![](http://wscdn.bbc.co.uk/worldservice/assets/images/2010/06/23/100623180653_azimjonasqarov_226x283_nocredit.jpg)
Азимжон Асқаровни ўнга яқин жиноий бандда айблашмоқда
Қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровга қарши қўзғатилган жиноий иш ниҳоясига етказилган.
Қирғиз прокурорлари уни миллий низо қўзғаш ва қотилликда иштирок этишда айблаганлар.
Қирғизистон маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг Бош прокуратурага таяниб хабар қилишича, инсон ҳуқуқлари фаолига Қирғизистон жиноий кодексининг ўнга яқин банди бўйича айблар қўйилган.
Қарийб икки ойлик тергов Азимжон Асқаровнинг қурол-яроғ ва экстремистик материаллар сақлаганини, миллий, ирқий адоват қўзғаганини, одамларни оммавий тартибсизликка чақирганини, қотилликда, инсонни гаровга олишда иштирок этганини аниқлаганини маълум қилган Қирғизистон Бош покуратураси.
Бир кун илгари инсон ҳақлари фаоллари Қирғизистон Бош прокуратурасидан жавоб хати олишганди.
Бу мактубда Азимжон Асқаровнинг ўзбек миллатига мансуб оломонни Бишкек-Ўш йўлини тўсиб олишга даъват этгани, ҳодиса жойига келган милиция ходимларига бўйсунмасликка чақиргани, шунинг оқибатида оломон милиция ходимларига ҳужум қилиб, бир милиционерни ўлдириб, бир нечасини яралагани ҳақида ёзилган эди.
Прокуратура Азимжон Асқаровнинг Бозорқўрғондаги милиция идорасида сақланган пайтда қийноққа тутилгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланмади, дейди.
Қирғизистон Бош прокуратураси Азимжон Асқаровнинг танасидаги жароҳатларни "камерадоши"нинг ургани оқибати деб атаган.
Азимжон Асқаров 13 июн куни Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида ўзбекларга тегишли бинолар, мулкларнинг йўқ қилингани, қуролсиз аҳолига ўт очилгани ҳодисаларини аудио, фото ва видеога ҳужжатлаштириб юрган пайтида ҳибсга олинган эди.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аллақачон Қирғиз прокурорлари, милицияси ходимларининг июн ойидаги қонли ҳодисаларда ўзбек миллатига мансуб инсонларни асосий айбдорга айлантириш мақсадидаги амалларидан бонг уришган, бундай ҳаракатлар қораланди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Азимжон Асқаровни Қирғизистон жанубидаги қонли ҳодисаларнинг асосий ўзбек ташкилотчиларидан бири сифатида "томоша-маҳкама" тайёрланаётгани ҳақида маълум қилишган.
"Фергана.ру" ахборот агентлиги ўзининг кўп йиллик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти давомида Азимжон Асқаров Бозорқўрғон туманидаги милиция кийимидаги қонунбузарлар фаолиятини фош қилиб келгани, унинг ҳибсда сақланиши ва тергов этилишида ундан ўч олишни истаган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам рол ўйнаши мумкинлиги ҳақида хабар қилган.
Қонли ҳодисалар бошланганининг икки ойлиги муносабати билан 12 куни Қирғизистоннинг муваққат президенти Роза Ўтинбоева Бозорқўрғон туманига борган.
У янги қурилаётган уйга пойдевор қўйиш маросимида иштирок этган.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2010/08/100812_cy_new_charges_azimjon_asqarov.shtml