Ўш қирғинида ҳуқуқ ҳимоячиси ва 213 ўзбек айбланмоқда ![Ўш қирғинида Азимжон Асқаров билан бирга 213 нафар ўзбек ҳам айбланмоқда](http://gdb.rferl.org/441D467F-1715-4C51-AF70-16256D4BF140_w527_s.jpg) Ўш қирғинида Азимжон Асқаров билан бирга 213 нафар ўзбек ҳам айбланмоқда 13.08.2010 Элмурод 13
июн куни Жалолободнинг Бозорқўрғон туманида рўй берган
тартибсизликлардан сўнг ҳибсга олинган ва қотилликларда айбланаётган
ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров устидан олиб борилган тергов жараёни
ниҳоясига етди. Ўш қирғинига алоқдорликда айбланиб 213 нафар ўзбек ва 29
қирғиз қамоққа олинган. Қирғизистон
Бош прокуратураси расмийси Сумар Насизанинг айтишича, Азимжон Асқаров
қамоққа олингач, дунёдаги юзлаб халқаро ташқилотлар уни қамоқдан бўшатиш
талаби билан ҳукумат расмийларига мурожаат қилганлар.
- Азимжон
Асқаров қўлга олинганидан кейин ҳукумат тузилмаларига 400 дан ортиқ
мурожаатлар келди. Бу мурожаатларни халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ
ҳимоячилари жўнатган. Азимжон Асқаров масаласида жуда кўплаб мурожаатлар
келгани боис, биз бу борада президент Роза Ўтунбаевага ҳам махсус
ахборот жўнатишга мажбур бўлдик,- деди Сумар Насиза.
Бош
прокуратура расмийси дунёдаги юзлаб халқаро ташкилотларнинг мурожаатлари
Азимжон Асқаровни ўта оғир жиноятларда айбланишига тўсқинлик қила
олмади, дея давом этадин.
- У жиноят кодексининг бир қатор
моддалари бўйича айбланмоқда. Азимжон Асқаровга Қирғизистон Жиноят
кодексининг 28, 30 моддалари (гаровга олиш ҳаракатларида иштирок этишга
уриниш), 241 модда (ўқ-дориларни ноқонуний йўллар билан сотиб олиш ва
сақлаш), 299 модданинг 2 банди (эстремистик руҳдаги адабиётни сақлаш),
299 модда (этник, диний ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга уриниш),
233 модда (оммавий тартибсизликларда қатнашиш), 30 модданинг 340 банди (
милиция ходимини ўлдиришда иштирок этиш) ҳамда 30 модданинг 97 банди
(қасддан одам ўлдиришда иштирок этиш) бўйича айбловлар қўйилган, -деди
Сумар Насиза.
Айни пайтда бир қатор нуфузли инсон ҳуқуқлари
ташкилотлари Қирғизистон ҳукуматини Азимжон Асқаровни зудлик билан озод
этишга чақирмоқдалар. Уларнинг фикрича, ҳуқуқ фаолига нисбатан
қўйилаётган айбловларнинг барчаси соxталаштирилган ва журналист ўз
профессионал фаолияти учунгина қирғиз расмийлари томонидан таъқиб
этилмоқда.
Бу борада Озодлик радиосига интервью берган Халқаро
Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Mарказий Oсиё бўйича тадқиқотчиси
Мэйси Вейшердинг, жумладан буларни айтган эди:
- Азимжон Асқаров
жуда фаол инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган. У, айниқса,
қамоқхоналардаги қийноқлар ва милиция ходимларининг таҳқиромуз
ҳатти-ҳаракатларини йиллар давомида кузатиб келган. Июн ойида
Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар пайти у ўзи яшаётган
Бозорқўрғондаги ҳуқуқбузарликларни ҳужжатлаштиришга киришади ва қуролсиз
кишиларга қарата ўқ отган ҳужумчиларни видеотасвирга тушираётган маҳал
ҳибсга олинади. Ҳибсда у ваҳшийларча калтакланган ва қийноққа тутилган.
Гарчи расмийлар буни инкор этишаётган бўлсалар-да, биз Асқаровнинг ҳаёти
хавф остида, деб ҳисоблаймиз ҳамда қирғиз ҳукуматидан уни дарҳол озод
этишни сўраймиз,- деган эди Мэйси Вейшердинг.
Айни пайтда
қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилотининг
13 июн куни тарқатган баёноти "Азимжон Асқаров ва жалолободлик
журналист Улуғбек Абдусаломовларга нисбатан очилган жиноят ишлари
соҳталаштирилган, деб ҳисоблаймиз”, деган сўзлар билан бошланади. Мазкур
ташкилот фикрича, "Азимжон Асқаров ва Улуғбек Абдусаломов Қирғизистон
жанубида инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ҳамда гуманитар инқироз ҳақидаги
ҳисоботлари учун таъқиб қилинмоқда”.
Айтиб ўтиш жоизки,
Қирғизистон жанубидаги қирғин ташкилотчилари сифатида нафақат ўзбек
лидерлари, ўзбек журналистлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари, балки оддий
ўзбеклар ҳам оммавий тарзда айбланмоқда. Расмий маълумотларга таянган
ҳолда, Қирғизистон ҳукумати хунрезликларни зўр бериб ўзбеклар зиммасига
юклашга ҳаракат қилмоқда, деган хулосага келиш мумкин.
Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Сумар Насизанинг мана бу сўзлари ҳам бу фикрни далиллаётгандай кўринади:
-
Тартибсизликларда айбланиб 262 одам қўлга олинди. Улардан 243 нафари
ҳибс қилинди. Улардан 29 нафари қирғиз миллатига, қолган 213 нафари
ўзбек миллатига, 1 нафари эса бошқа миллатга мансуб шахслардир, -деди
Сумар Насиза.
http://www.ozodlik.org/content/article/2126998.html
|