончиликларда иштирок этганини айтишган.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2010/07/100718_cy_us_police_force.shtml