![](http://himoyachi.at.ua/_nw/14/42888962.jpg)
Туркманистон Ўзбекистон билан чегара яқинида янги кўприк қурмоқда. Янги кўприк Марказий Осиё давлатларини Форс Кўрфазига элтувчи муҳим транзит нуқтасига айланиши мумкин.
Шу сабабдан ҳам, узунлиги қарийб бир ярим чақирим бўлган кўприкнинг ишга тушиши минтақадаги йўловчи ва транспорт қатнови билан боғлиқ барча мавжуд муаммоларни ҳал этиши айтилмоқда.
Ушбу кўприкни қуриш ғояси ҳали марҳум президент Сапармурот Ниёзов тириклиги даврида шахсан унинг ўзи томонидан ўртага ташланган.
17 та устунга таяниб турувчи янги кўприк қурилиши бундан икки йил муқаддам бошланган. Ва ҳозир деярли битай деб қолган.
Лойиҳанинг қиймати очиқланмаган. Аммо лойиҳа Туркманистоннинг якка ўзи томонидан молияланмоқда ва қурилиш ишлари ҳам фақат маҳаллий ширкатлар томонидан олиб борилмоқда.
Амударёнинг икки соҳилини туташтирувчи янги кўприк транзит юкларига мўлжаллангани боис бутун Марказий Осиё давлатлари ундан бирдек фойдаланишлари мумкин бўлади.
Янги кўприк воситасида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва ҳатто, Хитойдан келувчи юклар ҳам Туркманистонда тўхтамай, тўғри Каспий денгизи ва уёғи Форс Кўрфазигача бора олади. Яъни кўприк янги транзит йўли ҳисобланади.
Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Туркманистон жуғрофий жиҳатдан шимол билан жануб, ғарб билан шарқни боғловчи муҳим транзит нуқтасида жойлашгани боис бундан унумли фойдаланмоқчи ва яқин келажакда улкан транзит марказига айланмоқчи.
Улар бунга мисол қилиб, Туркманистон ғарбида турли хил йўналишларда қурилаётган янги темир йўлларни ҳам келтиришади.
Бу эса, Туркманистон учун нафақат сиёсий обрў, балки транзит ҳақлари эвазига молиявий даромад манбаи ҳам деганидир.
Бошқа томондан, Туркманистоннинг кўприкнинг иккинчи учи бориб туташувчи шарқий минтақаларида кўплаб янги газ конлари очилмоқда.
Шу боис, у ерда янги иншоотлар, корхоналар қуриш режалари ҳам бор. Янги кўприк бу борада ҳам Туркманистонга жуда катта қулайликлар яратади.
Бу - Амударёнинг Ўзбекистон ва Туркманистон соҳилларини туташтирувчи учинчи кўприкдир.
Ўтган йили Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегара яқинида қуриб битказилган яна бир кўприк эса, асосан поездлар қатнови учун мўлжалланган.
Икки давлат орасида шу пайтгача фаолиятда бўлиб келган энг йирик кўприк ўтган асрнинг бошларида, Чор Россияси замонида қурилган.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2010/08/100806_tyrkmen_uzbek_bridge.shtml