![](http://wscdn.bbc.co.uk/worldservice/assets/images/2010/08/13/100813115638_comitee_protect_journalists_226x170_nocredit.jpg)
Халқаро қўмита айбловларни сохта деб атаб, икки ўзбек фаолидан уларни олиб ташлашни талаб қилган
Халқаро Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси қирғизистонлик ўзбек журналисти ва инсон ҳақлари фаоллари Азимжон Асқаров ва Улуғбек Абдусаломовга қўйилган айбловларни олиб ташлашга чақирди.
Ўзбек тилида нашр этилган "Дийдор" рўзномасининг Бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов ва "Воздух" маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари ва "Эркинлик овози" ижодкори Азимжон Асқаровга қўйилган экстремизмга алоқадор сохта айбловлар зудлик билан олиб ташланиши лозим, дейилади Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти эълон қилган баёнотда.
Юрагининг аҳволи сабаб Жалолободдаги шифохонада даволанаётган Абдусаломовга 10 август, сешанба куни, Асқаровга эса 12 август, пайшанба куни расман айблов эълон қилинди, агар маҳкамага тортилсалар, уларнинг иккиси ҳам узоқ йиллик қамоқ жазолари билан юзма-юз келиши мумкин.
"Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳамда матбуот эркинлиги гуруҳлари Қирғиз расмийларини Абдусаломов ва Асқаровни озод қилишга чақирганлар, улар Қирғизистон жанубидаги гуманитар инқироз ва инсон ҳақлари поймол этилиши ҳақида хабар тарқатгани учун ҳибсда ушлаб турилгани таъкидланган", дейди халқаро қўмита.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бу ҳибсларни ўзларининг зўравонлик ҳақида ахборот тарқатиш вазифасини бажарган журналист ва инсон ҳақлари фаолининг амалларига жавоб дейди.
Журналистлар қўмитаси Улуғбек Абдусаломовга Қирғиз расмийлари қўйган айблов билан ҳодиса ўртасидаги номутаносибликка эътибор қаратади.
Улуғбек Абдусаломовни Жалолободдаги 12-15 май кунлари этник ўзбеклар ўтказган норозилик намойишларига алоқадорлик билан ушлашган. Ушбу норозилик чиқишлари пайтида Абдусаломов пойтахт Бишкекда, ҳукуматнинг конституциявий кенгаши уюштирган Қирғизистоннинг янги конституцияси муҳокамаларида иштирок этган, дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси.
Улуғбек Абусаломовнинг рўзномаси Қирғизистондаги ўзбек этник озчилиги рўпара келаётган масалалар, хусусан, ўзбекларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётда юзма-юз келаётган муаммоларини ёритганини эслатади халқаро қўмита.
Қирғизистон бош прокуратураси Азимжон Асқаровни намойишчиларни зўравонликка гижгижлашда айблаган, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига кўра, Азимжон Асқаровни Бозорқўрғондаги инсон ҳақлари поймол этилаётганини полиция тўхтатишни уддасидан чиқмаганини ҳужжатлаштиргани учун ҳибсга олганлар.
Асқаровнинг ҳибсда сақланган пайтда калтаклангани, бу ҳақда хабар тарқатган унинг адвокати Асқаров билан учрашувга борганда ҳужумга учрагани, аммо бунга қарамасдан Қирғиз расмийлари чора кўрмаганларига эътибор қаратади журналистлар ташкилоти.
Қирғизистон бош прокуратураси Азимжон Асқаров танасидаги жароҳатлар унинг Бозорқўрғон милицияси муваққат ҳибсхонасидаги "камерадоши"нинг ургани оқибати, деган хулоса берган.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2010/08/100813_cy_cpj_uzbek_journalists.shtml